Тоғли Бадахшонда яна зилзила рўй берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anora sarkorova BBC
Image caption Тоғли Бадахшон

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида яна зилзила рўй берган.

Бу гал ер қимирлаш Рихтер шкаласи бўйича 4 балл бўлгани айтилмоқда.

7 декабр куни рўй берган зилзила оқибатида минтақада жиддий вайронагарчиликлар рўй берган ва ҳамон қутқарув амалиётлари давом этмоқда.

Тожикистонлик қутқарувчилар бу тоғли минтақада вайрон бўлган йўлларни тиклашга ҳаракат қилишмоқда.

Тош кўчиши туфайли минтақа маркази Бартанг водийсидан узилиб қолгани хабар қилинган.

Зилзиладан жабр кўрган, йўллар вайрон бўлгани учун қамалда қолган қишлоқларга вертолётларда озиқ-овқат ёрдамини етказиш амаллари ҳам тўхтатилган.

Бунга об-ҳавонинг ёмон келиши сабаб бўлгани айтилмоқда.

Ҳозирда тоғли қишлоқларга озиқ-овқат эшакларда етказилмоқда.

Бартанг водийсида бошпанасиз қолган минглаб тоғликлар мактаблар, палаткалар ва тиббий марказларга жойлаштирилган.

Нисур қишлоғидан 60 ортиқ оила қўшни минтақаларга кўчирилган.

Об-ҳаво туғдираётган ноқулайликлар ва ер силкинишлари тез- тез рўй бериб тургани вайронагарчиликлар кўламини кенгайтирмоқда.

Бартанг водийсида ҳозирги кунлар ҳаво ҳарорати минус 15-18 даражага қадар совуб кетади ва бу бошпанасиз қолганлар тақдиридан хавотирлар уйғотмоқда.

Мобил алоқа ҳали тикланмаган ва электр энергиясига чекловлар сақланиб қолган.

"Учоқ ва вертолётларда ёрдам беришга тайёрмиз, аммо қалин булутлар парвозларга тўсқинлик қилмоқда. Минтақада ҳукуматнинг бир неча ишчи гуруҳлари фаолият олиб бормоқда. Ҳозир йўлларни тошлардан тозалашмоқда. Ёрдам эса фақат ҳайвонлар ёрдамида ташилмоқда”, деб айтган Би-би-си билан суҳбатда Тоғли Бадахшон мухтор вилояти мулозими Нилуфар Асламшоева.

Сўнгги хабарларга кўра, 7 декабрда рўй берган кучли зилзилада камида икки киши қурбон бўлган, ўндан ортиқ инсон яраланган.

Гудар, Нисор, Баржид, Баси два Рухчи қишлоқларида юзлаб турар жойлар вайрон бўлган.

Сарез кўлидан хавотирлар

Image caption "Уйқудаги аждарҳо"

Тоғли Бадахшонда кетма-кет ер силкинишлари рўй бераётгани Сарез кўли борасида хавотирларнинг яна жонланишига сабаб бўлган.

Айрим мутахассисларга кўра, айнан кучли зилзилалар сабаб, Сарез кўли ўз ўзанидан чиқиб кетиши ва Аму Дарё ҳавзасида жойлашган Тожикистон, Афғонистон, Ўзбекистон ҳамда Туркманистонда беш миллиондан ортиқ одамнинг ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин.

Сарез кўли 1911 йилда рўй берган зилзила оқибати пайдо бўлган.

Ҳозирда Сарез кўлига сўнгги ер силкинишларининг таъсирини ўрганиш учун ҳукумат махсус гуруҳ тузган.

Олимлар Сарез кўлини уйқудаги аждарҳога тенглаштирадилар.

Сарезга қадар автомобил йўли йўқ, у ерда бориш учун 18 чақирим пиёда юриш керак бўлади.

Сарез атрофида ўнлаб қишлоқлар жойлашган.

Айрим олимларга кўра, сўнгги юз йил ичида бу минтақада бир неча йирик ер силкинишлари рўй берган,аммо Сарез кўлининг ўзанларида жиддий ўзгаришлар бўлмаган.

Аммо баъзи мутахассислар Сарездаги ҳақиқий аҳвол охирги йилларда тубдан ўрганилмагани, бунга халқаро миқёсда ёндашув кераклигини айтишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ