Тожик фаоллари босимлардан БМТга арз қилишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи internet
Image caption Муҳиддин Кабирий

Тожикистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоллари, журналистлар ва мухолифат намоёндалари БМТ Бош котибига мурожаат билан чиқишган.

Айни мурожаат Бош котиб Пан Ки Мун эътиборини мамлакатдаги Ислом Уйғониш партияси раҳбарлари, фаоллари ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан ҳукумат томонидан «чидаб бўлмас» тазйиқларга қаратади.

Хабарларга кўра, ҳозир тақиқланган Ислом Уйғониш партиясининг юзлаб аъзолари қамоққа ташланган.

Шу ҳафта партия лидери Муҳиддин Кабирийнинг 95 ёшдаги отаси дохил бир неча қариндошлари ҳибсга олиб, хавфсизлик хизмати томонидан сўроққа тутилганди.

Гарчанд, сўроқ қилиниб кейин озод этилган бўлса ҳам, Муҳиддин Кабирийнинг қариндошлари айни масалада матбуот билан суҳбатлашишдан бош тортишмоқда.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Ислом Уйғониш партияси аъзоларини биринчи марта сўроққа тутаётгани йўқ.

Хабарларга кўра, ҳар бир сўроқдан кейин улардан бу ҳақда ҳеч кимга гапирмасликка доир тилхат олинмоқда.

БМТ Бош котибига бу каби тазйиқларни тўхтатиш талаби билан битилган мактубга Тожикистон конструктив кучлар конгресси раҳбарлари Додожон Атовуллоев, «Россия тожиклари» Россия жамоатчилик ташкилоти раиси Собир Валиев, машҳур инсон ҳуқуқлари фаоли Файзинисо Воҳидова, олим Меҳмоншоҳ Шарифзода ва мухолифатдаги журналист Сайидюнус Истаравшанийлар имзо қўйишган.

Муҳиддин Кабирий ўз қариндошларига босимларни изоҳлар экан, Тожикистон ҳукумати уни энди шу йўлда «жазолаётгани»ни айтган.

«Жиноят» ўлароқ, Кабирий Фридом Ҳоуз ташкилоти томонидан АҚШдаги халқаро анжуманга таклиф қилинганини атаган.

Тожикистон ҳукумати мухолифатга тоқатсиз

Фото муаллифлик ҳуқуқи newsgid.net
Image caption Генерал Назарзода

Сентябр ойи охирларида Тожикистон Олий маҳкамаси Бош прокуратуранинг Ислом Уйғониш партияси фаолиятини тақиқлаш ва уни террорчи гуруҳ сифатида қайд этиш сўровини қондирган эди.

Маҳкама қарорига биноан партиянинг расмий вебсаҳифаси, "Нажот" газетаси ҳамда айни партияга тегишли бўлган учта журнални чиқариш ҳам тўхтатилади.

Шунингдек, маҳкама Тожикистон ҳудудида Ислом Уйғониш партиясининг аудио ва видео маҳсулотлари, китоблари ва варақаларини тарқатишни ҳам тақиқланган.

Бунга қўшимча, Тожикистон Ислом Уйғониш партиясига алоқадор ҳар қандай материалларни мамлакатга олиб кириш ҳам ман қилинган.

4 сентябр куни Душанбе ва Ваҳдат шаҳарларидаги милиция постларига қарши қуролли ҳужумлар уюштирилган ва бунда Генерал Абдуҳалим Назарзода бошчилигидаги гуруҳ айбланганди.

Тожикистон ҳукуматига кўра, Ислом Уйғониш партияси ва раҳбарлари айни исённи дастаклашган.

Муҳиддин Кабирий ва бошқа мухолифат фаоллари бу каби айбловларни қатъий рад этиб келишади.

Бир неча кунлик ҳарбий амалиётлар натижасида Ромит дарасида яширингани айтилган Абдуҳалим Назарзода ва унинг тарафдорлари йўқ қилингани хабар қилинди.

Марказий Осиёдаги ягона Исломий партия

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Изоҳсиз

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси Марказий Осиёда расман фаолият юритган ягона Исломий партия эди.

1991 йилги президентлик сайловларидан аввал расман қайддан ўтказилган партия Тожикистон сиёсий саҳнасида ҳам муҳим ўрин тутиб келаётганди.

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси дастлаб мамлакатда ҳамма ноисломий амаллар тақиқланиши, чўчқа гўшти истеъмоли ва алкогол ичимликлар савдосини тўхтатиш, кўпроқ масжидлар очиб, дам олиш кунини якшанбадан жумага ўтказиш каби талабларни илгари сурганди.

1992 йили мухолифат ва Тожикистон ҳукумати ўртасида Миллий Ярашув Битимига эришилган бўлса ҳам бу битим самарасиз бермай, фуқаролар уруши келиб чиқишига олиб келганди.

Аммо беш йиллик урушдан кейин 1997 йили Москвада икки томон ўртасида ярашув битими имзоланди.

Ушбу битимга мувофиқ, Тожикистон ҳукуматида мухолифатга 30% ўрин берилганди.

Жорий йил мартида бўлиб ўтган парламент сайловларида эса, ТИУП ўрин олишга муваффақ бўлмади.

Ғарблик ва мухолифат кузатувчилари сайловни демократия андазаларига мос ўтмаган, деб айтишганди.

Партия раҳбари Муҳиддин Кабирий сайловлардан сўнг мамлакатни тарк этган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ