Толиблар Ҳелмандни тўла олишга уринмоқда

Image caption Ҳелманднинг Сангин тумани

Афғонистоннинг Ҳелманд вилоятидаги полиция қароргоҳи Толиблар қуршовида қолган.

Полиция кучлари қурол-яроқлар тугаб бораётганини айтишган.

Сангин тумани полиция идораси бошлиғи Муҳаммад Довуднинг айтишича, унинг кучлари қуршаб олинган ва зудлик билан ёрдам келмаса, “тириклайин қўлга олинишлари” мумкин.

Ҳелманд вилояти сўнгги пайтлар қақшатқич жангларга саҳна бўлган, аллақачон минтақанинг аксар қисми Толиблар назорати остига ўтган.

Мулозимларга кўра, агар зудлик билан ҳарбий ёрдам берилмаса, бутун бир вилоят Толиблар томонидан эгалланиши мумкин.

Рейтерс ахборот агентлигига кўра, Парван вилоятидаги Баграм ҳаво базаси яқинида худкуш ҳужумчи Америка ва Афғон кучларининг қўшма карвони яқинида ўзини портлатиб юборган.

Натижада иттифоқчи кучларнинг олти нафар аскари қурбон бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Афғон ҳукумати қўшинлари Ҳелмандда, 2015 йил, октябр

Ҳелманд вилояти Толиблар қароргоҳларидан бири, бу ерда улар учун молия манбаи саналган кўкнори экилади.

Британия кучлари минтақада 13 йил қолишган ва 450 дан ортиқ ҳарбийларини қурбон берган эди.

Сангин туманининг ўзида 100 дан ортиқ британиялик ҳарбий қурбон бўлгани айтилади.

Буюк Британия Афғонистондаги жанговар амалиётларини ўтган йил октябр ойида тўхтатган эди.

Маҳаллий полиция қўмондони Би-би-си билан суҳбатда икки кундан бери туз тотишмагани, агар келаси соатларда ёрдам келмаса, жангчилари Толиблар томонидан тириклайин қўлга олинишлари эҳтимоли ҳақида айтган.

Мухбирларимизга кўра, Ҳелманд вилоятидаги вазият танглигича қолаётир.

Сангин тумани ёрдамсиз соатлар ичида Толибларга таслим бўлиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ