Тожикистон: "қул" ва "хон"сиз исмлар рўйхати тайёр

Тожикистонда арабча ёки туркий деб кўрилган ёхуд қуш ва йиртқич ҳайвонлар аталадиган номлардан тозаланган исмлар рўйхати тайёр бўлган.

Бу ҳақда Тожикистон ҳукумати қошидаги Тил ва атамашунослик қўмитаси хабар қилган.

Қўмитага кўра, бундан кейин тожикистонликлар ўз фарзандларига қўйиши тавсия этиладиган 4000 та исмдан иборат рўйхат ҳукуматга тақдим этилган, ҳукумат тасдиқлаганидан кейин ЗАГС бўлимларига тарқатилади.

Янги номлар рўйхатининг 2016 йил бошида матбуотда эълон қилиниши ҳам кутилмоқда.

Тожикистон Тил ва атамашунослик қўмитасидан айтишларича, 4000 талик рўйхатга Тожик адабиёти мумтоз вакиллари ўз асарларида фойдаланган Араб исмлари ҳам киритилган.

Янги тартиб-қоида бошқа миллат вакилларига ўз фарзандларига хоҳлаган исмини бериши мумкинлигини кўзда тутган, демоқдалар расмийлар.

Расмийларга кўра, "қул" ёки "хон" қўшимчали исмлар туркий исмлардир.

Тожикистон Адлия вазирлиги фарзандларга миллий маданиятга бегона, шунингдек нарсалар, маӽсулот, ӽайвон ва қушлар номлари қӯймасликни таклиф қилган.

Шунингдек, «мулла», «халифа», «тӯра», «хӯжа», шайх», «амир», «сӯфи», «охун» каби номларни қӯйиш ё исмларга бу қӯшимчаларни қӯшиш инсонларнинг шон-шарафини пастга уриши, одамлар орасида айирмачиликни келтириб чиқариши мумкинлиги айтилган.

Аксар тожикистонликлар Тожикистон парламентининг исмларни миллий маданиятга мослаштириш ташаббусига "парламентнинг қиладиган бошқа иши йўқми" деган савол билан муносабат билдиришганди.

«Фарзандингизни Имомали деб номлайсизми, Маҳмадсаидми ва ёки Тешавойми бу миллатнинг тараққиёти учун фарқи йўқ. Бу фарзанд миллатнинг ҳақиқий ўғли ёки қизи бўлиб етишиши учун, ҳукуматдагилар, парламентдагилар шунга яраша иш қилиши, ўрнак бўлиши керак. Қаерга борманг порахўрликка дуч келсангиз, электр энергиясини кеч соат тўққиздан ўчириб қўйсангиз, мактаблар иситилмаса, касалхоналарга кириб бўлмаса, миллионлаб ота-оналар иш тополмай Россияда юрса… келажак авлоддан нима кутасиз? Номини амал-тақал қилиб тожикча қўйдирсангиз, олам гулистон бўлмайди», деб айтган тожикистонлик кекса ўқитувчилардан бири.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон 2011 йили ҳам айни масалани кўтарган эди.

Ўз чиқишларидан бирида, Тожикистон раҳбари ота-оналарга минг йиллик тарихга эга қадим "Шоҳнома" каби асарлардан фарзандларига исм излашлари маъқулроқ эканини маслаҳат берган.

Президент Раҳмон бундан аввал мамлакат зиёлиларини тарихий жой ва ёдгорликларнинг ҳам имкон қадар форсча ва қадим номларини қайта тиклашга чақирган.

Тожикистондаги бир неча жой ва туманлар номи унинг кўрсатмаси билан "тожикчалаштирилган".

25 декабр куни ўзининг Миллат Раҳнамоси расмий мақоми ҳақидаги қонунни имзолаб кучга киритган Президент Имомали Раҳмон ўз исмидаги «ов» қўшимчасидан ҳам воз кечган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ