Ўзбекистон-Тожикистон: мунтазам мулоқот муҳим

Фото муаллифлик ҳуқуқи Tajik President Press Office

Ўзбекистон ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирликлари Душанбе шаҳридаги икки мамлакат расмийлари иштирокидаги учрашувлар якуни бўйича баёнот эълон қилганлар.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳайъати тожикистонлик ҳамкасблари билан Душанбе шаҳрида 24- ва 25-декабр кунлари учрашувлар ўтказганлар.

Ушбу мулоқотлар якунида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг ҳамда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайтларида томонлар ўзаро келишган баёнот матнлари эълон қилинган.

Қўшма баёнотда икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида мунтазам маслаҳатлашувларни ўтказиб туриш муҳим экани урғуланган.

Душанбеда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг бугунги аҳволи муҳокама этилгани хабар қилинган.

Шунингдек, муҳим минтақавий ва халқаро масалалар ҳақида томонлар фикр алмашганлар.

Табиийки, икки қўшни мамлакат жанубий сарҳадлари - Афғонистонда юзага келган сўнгги вазиятга асосий эътибор қаратилган.

Транспорт-коммуникация тизимлари, саноат ва савдоси Шўролар даврида бир-бирига чамбарчас боғланиб кетган Ўзбекистон ва Тожикистоннинг айни соҳаларги алоқалари мустақиллик йилларида деярли барбод бўлган эди.

Аввалига Тожикистондаги фуқаролар урушидан хавотирда бўлган Ўзбекистон транспорт алоқаларини, хусусан, Душанбе-Тошкент йўналишидаги учоқлар парвозини бекор қилди.

Кейинроқ Тожикистон оша Фарғона водийсига тушган йўлдан фойдаланиш тўхтади.

Икки мамлакат ўртасида виза тизими жорий қилинар экан, Ўзбекистон чегара минтақаларини миналаштириб чиқди.

Ҳозирга қадар бу миналарга учраб қурбон бўлган тожикистонликларнинг сони 100 дан ортиб кетгани айтилади.

Қурбонларнинг ҳеч бири Ўзбекистон томони чўчиган экстремистлар эмас.

Хавфсизликми, сиёсатми ва ё иқтисод?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Икки мамлакат ўртасидаги қарийб душманона муносабатлар сўнгги вақтлар бир қадар ислоҳ бўлган кўринади.

Кузатувчиларга кўра, бу каби душманона муносабатларнинг дўстона даражага чиқиши осон эмас.

Муносабатларда ўзаро қарама-қаршиликларнинг тиниши давр тақазосидир.

Қўшни Афғонистонда ИШИД аталмиш гуруҳнинг фаоллашгани Душанбе ва Тошкентни бирдай ҳушёр торттирди.

Иккала мамлакатдан ҳам ИШИД сафига қўшилганлар ва қўшилаётганлар сони айрим кузатувчиларга кўра, бир неча юздан уч мингга қадар сонга етиб қолган.

Тожикистон ва Ўзбекистондаги оғир иқтисодий вазият, кенг қулоч ёйган порахўрлик, диний анъаналар, айниқса диний либосларга қарши кампания, Жума ибодатларига қатнашадиганларни назорат қилиш ҳаракатлари алал-оқибат ИШИД ҳамда бошқа эктремист гуруҳлар учун айни муддао бўлмоқда, дейишади журналистлар.

Собиқда Душанбе ва Тошкент бир-бирларининг душманларига бошпана беришгани ҳам сир эмас.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг жангарилари 1997 йилги Тинчлик битимидан кейин Тожикистоннинг тоғли минтақаларида муваққат бошпана топишган эди.

Бундан ғазабга тушган Тошкент Тожикистоннинг Душанбе билан аразлашган қўмондони Маҳмуд Худойбердиевга дастак берганди.

1998 йил полковнинг Маҳмуд Худойбердиевнинг Тожикистон шимолига ўз аскарлари билан муваффақиятсиз бостириб кириши ва Тошкентда ишлаган Ғарб дипломатига кўра, унинг кейинроқ Ўзбекистондан бошпана топиши қўшни мамлакатлар раҳбарлари ўртасига жиддий раҳна солган эди.

Роғун бошоғриғи

Фото муаллифлик ҳуқуқи rushydro

Сўнгги ўн йилликда эса Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатларида яна бир муаммо пайдо бўлди.

Бу Шўролар давридан қолган лойиҳа – Роғун ГЭСи.

Миллиардлаб доллар сарфланиши керак бўлган бу лойиҳа учун Тожикистонда на маблағ ва на инфратузилма мавжуд эди.

Шунга қарамай, Тожикистон раҳбарияти «нима бизга америка»ча йўлда қурилишни бошлаб юборди, ўз халқига замонавий ўлпон солди.

Роғун акцияларини сотиб олган юз минглаб тожикистонликлар орасида бугун маблағлар қаерга сарфланганига доир саволлар пайдо бўлмоқда.

Ўзбекистон қатор халқаро йиғинларда Тожикистоннинг бу лойиҳасини кескин қоралаб чиқди.

Президент Ислом Каримов ўз чиқишларининг бирида «сув учун минтақада уруш бўлади» қабилида пўписа ҳам қилди.

Тожикистонлик журналистга кўра, сўнгги йилларда Роғун қурилиши бўйича тарғибот ва ташвиқот анча сўниб қолган.

Иккала давлат ўтган 25 йил ичида ўз халқига бирдай «порлоқ келажак» ваъдасини берди.

Ўзбекистонлик журналистлардан бири, ана шу «порлоқ келажак» ҳақида ҳам сўнгги вақтлар секинроқ жар солинаётгани, сабаб мамлакатнинг аксарият ҳудудларида оддий электр чироғи йўқ эканини айтади.

Алҳол, Ўзбекистон ҳам Тожикистон ҳам мамлакат энергия заҳираларини экспорт қилишади.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳаво алоқалари тикланади деган хабарлар сўнгги йиллар бир неча бор бот-бот тарқалиб турганига қарамасдан, ҳеч қандай ўзгариш рўй бергани йўқ.

Аммо Би-би-си мухбирига кўра, бу галги учрашувлар икки қўшни давлат ўртасидаги алоқаларни бир қадар жонлантиришига қатор асослар бор.

ИШИД хавфи, оғир иқтисодий вазият ва порахўрлик, ижтимоий хақсизлик домида радикаллашаётган авлод масаласи ҳам Тошкент ва ҳам Душанбе учун долзарбдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ