Шимолий Афғонистонда кучли зилзила

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Минтақада тез-тез кучли зилзилалар содир бўлади.

Шимолий Афғонистон зилзиласи сўнгги ойлари минтақада рўй бераётган ер силкинишларининг сўнггисидир.

Зилзила кучи қарийб 6 ярим балл бўлиб, унинг тўлқини минтақа бўйлаб бир нечта мамлакатга етиб борган.

Хусусан, Покистон, Тожикистон ва Ҳиндистонда ҳам ер қимирлаган.

Табиий офат маркази Ҳиндикуш тоғ тизмасининг шимолий қисми, Тожикистонга туташ Бадахшон вилояти дейилмоқда.

Қурбонлар ҳақида маълумотлар йўқ.

Афғонистон расмийларига кўра, айни табиий офатда 13 киши яраланган. Йигирма оила уйсиз қолган.

Покистон шимол-ғарбидаги Пешовар шаҳрида эса эски бино ва деворлар қулаб, камида 17 киши жароҳат олгани айтилмоқда.

Худди шу минтақада 26 октябр куни юз берган зилзилада юзлаб одамлар ҳалок бўлганди.

Сейсмик минтақа

Ўтган ноябр ойи ўртаси ва жорий декабр ойи бошида Ўзбекистон ва Тожикистонда бир неча марта ер қимирлаганди.

Бу зилзилалар, айниқса, Тожикистон қишлоқ ҳудудларида катта талофотларга сабаб бўлган.

Айни дамда, Тожикистон шарқида ир аср аввалги кучли зилзилада тоғ кўчиб, ҳосил бўлган 500 метрлик Сарез кўли тўғони ёрилиб кетишидан хавотирлар ҳам ўртага чиққанди.

Image caption Бир аср олдинги зилзилада ҳосил бўлган Тожикистондаги Сарез кўли тўғони ёрилиб кетса, минтақа бўйлаб 6 миллион инсоннинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.

Мулозимлар Сарез кўлининг қоя қулаши оқибатида ҳосил бўлган тўғонига зарар етмаганини айтишса-да, бироқ бир зилзилида ҳосил бўлган тўғоннинг бошқа бир зилзилада вайрон бўлмаслигига кафолатлар йўқ.

Сарез кўли тўғони ёрилиб кетиши эса Тожикистон, Афғонистон, Ўзбекистон ва Туркманистонда миллионлаб инсонлар ҳаётига хавф солиши мумкинлиги айтилади.

Ҳиндистон ярим ороли Овросиё тарафга сурилишда давом этаркан, тоғлар ўсиб, силжимоқда, икки плато эса тўқнашишда давом этаётир.

Бу эса янгидан-янги зилзилаларни келтириб чиқаради.

2005 йили Покистоннинг Кашмирида содир бўлган 7.6 балли қақшатқич зилзила оқибатида 75 минг инсон нобуд бўлганди.

Жорий йил апрелида Непални титратган ер қимирлаши 9 минг кишининг умрига зомин бўлган.

Ўтган асрда эса Тожикистон жануби ва шарқида, Ашхобод, Тошкент ҳамда Газлида қақшатқич зилзилар рўй берган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ