'ИШИДчи ўзбеклар ўта шафқатсиз эди'

Image caption Наби ўзини ўзбекистонлик ИШИДчилар гаровга олганини айтади.

Наби - Афғонистонда Толибон билан урушаётган ИШИД қўлидан озод бўлган тутқунлардан бири.

У ИШИД қўлида тутқунликда ўтказган қарийб 9 ойлик ҳаёти ҳақида Би-би-сининг Кобулдаги мухбири Исмоил Шаҳаматга гапириб берди.

Аммо энг ажабланарли жиҳати - Набини Толибон озод қилган.

Ўғирланиш

Ҳаммаси ўтган феврал ойида бошланган.

Ўшанда Ҳиротдан Кобулга келаётган йўловчи автобусини ниқоб таққан қуролли шахслар тўхтатишади.

25 яшар қурувчи Наби ҳам шу автобусда эди. Яқинда уйланган йигит иш топиш илинжида пойтахт Кобулга кетаётганди.

Ниқобли жангарилар йўловчилар ичидан 30 нафар шиа мусулмонни ажратиб олишади. Бу шиалар аксар ҳазора миллати вакиллари эди.

Сўнг тутқунларни жанубдаги Зобул вилоятига олиб кетадилар.

Аввалига улар бизни Толибон ўғирлади, деган хаёлга боришади.

Бироқ орадан икки кун ўтиб, уларнинг олдига гаровгирлар кириб келишади.

"Улар ўзларини ИШИД вакилларимиз, деб таништиришди" - эслайди Наби.

"Ўзбеклар эди"

"Бу жангарилар оилалари билан бирга қўшни Ўзбекистондан келишган экан" - дейди Наби - "Бу ерда улар жиҳод қилишаётганини айтишди".

"Биз сизларни Афғонистон ҳукумати қўлида қолаётган аёлларимиз ва болаларимиз эвазига айирбошламоқчимиз, деб айтишди".

Image caption Ўзбекларнинг Сурия, Ироқ ва Афғонистонда ИШИД сафларига қўшилгани айтилади.

"Улар ўзаро ўзбекча гаплашишар, биз билан эса дари тилида мулоқот қилишарди" - дейди Наби.

"Айтишларича, улар ярим мингга яқин экан. Барчасининг катта оиласи бор, доимо қўлларида қурол кўтариб юришарди".

Наби ва яна бир неча кишини ҳовли ташқарисидаги оғилхонада сақлашган.

"Кўзимиз ёпилган, қўлларимиз эса орта қайрилиб, боғланганди" - эслайди Наби.

"Аммо бизни одамлар яшовчи маҳаллада тутиб туришганини билардик. Чунки қулоқларимиз очиқ эди. Гоҳида аёллар ва болаларнинг гаплари, азон овозлари эшитиларди".

Қийноқлар

Ҳукумат кучлари уларни бир неча марта қутқаришга интилишганини айтишади.

"Осмондаги тикучар ғириллашини, атрофдаги отишмалар овозини эшитардик" - дейди Наби.

Ҳукуматнинг қайд этишича, гаровгирлар тутқунларни мунтазам равишда бир жойдан бошқа жойга кўчириб олиб юришгани учун уларни топа олишмаган.

Бироқ Наби бу даъвони рад этади ва ўзининг 9 ойлик тутқунда ўтган ҳаёти давомида фақат тўрт марта кўчирилганини айтади.

Гаровгирлар ўз қўлларидаги тутқунларга ваҳшийларча муносабат кўрсатишган.

Image caption Ўнлаб марказий осиёликлар халқаро қидирувга берилган.

"Ҳар бирининг ўзига хос қийноқ усуллари бор эди" - дейди Наби.

Тутқунларни ҳар доим калтаклашган ва ҳатто худкуш ҳужумчилар нимчасини кийдириб, видеога ҳам олишган.

Аммо энг даҳшатлиси кейинроқ содир бўлган: Жангарилар бир тутқуннинг бошини танидан жуда қилишган.

Айни қотиллик Наби ва бошқа тутқунларнинг кўз ўнггида амалга оширилган ва бутун жараён тасмага туширилган.

Ортда эса қора байроқ тутган ниқобли жангарилар тик туришган.

Бу - Сурияда ИШИД қўллаган амалларнинг айни нусхаси.

Толибон - қутқарувчи

Толибон исёнкорлари бу минтақадаги ИШИД жангариларига қарши ҳужум қилишганидан кейин Наби ва бошқа тутқунлар озодликка чиқишади.

Отишма пайтида тутқунларни кўзлари боғлиқ ҳолда бошқа жойга кўчиришади.

Аммо орадан уч кун ўтиб, ўзбекча гапирадиган жангарилар ғойиб бўлишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Четдаги ўзбек жангарилари шафқатсизлик билан ҳам ном чиқарган.

Бироқ Наби билан бирга ўғирланган шиа тутқунларини озод қилиш давомида уларнинг 7 нафарини бу гаровгирлар ваҳшийларча ўлдиришади.

Наби гаровгирлар кетганидан кейин, улар турган уйга паштунча гапирувчи одамлар кириб келганини айтади.

"Кўзимиздаги латтани олиб ташлашгач, қаршимда узун соқолли басавлат одам турганини кўрдим" - дейди Наби.

"Бирданига бу одамларнинг Толибон эканини тушуниб, енгил тин олдим".

Кейин уларни Толибон қўмондони уйига олиб боришади.

"400-500 нафар Толибон жангчилари келиб, бизни табриклашарди" - озодликнинг илк кунини эслайди Наби.

"Аммо қўмондон бизни қучоқламоқчи бўлган жангчиларига қарата, уларни чарчатманглар, жуда заиф бўлиб қолишибди, оёқларида зўрға туришмоқда, деб айтди".

Ўзбеклар қаерга кетди?

Набининг айтишича, қутқарув амалиёти жараёнида келиб чиққан отишма ва жангларда ўзбеклар ҳамда уларнинг оилалари ҳам қаттиқ курашишган.

Ўзбекларнинг баъзилари ўлдирилган, айримлари эса асир олинган.

У жасадларни, ярадор жангариларни кўрганини айтади, бироқ омон қолганлари тақдири нима бўлганини билмайди.

Ҳозир Кобулда ота-онаси ва ака-сингиллари ёнида қолаётган Наби бошидан ўтган даҳшатларни ортга ташлашга интилмоқда.

Тутқунликда уни калтаклашгани боис, буйрагига зарар етган. Ҳозир даволанмоқда. Бу аҳволда ишлай олмайди.

Лекин Набининг айтишича, ҳукумат унга шу пайтгача бирон ёрдам бергани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ