Толибон: Россия билан музокара қилганимиз йўқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Афғонистоннинг Нангархор вилоятида ИШИД радиоси фаолияти ишга туширилган.

Афғонистондаги Толибон ҳаракати ўзини "Исломий Давлат" деб атаган гуруҳга қарши курашда ҳамкорлик қилиш мақсадида Россия ҳукумати билан музокара ўтказгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Бу Россия расмийларининг Толибон билан манфаатларимиз бир деган баёнотига жавобан эълон қилинган.

23 декабр куни Россия Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабуловнинг ана шундай баёноти эълон қилинган, унда жаноб Кабулов ИШИДга қарши курашда Толибон билан манфаатимиз бир, деб чиққан эди.

“Бу масалада толибларнинг қизиқишлари шундоқ ҳам бизники билан мос келади. Ахборот алмашиш учун толиблар билан лозим каналларга эга эканимиз ҳақида бундан аввал ҳам айтганман”, - деган жаноб Кабулов.

Толибон баёноти ҳаракатнинг инглиз тилидаги веб-сайтида эълон қилинган.

Бу баёнотда айтилишича, "ўзини ДАИШ деб атаганлар муносабати билан кимдан бўлишидан қатъи назар, кўмак олишга эҳтиёжлари йўқ.

"Ҳеч ким билан мулоқотга киришганимиз йўқ ва бу масала бўйича ҳеч ким билан музокара ўтказганимиз йўқ", дейилган Толибон баёнотида.

ИД, ИШИД ёки Афғонистонда ДОИШ деб аталаётган гуруҳ Ироқ ва Сурияда катта ҳудудларни ўз назоратига киритган.

Афғонистон шарқида эса бир гуруҳ жангарилар ИШИДга содиқликка байъат эълон қилдилар.

Уларнинг аксари Толибон раҳбариятидан ҳафсаласи пир бўлгани ҳақида баёнот эълон қилган собиқ Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангарилари эдилар.

ЎИҲ жангарилари ИШИД раҳбари Бағдодийга содиқликка қасамёд қилиб, ўз гуруҳларининг номини "Исломий Давлат"нинг Хуросон вилояти бўлими деб эълон қилдилар.

Толибон раҳбари Мулло Умар ўлими эълон қилинганидан кейин Мулло Ахтар Мансурга содиқлигини эълон қилган Толибон жангарилари эса ўзбек ИШИДчи жангариларга қарши чиқдилар.

ИШИДга содиқ жангарилар билан Толибон ўртасида қақшатқич жанглар бўлиб ўтди.

Ноябр ойида Толибон Афғонистоннинг Зобул вилоятидаги жангларда ИШИД тор-мор этилгани ҳақида, шунингдек, Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг собиқ раҳбари Усмон Ғозий ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқатди.

Бунгача АҚШнинг Афғонистондаги қўшинлари қўмондонларидан бири Америка конгресси қаршисидаги ҳисоботида ИШИДга содиқликка қасамёд қилган Афғонистондаги жангариларнинг сони 3000 гачани ташкил этиши мумкинлиги ҳақида айтган эди.

Толибон эса Афғонистондаги ИД кучлари "бизга хавф соладиган даражада кучли эмас", деб айтган.

Бу ҳақда Толибон вакили "Ал-Жазира" телеканалига интервьюсида айтган.

Ўн кунча олдин Нангархор вилоятида ИШИД радиоси фаолияти ишга туширилган.

Вилоятнинг айрим туманларида бу радиони тинглаш мумкин.

"Айримлар Афғонистонда ДАИШ номини нотўғри ишлатишади... биз бу лойиҳани асосан йўқ қилдик. ДАИШнинг Афғонистондаги ҳозирлиги фақат шарқий Нангархор вилояти билан чекланади", дея эълон қилган Толибон ўзининг сўнгги баёнотида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ