Тожик сомонийсини нима қутқаради?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock

EurasiaNet.org таҳлилий вебсаҳифасида чоп этилган мақолада айтилишича, Тожикистон расмийларининг миллий валюта қийматини сақлаб қолиш йўлида қабул қилган қатъий чораларга қарамай сомоний қиймати тушишда давом этмоқда.

2015 йилнинг охирги кунида бир доллар расмий курси 6.99 сомоний бўлса, 6 январга келиб 7.19 сомонийга чиқди. Бу бир ҳафта мобайнида 2.5 фоиз пасайишни англатади.

Банклар эса долларнинг тижорий нархини 7.7 дея тақдим этишмоқда.

Айни вақтда ҳар бир киши ўз ҳисобидан 400 доллардан кўп доллар ололмаслиги борасида чеклов ҳам киритилган.

Декабр ойида Марказий Банк барча валюта алмашиш хусусий дўконлар фаолиятини тўхтатиб қўйганди. Валюта алмаштириш ҳуқуқини фақатгина банклар сақлаб қолди.

Марказий Банкнинг айтишича, эндиликда ноқонунуий равишда валюта алмаштириш билан шуғулланганлар катта жаримага тортиладилар.

Шу билан бирга расмийлар мамлакатда валюта тақчиллиги йўқ эканлигига аҳолини ишонтиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Марказий Банк ҳам валюта алмаштириш ҳуқуқига эга бўлган молиявий ташкилотларни валютани алмаштиришдан бош тортса жаримага тортилиш ёда лицензиядан мосуво этилиш билан огоҳлантирганлар.

Лекин бу чоралар у қадар катта натижа бераётгани йўқ. EurasiaNet.org мухбирлари пойтахт Душанбеда қатор банк бўлинмаларига бориб кўрган вақтлари валюта алмаштириш ҳуқуқига эга бўлган банклар ҳам валюта таклиф қилиш имконига эга эмасликларига гувоҳ бўлишган.

Кўплаб банк бўлинмалари доллар сотиб олмоқдалар, лекин сотмаяптилар.

"Юан хоҳласангиз марҳамат, россия рубли ҳам бор, лекин доллар йўқ", деган банк ходимларидан бири.

Айни вақтда чайқов бозорида долларнинг бозори чаққон. Шу вақтгача шахсий тартибда валюта алиштириш бизнесини юритиб келган ва ўзининг доимий можозларига эга бўлганлар жиноий жавобгарликка тортилиш хавфи бўлса ҳам долларни 7.8-7.9 сомонидан пулламоқдалар.

Шимолдаги Сўғд вилояти, хусусан Хўжанд шаҳрида эса бир доллар 8 сомонийга сотилаётгани ҳақида ҳам хабарлар бор.

Таҳлилчилар 8 сомоний ҳам доллар учун чегара эмаслиги, бу йил давомида айни кўрсатгич 10 сомонийга чиқиши мумкинлигини айтмоқдалар.

2015 йилнинг январ-сентябр ойларида Россиядаги тожикистонлик муҳожирларнинг ватанга юбораётган пуллари ҳажми 61 фоизга тушиб кетган.

2014 йил ҳудди шу муддат оралиғида тожикистонликлар уйга 3.16 миллиард доллар юборган бўлсалар, ўтган йили атиги 1.54 миллиард доллар юборишга қодир бўлганлар,холос.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio