Тожикистон хавф остидами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Президент Раҳмоннинг бошқарув усуллари мамлакатни инқирозга етаклаётгани айтилади.

"Президент Имомали Раҳмоннинг 23 йиллик бошқаруви даврида Тожикистон зўравонлик, бебошлик, коррупция ва оммавий муҳожиротга юз тутди" - ёзади Халқаро Инқироз Гуруҳи ўзининг сўнгги ҳисоботида.

Тожикистонга бағишланган айни баёнот бу мамлакат ҳам ташқи, ҳам ички хавф остида қолаётганини урғулайди.

"Асосий даромад муҳожирлар юборадиган пул ва гиёҳванд моддалар савдосидан келади" - давом этади Халқаро Инқироз Гуруҳи.

"Диний ва сиёсий мухолифатни назоратга олиш ва Тожикистон Исломий Уйғониш партиясини тақиқлаш норозликларга етакламоқда".

Заиф бўғин

Тожикистон - минтақадаги энг қашшоқ давлат. Бунинг устига, Афғонистон билан ўртасида қарийб 1 ярим минг километрлик чегара чўзилиб кетган.

Ушбу чегара бўйлаб Шимолий Афғонистонда ҳозир Толибон ва уларнинг иттифоқчилари ўз фаолиятларини кучайтиришмоқда.

Айни ҳолат эса Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга бирдек хавф солади.

Ҳисоботга кўра, ҳозир Тожикистон ичкарисида Президент Раҳмонга қарши норозилик ошиб бормоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek.com
Image caption Тожикистонда гиёҳванд моддалар контрабандаси кучаймоқда.

Бу эса Душанбенинг раҳнамоси бўлган Россияни ҳам хавотирга сола бошлаган.

АҚШ ё Оврўпо қўлида Тожикистонга таъсир этадиган воситалар йўқлигини урғулаган ҳисобот, кўп нарса Россияга боғлиқлигини таъкидлайди.

"Президент Раҳмоннинг бошқарув усули тобора хавфли тарафга қараб оғаётгани, давлат инқирозга юз тутиши мумкинлиги ҳамда Исломий экстремистлар таҳдиди ҳақиқатга айланиши эҳтимолини Россия ва бошқалар назардан қочирмаслиги керак" - давом этади Халқаро Инқироз Гуруҳи.

Айни ўринда, ўтган йили ИШИД сафига кирган юқори мартабали Тожикистон ҳукумати ҳарбийси тилга олинади.

Тожикистон махсус кучлари, яъни ОМОН генерали Гулмурод Ҳалимовнинг Суриядаги ИШИД томонга ўтиб кетиши мамлакат ҳукуматининг юқори доираларида ҳам бўлиниш мавжудлигини кўрсатади.

Мамлакатда авж олган коррупция, порахўрлик ва таниш-билишчилик ҳоллари ҳам диний, ҳам дунёвий тузум истовчи тожикларга битта ишорани бермоқда:

Президент Раҳмон тутган йўлни танқид қилиш имконсиз.

Президент талвасаси

Халқаро Инқироз Гуруҳининг хулоса қилишича, Президент Раҳмон тутаётган ҳозирги йўл талваса, яъни яшаб қолишга тиришишдир.

"Имомали Раҳмон ўз ҳукумати ҳам сиёсий, ҳам ахлоқий жиҳатдан чириб бораётганини тан олиб, уни тузатишга деярли ҳаракат қилмаяпти".

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Тожикистон иқтисодини ушлаб турган Россиядаги юз минглаб муҳожир ватанга қайтишга мажбур бўлмоқда.

Россиядаги иқтисодий вазиятнинг ёмонлашиши ортидан Тожикистон иқтисоди ҳам фалажланмоқда.

Ўтган йили 300-400 минг тожик муҳожири ватанга қайтди.

Бу муҳожирлар Россияда ишлаб, жўнатадиган пулнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 40% эди.

Россия, Оврўпо ва АҚШ сўнгги йиллари Тожик-Афғон чегарасини қўриқлашга ёрдам беришмоқда. Лекин, барибир, бангивор моддалар савдоси ошмоқда.

Бир тарафдан, чегара назорат қилиш қийин бўлган тоғли ҳудудлардан ўтади.

Иккинчи томондан, ноқонуний савдо таъмини татиган Тожикистон хавфсизлик тизимлари ҳам бузилиб бўлган.

Эски чоҳ эҳтимоли

Халқаро Инқироз Гуруҳига кўра, Тожикистоннинг заифлиги Марказий Осиёни нишонга олаётган исломий жангарилар учун жуда қўл келиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Тожикистон ОМОН кучлари генерали Гулмурод Ҳалимов ИШИД сафига ўтганди.

"Ўзбекистон чегаралари анча мустаҳкам, аммо Қирғизистон сарҳадлари заиф" - ёзилади гуруҳ ҳисоботида.

"Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон, шаксиз, Тожикистонда тинчлик ҳамда хавфсизлик барқарор бўлишини исташади".

Шу боис улар ўртадаги чегараларда хавфсизликни кучайтирганда, фақатгина ўзларини ўйлаб қолмасликлари керак.

Россия, Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ эса бутун Марказий Осиё чегараларини мустаҳкамлаш учун кўшимча ёрдам беришлари зарур.

"Минтақа билан иш олиб борганда эса, Оврўпо Иттифоқи ҳам, АҚШ ҳам сиёсий тазйиқлар ва инсон ҳуқуқларининг топталиши узоқ муддатли беқарорликка етаклашини урғулашлари даркор" - дейилади Халқаро Инқироз Гуруҳи баёнотида.

Аксинча, Тожикистон яна эски низолар чоҳига қулаши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ