Тожикистоннинг биқинида қақшатқич жанглар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social Media

Қўшни Афғонистоннинг Тожикистон билан бевосита чегарадош Дарқад туманида, бешинчи кундирки, Толибон ва афғон хавфсизлик кучлари ўртасида қақшатқич жанглар давом этмоқда.

Толибон жангарилари Дарқадни уч ой бурун босиб олишган ва орада кечган вақт давомида афғон ҳукумати туманни исёнчилардан қайтариб олишга иложсиз қолаётганди.

Дарқаддаги жангариларга қарши Афғонистондаги барча куч тизимларидан юзлаб ҳарбийлар, бир неча сонда тикучарлар ҳам жалб этилган илк кенг кўламли ҳарбий амалиёт ўтган ҳафта жума куни бошланган ва унга мамлакат Мудофаа вазирининг шахсан ўзи бошчилик қилаётгани айтилади.

Афғонистонлик масъулларга кўра, қақшатқич жанглар ортидан, якшанба куни Дарқад марказини жангарилардан қайтариб олишга муваффақ бўлишган.

Орада кечган вақт давомида Афғонистон Толибон ҳаракатининг қатор юқори мартабали қўмондонлари дохил ўнлаб жангариларни ўлдиришган.

Агар, расмий маълумотларга таянилса, Дарқадни босиб олган жангариларнинг сони уч юздан ортади.

Масъуллар уларнинг аксариятини толиблар ва қолганларини хорижий исёнчиларга нисбат беришади.

Бундан аввал Дарқаддаги хорижий жангарилар орасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг аъзолари борлигига оид хабарлар ҳам чиққанди.

Дарқаддан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, икки ўртадаги жанглар, ҳозирга келиб, туман сарҳадларига кўчган.

Афғонистон хавфсизлик кучлари бир қисм жангариларни қуршаб олишга муваффақ бўлишган. Ўндан ортиқ исёнчи эса, таслим бўлган.

Аммо, Тахор полиция бошқармаси бошлиғи Нурмуҳаммад Ҳакимийнинг айтишича, салмоқли сондаги жангарилар Афғонистон ва Тожикистон ўртасидаги бошқа ороллар ҳамда айрим қўшни туманларга қочиб ўтишга муваффақ бўлишган.

Худди шу ўринда, афғонистонлик ҳарбийларга кўра, жанглар бир неча кунга чўзилаётган эса-да, ўз сафларида бирор бир йўқотиш бўлмаган. Бор-йўғи саноқли сондаги аскарлари яраланган, холос.

Уларнинг айтишларича, жангларнинг қақшатқич кечаётгани ва ҳаводан мадад кучлари жалб этилганига қарамай, оддий аҳоли орасида ҳам бирор бир талафот кузатилмаган.

Аммо, туман шўро кенгаши раҳбари Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида тинч фуқаролар орасида ҳам қурбон бўлган ва жабрланганлар борлигини иддао қилган.

Сўнгги жанглар Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида ўтган бир йилнинг ичида ноодатий равишда Толибон ҳаракати ва хорижий жангариларнинг фаолиятлари кучайган бир манзарада кузатилмоқда.

Яқинда толиблар шимолий Тахор вилоятининг Тожикистонга бевосита қўшни Хўжаи Ғор туманини ҳам бир муддат босиб олишга муваффақ бўлишган, афғон ҳукумати туманни қайтариб олиш учун жиддий саъй-ҳаракат кўрсатишга мажбур бўлганди.

Орада кечган вақт давомида жангарилар Афғонистоннинг Тожикистондан ташқари, яна Туркманистонга ҳам бевосита чегарадош айрим шаҳар ва туманларини ўз назоратлари остига олишга муваффақ бўлишган, улардан баъзи бирларини қайтариб олиш учун афғон ҳукумати, ҳатто, хорижий иттифоқ қўшинларидан ҳам мадад сўрашга мажбур бўлганди.

Тожикистон билан бевосита чегарадош ва нақ Амударёнинг ўртасида жойлашгани боис, Дарқад ҳар икки рақиб томон учун стратегик жиҳатдан муҳим туман саналади.

Туман аҳолисининг сони 40-50 минг нафар атрофида экани тахмин этилади.

Иқтисоди эса, асосан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ва кўпчиликнинг тирикчилиги деҳқончилик орқасидан ўтади.

Дарқаддан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, жанглар сарҳадларга кўчаркан, туманда ҳаёт аста-секинлик билан изига қайтиб, мактаблар, дўконлар ва бозорлар бирин-кетин очила бошланган.

Афғонистонлик ҳарбийларга кўра, жангарилар босқинидан жиддий хавотирда бўлган маҳаллий аҳоли ўзларини хуш қаршилашган. Қўлга киритаётган ютуқларини олқишлашган.

Ўзларига бевосита чегарадош Дарқаддаги қақшатқич жангларга Тожикистон томони, ҳалича, бирор бир расмий муносабат билдирмаган.

Аммо Дарқаддаги сўнгги йирик ҳарбий амалиётга масъул Афғонистон Мудофаа вазир муовини Муродали Мурод жанобларининг айтишича, туман марказини қайта ўз назоратлари остига олишаркан, қўшни Тожикистон томони ҳам “хотиржам тортган”, “хавотирлари ариган”.

Афғонистонлик ҳарбийларга кўра, барча жангарилар мавҳ этилмагунга қадар, Дарқаддаги жанглар давом этади.

Ўз ўрнида эслатиш жоиз, улар ўтган шанба кунининг ўзидаёқ туманни босиб олишларини ваъда қилишган, аммо сўнгги хабарлардан аён бўлишича, Дарқаддаги жанглар ҳануз тинмаган.

Шундоққина жанубий чегаралари яқинида кузатилаётган бу каби ҳодисаларнинг ривожидан Россия ҳам жиддий ташвишда.

Афғонистон шимоли-шарқидаги сўнгги жанглар манзарасида Россиянинг Афғонистондаги махсус вакили жангариларнинг Тожикистонга бостириб киришлари эҳтимолидан ҳам сўз юритганди.

Тожикистон ҳукумати эса, Афғонистон билан ўзаро чегарасида аллақачон мустақиллик даврида кузатилмаган бир даражада хавфсизлик чораларига қўл урган.

Чегаранинг ўз томонида қўшимча ҳимоя чизиғини яратган, чегараларини янада мустаҳкамлаш учун аллақачон собиқ Шўро давлатлари миқёсидаги қатор масъул ташкилотлардан ҳам ёрдам сўраб улгурган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ