Зилзила жабрдийдалари учун 1 миллион доллар

Бу каби катта миқдордаги молиявий ёрдам ваъдаси билан Тожикистонга Покистон томони чиққан.

Ўз Бош вазирининг ваъдасини Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга Покистон Сув ва энергия вазири Хаважа Муҳаммад Осиф етказган.

Покистонлик вазир Душанбедаги учрашувлари чоғида тожик раҳбарига Тожикистоннинг шарқий Тоғли-Бадахшон мухтор вилоятида юз берган сўнгги қақшатқич зилзила ва у етказган жиддий талофат юзасидан ўз ҳукумати ва халқининг ҳамдарлигини изҳор этган.

Мамлакати ўтган йил декабр ойидаги кучли ер силкинишидан жабр кўрган минтақа аҳолисига инсонпарварлик кўмаги сифатида бир миллион АҚШ доллари ажратиш ниятида эканини айтган.

Тоғли-Бадахшон мухтор вилоятида юз берган қақшатқич зилзила қурбонларсиз кечмаган.

Кутилмаган табиий офат икки кишининг умрига зомин бўлган. Ўндан ортиқ киши яраланганди.

Тожикистонлик масъуллар нақ қиш чилласида юз берган кучли ер силкиниши сабаб, 500 дан ортиқ уй-жойга зиён етганини ҳам айтишганди.

Зилзила кучи Рихтер шкаласи бўйича 7-8 балл атрофида бўлган, ундан энг кўп мухтор вилоятнинг Рушан туманидаги Бартанг водийси жабр кўрганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Farsi

Бу ерлар эса, тоғли Помир минтақасининг четдан одам етиб бориши қийин бўлган туманлари саналади.

Худди шу боис ҳам, зилзила жабрдийдаларига инсонпарварлик ёрдамлари етказиш осон бўлмаган, хабарларда, ҳатто, бунинг учун Россия ҳарбийлари ҳам кўмакка чақирилгани айтилганди.

Пойтахт Душанбедаги маҳаллий журналистлардан бири Искандар Фирузнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, минтақадаги зилзила сабаб, уй-жойлари вайрон бўлган аксарият одамлар яқинлариникидан бошпана топишган.

Журналистга кўра, у ердаги жабрдийдаларга кўмак етказиш амалиётлари ҳануз давом этмоқда.

Унинг сўзларидан аён бўлишича, эртага чоршанба куни Россия томонининг 32 тоннадан иборат инсонпарварлик ёрдами ҳам Душанбега етиб келади.

Суҳбатдошимизга кўра, бу – Россия ҳукуматининг зилзиладан жабр кўрган Тоғли-Бадахшон мухтор вилоятига йўллаётган энг катта миқдордаги кўмаги бўлади.

Худди шу ўринда таъкидлаш жоиз, Покистонга қадар Тожикистон томонига жабрдийдаларни кўзда тутиб, ҳеч ким бунча миқдордаги молиявий кўмак ваъдаси билан чиқмаган.

Расмий хабарларга кўра, Душанбедаги учрашувлари чоғида томонлар сув ва энергетика соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, икки давлат ўртасида учоқлар қатновини йўлга қўйиш, биргаликда янги автомобил йўллари ва темир йўллар қуриш масаласини муҳокама этишган.

Афғонистон билан ўзаро чегараларини мустаҳкамлаш ва террорчиликка қарши кураш масаласида ҳам фикр алмашиб олишган.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Тожикистоннинг Тоғли-Бадахшон мухтор вилоятида юз берган декабр ойидаги кучли ер силкинишининг таъсири Афғонистондан тортиб, Покистоннинг ўзи ва Ҳиндистон қадар сезилганди.

Бутун минтақанинг ўзи эса, сўнгги ойларда кетма-кет зилзилаларга саҳна бўлмоқда.

Жумладан, ўтган йил октябр ва ноябр ойи охирларида юз берган қатор ер силкинишлари қўшни Афғонистон ва Покистонда ўнлаб кишининг умрига зомин бўлган.

Қирғизистон каби айрим Марказий Осиё давлатларида эса, юзлаб уйларга зиён етказганди.

Мутахассислар бу каби ҳолатни минтақада сейсмик фаоллик даври бошланаётгани билан изоҳлашмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ