Раҳмон ўзига меросхўр тайёрламоқдами?

Image caption Таҳлилчиларга кўра, конституция 28 ёшли Рустам Имомали учун ўзгартирилаётган бўлиши мумкин

Тожикистондан келаётган хабарларга кўра, Президент Раҳмоннинг иқтидордаги Халқ-демократик партияси мамлакат конституциясига ўзгаришлар лойиҳасини тақдим этиши кутилмоқда.

"Азия-Плюс" агентлигининг парламентдаги манбаъсига кўра, асосий ўзгариш президентликка номзоднинг ёшига қўйилган чеклов билан боғлиқ.

Умумхалқ референдумига қўйиш режаланаётган лойиҳада президентликка номзоднинг ёши ҳозирги 35 дан 30 га туширилиши кутилади.

Шунингдек, конституциянинг сиёсий партиялар тузишга доир 28-банди ҳам ўзгартирилиши, ушбу моддадан фуқароларнинг диний моҳиятга эга сиёсий партия тузиш ҳуқуқи истисно қилиниши мумкин.

Янги таҳрирдаги конституция Тожикистондаги президентлик бошқарувини ҳам қонунийлаштириши айтилмоқда.

Мамлакатда президентлик бошқаруви ҳукмрон, аммо айни ҳолат жорий конституцияда расман қайд этилмаган.

Тожикистонда келгуси президентлик сайловлари 2020 йилда бўлиб ўтади.

Жорий Президент Имомали Раҳмон Тожикистонни 1992 йилдан буён бошқариб келади.

Таҳлилчиларга кўра, ўзгаришлардан кўзланган асосий мақсад Президент Имомали Раҳмоннинг ўғли Рустам Имомалининг ҳокимиятга келиши учун замин яратиш бўлиши мумкин.

1987 йилда туғилган Рустам Имомали 2020 йилда 33 ёшга тўлади.

У ўтган йил мартида президент фармони билан Давлат молия назорати ва коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбарлигига тайинланган.

Бунга қадар у Тожикистон ҳукумати қошидаги Божхона хизмати бошлиғи бўлган.

У мамлакат Футбол федерацияси раиси ҳамдир.

Ўтган йили Тожикистон Марказий Осиёдаги ягона исломий партиянинг фаолиятини тақиқлаган.

Ҳукумат Ислом Уйғониш партияси ва унинг раҳбарини террорчиликда айблаган.

Таҳлилчиларга кўра, Марказий Осиёнинг якка шахслар ҳукмрон аксарият давлатларида сиёсий меросхўрлик масаласи беқарорлик омилларидан бири саналади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio