"Тожикистон очликка юз тутаётган давлат"

Озиқ-овқат сиёсатини ўрганувчи халқаро тадқиқот маркази IFPRI Тожикистонни собиқ Шўролар иттифоқи ҳудудида очликка энг кўп юз тутаётган мамлакат, дея билдирган.

Ушбу марказ рейтингига кўра, Тожикистон аҳолисининг 33 фоизи очликдан азият чекмоқда.

Тожикистондаги иқтисодий шароитнинг кескин ёмонлашгани сабабларини мутахассислар меҳнат муҳожирларининг уйга жўнатаётган пуллари миқдорининг тушиб кетгани билан изоҳламоқдалар.

Бу эса ўз навбатида Россиядаги иқтисодий инқироз ва Ғарб томонидан киритилган жазо чоралари билан боғланмоқда.

Тожикистон Миллий Банки маълумотларига кўра, 2015 йили меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари ундан аввалги йилга қараганда 40 фоиз камайган.

Россияда қанча тожикистонлик меҳнат муҳожири борлиги маълум эмас. Расмий Душанбе уларнинг сонини 500 минг, дея тақдим этади. Лекин норасмий маълумотларга кўра, уларнинг сони 1.5 миллионга қадар.

Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Россиядан жўнатиладиган пуллар эвазига Тожикистонда бир миллионга яқин одам кун кечиради.

Яқин-яқинларгача меҳнат муҳожирлари юборган маблағ йилига 3 миллиард долларни ташкил этиб, мамлакат Ялпи Ички маҳсулотининг 40 фоизини ташкил этарди.

Бу маблағларни тожикистонликлар кундалик озиқ-овқат ва кийим кечак сотиб олишдан тортиб, уй қуриш ва тўй маъракаларини ўтказиш каби мақсадларда сарфлайдилар.

Кўплаб тожикистонликлар ва айниқса қишлоқ ерларида яшайдиган оилалар учун меҳнат муҳожирлари юборадиган пуллар ягона даромад манбаидир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio