Чўчқа тумови МДҲда тарқалмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи UNIAN
Image caption Чўчқа тумови МДҲ давлатларига таҳдид солмоқда.

Ҳалокатли чўчқа тумови сўнгги ойлари собиқ Совет давлатларида ўнлаб инсонлар умрига зомин бўлмоқда.

Бундан 7 йил аввал бутун дунёни ваҳимага солган ва бир муддат пандемияга айланган H1N1 вируси энди собиқ Совет давлатларида бош кўтараётир.

Украина, Россия, Арманистон ва Қозоғистон тиббиёт мулозимлари чўчқа тумови ҳолатлари аниқланаётганини тасдиқлаганлар.

Украина саросимада

Сўнгги кунлардаги маълумотларга кўра, Украинада ушбу касалликка чалинган 50 нафардан кўпроқ киши оламдан ўтган.

Арманистонда ҳам айни вирус бир неча инсон умрига зомин бўлган.

Марказий Осиёда эса Қозоғистон H1N1 вирусини юқтирган фуқаролари орасида ўлим ҳоллари қайд этилганини бир неча кун олдин тасдиқлади.

Украина ҳалокатли вирус тарқалишини жиловлаш учун мактабларни ёпмоқда, оммавий йиғин ва тадбирларни тақиқламоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption МДҲда одамларни чўчқа тумовига қарши эмлаш кенг йўлга қўйилмаган.

Кўпчилик билан муомала қиладиган соҳа вакилларига эса доимо тиббий ниқоб тақиб юриш маслаҳат берилган.

Мамлакат шарқида россияпараст исёнкорларга қарши жанглар кечаркан, вирус ҳам айнан ана шу минтақаларда кенг ёйилмоқда.

Украина тиббиёт мулозимлари ҳозир одамларни саросимага тушмасликка чақирмоқдалар.

Бироқ ўнлаб одамларнинг мазкур тумовдан нобуд бўлгани хавотир уйғотмай қолмайди.

"Вазият ўта жиддий ва ёшлар орасида вирус кенг ёйилмоқда" - дейди Киевдаги бош иммунолог шифокор Фёдор Лапий.

Унинг айтишича, на шифокорлар, на кенг омма орасида айни тумовга қарши эмлаш ишлари рисоладагидек йўлга қўйилган.

Одамлар ҳам токи касаллик уларни буткул ҳолдан толдирмагунча шифокорга боришмайди.

Шу қаторда, аҳоли учун тиббий ниқобларнинг етишмаслиги ҳам ҳалоктали вирус тарқалиши учун ўнғай шароит яратмоқда.

Ўзбекистон самаралироқ

Аксар собиқ Совет давлатларидаги тиббиёт тизимлари ўтган чорак аср давомида замонавийлашиш ва ислоҳотлар масаласида анча орқада қолган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Чўчқалардаги тумов мутацияга учраб, одамларга ҳам ўтган.

Бунинг устига бутун МДҲ бўйлаб коррупция ва порахўрлик авжига чиққан. Ҳеч бир собиқ Совет давлатида ҳалқ тиббиёт тизимига ишонмайди.

Украина эса бошқаларга қараганда анча демократик давлат.

Айни пайтда, бу мамлакатни тартибсизлик ва бошбошдоқлик ҳам кенг қамраб олган.

Украина тиббиёт тизимида марказлашган, қаттиққўл ёндашув кузатилмайди. Мамлакатда ўтган икки йилда Соғлиқни сақлаш вазири тўрт марта алмашган.

Бундай ҳолатда эса бирон фавқулодда вазият юзага келганида тезкор ва самарали чоралар кўриш ўта қийин кечади.

Масалан, Қозоғистон ё Ўзбекистондаги марказлашган ва буйруқбозликка асосланган тиббиёт тизими айнан чўчқа тумови каби эпидемия хавфи таҳдид қилганида қўл келади.

Шу жиҳатдан олганда, авторитар бошқарув ҳукмрон бошқа собиқ Совет давлатларидан кўра Украинадаги вазият ҳам МДҲ ва ҳам Шарқий Оврўпони кўпроқ хавотирга солаётир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ