Тожикистон хавфсизлигига нима таҳдид солмоқда?

Image caption Рустам Раҳмон учун президентликка йўл очилмоқдами?

Тожикистон бўйлаб хавфсизлик кучларининг фавқулодда тайёргарлик ҳолатига келтирилгани турфа миш-мишларни урчитиб юборган.

Мулозимлар эса буни одатий машқ амаллари дея қисқа изоҳ беришган.

Мамлакатнинг йирик шаҳарларига кириш-чиқиш нуқталарида қўшимча текширув постлари ташкил қилинган.

Сентябр ойида Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзода гуруҳига қарши, ҳукуматга кўра, “давлат тўнтатириши уринишини бартараф этиш” амалиёти оммавий-ахборот воситаларида кенг ёритилар экан, сўнгги фавқулодда тайёргарлик машқлари аҳоли орасида хавотир уйғотган.

Мухолифат нашрлари эса Тожикистон хавфсизлик кучлари таркибида бўлган бир неча зобитлар исёнкорлар ва жиҳодий гуруҳларга қўшилгани ҳақида ёзишмоқда.

Бу хабарлар мустақил манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ.

Айрим кузатувчиларга кўра, мамлакатда катта таъсир ва дастакка эга бўлган Ислом Уйғониш партиясининг “террорчи гуруҳ” ўлароқ ноқонуний деб эълон қилиниши Тожикистондаги сиёсий ва куч тизимлари томонидан бирдай олқишланаётгани йўқ.

Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмонга “миллат пешвоси” мақоми берилиши, президент сайловларида чекловсиз иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиш эҳтимоли ҳам ҳукуматга кўз тиккан баъзи қудратли шахсларга ёқмаётган бўлиши мумкин.

Президентликка номзодлар ёши ҳам 35 дан 30 ёшга қисқартирилиши режалари ортида қандай мақсад турганига, журналистларга кўра, Тожикистонда ҳеч ким шубҳа қилаётгани йўқ.

“Келаси сайловларда отанинг мазаси қочиб қолса, қудратни секин ўғлига топшириб қўяди. Шу кетишда унга қарши чиқадиган куч йўқ. Ислом Уйғониш партияси овозини чиқариб турарди, бу овозни ўчиришди”, дейди исмини ошкор этишни истамаган тожикистонлик журналист.

Таҳлилчи Аркадий Дубновга кўра, бундан уч-тўрт йил аввал ҳам Имомали Раҳмон ўз ўғли Рустамни меросхўрликка тайёрлаётгани аниқ эди.

“Бугунга келиб Тожикистонда Раҳмоннинг қудратига мухолифлар деярли қолмади. Улар ё ўлган, ёки қамоқда ва ё муҳожиротда”, дейди Аркадий Дубнов.

Тазйиқлар ва радикаллашув

Фото муаллифлик ҳуқуқи internet
Image caption Муҳиддин Кабирий Тожикистонни тарк этган

Тожикистон ҳукуматига мухолиф фикрда бўлган гуруҳ ва шахсларга қарши авваллари мўътадил бўлган босимлар сўнгги пайтлар кучайиб бормоқда.

Би-би-сининг Тожикистондаги мухбири Анора Саркоровага кўра, сўнгги бир неча ой ичида Ислом Уйғониш партияси сиёсий кенгашининг деярли барча аъзолари ҳибсга олинган. Партиянинг 100 ортиқ бошқа аъзолари ҳам қамоққа ташланган.

Ислом Уйғониш партиясининг юзлаб аъзолари ҳукумат тазйиқларидан чўчиб, ватанни ташлаб чиқишган.

Партия раҳбари Муҳиддин Кабирий Интерпол орқали қидирувга берилган.

Бош прокуратура Муҳиддин Кабирийни сентябр ойида собиқ Мудофаа вазири ўринбосари Абдуҳалим Назарзода бошчилигида қуролли қўзғолонни ташкиллаштиришда айблаган.

Муҳиддин Кабирий бу айбловларни рад этиб келади.

Би-би-сига маълум бўлишича, Ислом Уйғониш партияси фаолларининг оила аъзоларига нисбатан босимлар кучайган.

Ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан уларни тергов қилиш ва таҳқирлаш одатий тус олгани айтилади.

Қамоққа ташланган фаолларнинг адвокатлари ҳам ўзларига нисбатан босимлардан шикоят қилишмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Меҳнат муҳожирлари

Ислом Уйғониш партияси фаолларининг қийноққа солинаётгани ҳақида сўз очган адвокат Бузургмеҳр Ёров ҳам ҳибсга олинган эди.

Сиёсатшунос Парвиз Муллажоновга кўра, Ислом Уйғоний партиясининг тақиқланиши ҳукумат томонидан қўйилган энг катта хатолардан биридир.

"Ислом Уйғониш партияси яширин фаолиятга ўтди. Авваллари партиянинг ўн минглаб фаоллари сиёсий фаолиятдан четда турар эди...”

Мамлакатдаги ишсизлик ва коррупциянинг мисли кўрилмаган даражада тарқагани, мутахассисларга кўра, жамиятда экстремистик кайфиятдаги диний гуруҳларни фаоллашувига сабаб бўлмоқда.

“Ўзимизда иш йўқ эди, Россияга бориб амал-тақал қилаётгандик. Россиядаги инқироз туфайли айримлар ватанга қайтишмоқда, бошқалар уйга пул жўнатолмай қолган...Пора бермасангиз бирор қадам қўйиш мумкин эмас бизда. Бирор бир корхона ёки кичикроқ дўкон очдингизми, тамом, бир ойга қолмай ёпишга мажбур бўласиз. Ҳамма пора талаб қилади.Сал корхонанингизни тиклаб олсангиз, ҳукуматга яқинроқ бирортаси келиб бемалол тортиб олади, ҳеч кимга додингизни айтолмайсиз. Сизни тинглайдиган, ўзларининг назарида ҳақ йўлни кўрсатиб, бу бедодликка чек қўйишга даъват қиладиганлар эса...диний гуруҳлар. Бошқа қаерга борасиз”, дейди ҳозир Россияда истиқомат қиладиган тожикистонлик тужжорлардан бири.

Тожикистон мулозимлари эса мамлакатда радикаллашув ташқи кучлар таъсири остида рўй бераётганини урғулашади.

Ҳукуматга яқин манбаларнинг айтишича, бугунги кунда Яқин Шарқдаги жиҳодий гуруҳлар сафида юзлаб тожикистонликлар жанг қилишмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ