‘Долларни ноқонуний сотманг, қамаласиз’

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бу каби вазият қўшни Тожикистонда вужудга келган.

Ноқонуний валюта олди-сотдисида айбланаётган кишиларнинг сони бир неча юзга етган.

Душанбедаги етакчи журналистлардан бири Искандар Фирузнинг Би-би-си Ўзбек Хизматига айтишича, бунча одам жаримага тортилиш ва ҳатто, қамалиш хавфи остида қолишган.

Бунга шимолий Сўғд вилояти прокурорининг куни-кеча эълон қилган маълумотлари ҳам далолат қилган.

Прокурор Ҳабибулло Воҳидовнинг сўзларига таянилса, улардан етмишдан ортиғи анчайин жиддий айбловларга юз тутишмоқда ва узоқ йиллик қамоқ жазоларига юз тутишлари эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Бу одамлардан 253 нафари эса, анчайин енгил жазо, яъни жаримага тортилиш ёки 15 суткага қамалиш хавфи билан юзма-юз қолишган.

Прокурор жанобларига кўра, улардан барчаси Тожикистонда амалда бўлган “Валюта айирбошлаш тўғрисида”ги қонунга зид иш қилишган.

Аммо жаноб Воҳидов ўзининг 29 январ кунги баёнотида бундан ортиқ тафсилотларга тўхталмаган.

Журналист суҳбатдошимизга кўра, жорий пайтда ноқонуний валюта олди-сотдиси маъмурий жавобгарликни кўзда тутса-да, тожикистонлик масъуллар янада қаттиқроқ кетиш ҳаракатида.

Бунга Тожикистон Миллий Банки раҳбарининг куни-кеча айтган сўзлари бир мисол, дейди журналист Искандар Фируз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock

Тожикистон Миллий Банки раҳбари Жамшид Нурмуҳаммадзоданинг айтишича, ноқонуний валюта олди-сотдиси билан шуғулланганларга қарши 9 йиллик қамоқ жазосини кўзда тутувчи қонун лойиҳаси аллақачон муҳокама остидадир.

Миллий Банк раҳбарига кўра, банк ёки давлат молиявий идораларидан ташқарида қилинган ҳар қандай валюта олди-сотдиси ноқонуний ҳисобланади.

Шимолий Сўғд вилояти прокурорининг баёноти эса, айнан Нурмуҳаммадзода жанобларининг чиқишидан қисқа вақт ўтмай кузатилган.

Ўтган йил охирида тожикистонлик масъуллар бутун мамлакат бўйлаб хусусий валюта айирбошлаш шохобчаларини ёпишга қарор қилишган.

Уларнинг фаолияти ўзларининг миллий пул бирликлари бўлмиш сомонийнинг қадрини тушириб юбораётганлигини айтишганди.

Айни вақтда ҳар бир киши ўз ҳисобидан 400 доллардан кўп доллар ололмаслиги борасида чеклов ҳам киритилгани хабар берилганди.

Марказий Банк орада валюта алмаштириш ҳуқуқига эга бўлган молиявий ташкилотларга ҳам жиддий огоҳлик билан чиққан.

Уларни валютани алмаштиришдан бош тортган тақдирларида, жаримага тортилиш ё-да лицензиядан мосуво этилишлари билан огоҳлантирганди.

Шу кунларда пойтахт Душанбедаги вазиятни яқиндан кузатган журналист Искандар Фирузнинг айтишича эса, ҳозир, ҳатто, расман валюта айирбошлашнинг ўзи ҳам қийинлашиб кетган.

Суҳбатдошимиз Тожикистонда сўнгги ойларда шаклланаётган бу каби вазиятга нақд валюта миқдорининг камайиб, долларнинг қимматлаб кетгани сабаб бўлганини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Унга кўра, Россияда кузатилаётган иқтисодий бўҳрон, рублнинг ниҳоятда арзонлаб кетиши ва миграцияга оид тартиб-қоидалар кескинлаштирилишининг Тожикистонга таъсири ниҳоятда салмоқли бўлган.

Тожикистондан Россияга пул ишлаш учун кетаётган фуқароларнинг сони сўнгги йилларда сезиларли равишда камайган ва бунинг ортидан, пул ўтказмаларининг ҳажми ҳам кескин қисқарган.

Мавжуд ҳолат эса, Тожикистонда нақд валюта тақчиллигини юзага келтириб, ўзлари расман тан олишмаса-да, масъулларни оғир аҳволга солиб қўйган.

Аммо, минтақавий мутахассисларнинг сўнгги хулосаларига таянилса, кўрилаётган бу каби кескин чора-тадбирларига қарамай, тожикистонлик масъулларнинг сомонийнинг қадрини тутиб қолишлари қийин бўлмоқда.

Эслатиб ўтиш жоиз, Тожикистон нафақат минтақа, балки жаҳонда ҳам анчайин ночор давлатлардан бири саналади.

Иқтисодининг асосини эса, айнан, четда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ортга юбораётган миллиардлаб долларлик маблағлар ташкил этиб келган.

Агар, Россия молия идоралари сўнгги йилларда эълон қилаётган расмий маълумотларга таянилса, тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ортга юбораётган пул миқдори ярмидан кўпроққа камайиб кетган.

Бу каби ҳолат, бошқа томондан, қолган кўпчилик Марказий Осиё давлатларини ҳам четлаб ўтмаган.

Минтақавий кузатувчиларга кўра, йилларки, четдан келаётган катта миқдордаги мазкур маблағлар бу мамлакатлар ҳукуматлари учун муҳим вазифани бажариб келган.

Уларни ижтимоий портлашлардан ҳимоя этиб, “хавфсизлик камари” бўлиб берган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • BBCUZBEKInstagram
  • BBC UZBEKTwitter
  • BBC UZBEKOdnoklassniki
  • BBC UZBEKFacebook
  • BBC UZBEKGoogle+
  • BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ