Туркманистон Россиянинг кўмагига 'йўқ' деди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Расмий Ашхободнинг баён қилишича, жорий пайтда Афғонистон билан беқарор чегараларини ҳимоя этишга ўзларининг қурблари етади.

Хабарларга кўра, Туркманистон ҳукуматининг айни мазмундаги баёноти Россия Ташқи ишлар вазирининг шу ҳафта Ашхободга қилган сафари чоғида янграган.

Сергей Лавровнинг сўзларидан аён бўлишича, Туркманистон Афғонистон билан ўзаро чегарасида қўшимча чораларга қўл уришаётганини айтган.

Ҳозирча, шунинг ўзи кифоя эканини таъкидлаб, Россия томонининг кўмакка оид таклифини расман рад этган.

“Туркманистон раҳбариятининг бизга айтишича, ҳозир замонавий технологиялар асосида Афғонистон билан чегарасини хавфсизлигини таъминлаш ҳаракатида. Агар, туркман томони бу ишда бизнинг кўмагимизга эҳтиёж сезса, сўзсиз, уларга ёрдам беришга тайёрмиз. Аммо, яна бир бор такрорлайман. Туркман дўстларимиз бизга бу йўлда нималар қилишаётганини батафсил гапириб беришди. Ва биз ҳам шунга мувофиқ иш тутамиз”, - деб айтган Россия Ташқи ишлар вазири.

Сергей Лавровнинг Ашхободга икки кунлик ташрифи хусусида Туркманистон томони ҳам расмий баёнот билан чиққан.

Уларнинг бу хусусдаги баёнотларида айтилишича, “ўзаро музокаралар чоғида қўшни Афғонистондаги вазият билан боғлиқлари дохил Марказий Осиё тўқнаш келиб турган муаммоларни сиёсий-дипломатик йўлда ҳал қилиш масаласида фикрлари бир жойдан чиққан”.

Сергей Лавров террорчилик, гиёҳванд моддалар контрабандаси ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш масаласида мамлакати Туркманистон билан яқиндан ҳамкорлик қилишга ҳозир эканини ҳам айтган.

Бунга Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг қандай муносабат билдиргани, ҳозирча, маълум эмас.

Аммо, Россия Ташқи ишлар вазирига кўра, томонлар минтақа барқарорлигини яхшироқ таъминлаш мақсадида мудофаа ва хавфсизлик масалаларида ҳамкорликни кучайтириш режасидалар.

Вазият ва сабаб
Фото муаллифлик ҳуқуқи

Минтақадан сўнгги икки йил ичида туркман ҳукумати Афғонистон билан ўзаро чегарасини мустаҳкамлаш учун мислсиз чораларга қўл ураётганига оид қатор хабарлар олинган, улар, ҳатто, нуфузли Ғарб нашрларининг ҳам эътиборини ўзига жалб этмай қолмаганди.

Бу нашрларда ёзилишича, расмий Ашхобод, афтидан, шундоққина биқинида толиблар ва ИШИД жангариларининг фаоллашиб бораётганидан хавотирда.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, охирги пайтларда Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош Фарёб, Жаузжон каби айрим шимолий вилоятларида хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг жиддий ёмонлашгани кузатилади.

Ўтган бир неча ойнинг ўзида, толиблар, ҳатто, хорижий жангарилар билан иттифоқчиликда Афғонистоннинг Туркманистон билан бевосита чегарадош айрим туманларини маълум муддат тўлиғича босиб олишга ҳам муваффақ бўлишган.

Бу ерларда толиблардан ташқари, яқинда Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига тўлиғича расман байъат келтирган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ҳам ўз фаолиятини қайта жонлантиришга муваффақ бўлгани айтилади.

Устига устак, воқеаларнинг бу каби ривожи катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ кучлари Афғонистонни тарк этаётган бир вазиятда кузатилмоқда.

Манфаатдор томонларнинг ўтган 14 йиллик ҳам ҳарбий ва ҳам дипломатик саъй-ҳаракатларига қарамасдан, афғон можароси ҳануз буткул барҳам топмаган.

Афғонистон президентлик сайлови билан боғлиқ қарийб олти ойлик инқироз эса, Толибоннинг янада кучайишига хизмат қилган.

Толиблар янги афғон ҳукумати қудратга келган бир ярим йилнинг ўзида мамлакатнинг исталган бурчагида деярли ҳар куни ўз ҳужумларини уюштириш даражасида фаоллашишга муваффақ бўлишган.

Афғонистоннинг янги миллий бирдамлик ҳукумати эса, исёнчилар муаммосини асосан тинч йўл билан ҳал этмоқчи.

Аммо, ҳозирча, бу хусусдаги режаларини эълон қилганича йўқ.

Олиб бораётган уринишлари эса, шу пайтгача бирор бир фойда бермаган.

Фақат Туркманистон эмас

Мавжуд вазият сўнгги йилларда қолган Марказий Осиё давлатларининг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Бунгача Афғонистонга бевосита чегарадош Тожикистон қолиб, Қирғизистон ҳам ўз чегараларини мустаҳкамлаш саъй-ҳаракатига тушиб қолишганди.

Улар ушбу масалада Оврўпо Иттифоқидан кўмак сўраган эсалар-да, бу хусусдаги ташвишлари Туркманистонники қадар жиддий тус олмаганди.

Аммо бундан икки йил бурун афғон-туркман чегарасида камида икки қуролли тўқнашув юз берганига оид хабарлар пайдо бўлди.

Туркманистон Афғонистоннинг ғарбий Бодғиз вилоятидан ҳужумга тутилди.

Бир гуруҳ номаълум қуролли шахслар чегарадош ушбу вилоятдан Туркманистон ҳудудига бостириб кирган ва ўзаро отишма чоғида уч туркман чегара қўриқчиси қурбон бўлганди.

Афғонистон ўтган ўттиз йилдан буён қуролли низолар ичида бўлса-да, бу – Туркманистонга қарши уюштирилган биринчи ҳужум сифатида кўрилганди.

Афғонистон ахборот агентликлари ҳужумчилар Толибон жангарилари экани ҳақида хабар тарқатишганди.

Аммо шу пайтгача Афғонистон Толибон ҳаракати ҳужумга масъулиятни ўз зиммасига олиб, бирор бир расмий баёнот билан чиққани йўқ.

Ўзаро чегарада юз берган ҳужум тафсилотларини ўрганган афғонистонлик хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчи ва минтақадаги Би-би-си мухбирлари эса, туркман чегарачиларини ҳужумга тутган шахслар гиёҳванд моддалар контрабандачилари бўлишганини айтишганди.

Бетараф мавқеи боис, Афғонистон Толибон ҳаракати шу пайтгача бирор бир марта Туркманистон тупроғига дахл қилмагани ҳам бор гап.

Бошқа томондан, Толибон тузуми қудратда бўлган даврда ҳам Туркманистон Афғонистон билан ўз алоқаларини узмаган.

Аммо Туркманистон ҳали илк ҳужум ортиданоқ, Афғонистон билан ғарбий чегараларини бир томонлама ёпишга қарор қилганди.

Бу – илк бор икки давлат ўртасидаги чегаранинг расман ёпилиши бўлганди.

Ўзаро чегара
Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Туркманистон Афғонистон билан 750 километрга узанган чегарага эга.

Агар, минтақадан имконли бўлган энг сўнгги хабарларга таянилса, туркман ҳукумати ҳозир ана шу чегараларини мустаҳкамлаш учун мислсиз чораларга қўл урмоқда.

Бундан ташқари, яқинда қуролли кучлари Афғонистоннинг биқинида ўз ҳарбий машқларини ўтказгани ва ўзаро чегарада қўшинлари сони оширилгани ҳақида ҳам хабарлар бор.

Сўнгги пайтларда минтақадан туркман томонининг Афғонистон билан шимолий чегараларининг айрим қисмларини бир неча қаватли тиканли симлар билан тўсиб олаётганига оид хабарлар ҳам олинганди.

Орада Афғонистон билан ўзаро чегарасининг ҳимоясида туркман ҳукуматининг АҚШ дан ёрдам сўраганига оид хабарлар ҳам чиққан, аммо Америка дипломатининг ўтган йил ноябр ойида Ашхободга қилган сафари чоғида Туркманистон томони ортиқ уларнинг кўмакларига эҳтиёжи йўқлигини баён қилгани маълум бўлганди.

Аммо, сиёсий таҳлилчиларга кўра, бу каби зиддиятли хабарлар фақатгина Туркманистоннинг бетараф мавқеи билан боғлиқ эмас.

Уларга кўра, туркман томони, бир тарафдан, хорижий сармоядорларни чўчитишни истамайди.

Бошқа томондан, кўпқутбли сиёсат олиб бориб, ҳеч бир томоннинг кўнглини оғритишни хоҳламайди.

Айнан Афғонистондаги бугунги вазият ва чегаралар хавфсизлиги мавзуси сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг анчайин жонланиб қолган музокаралари кун тартибидаги асосий масалалардан бирига айлангани ҳам айтилади.

Туркманистон
Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Туркманистон дунёнинг энг газ захираларига бой саноқли давлатларидан бири саналса-да, қатор халқаро ҳисоботларда репрессив ва авторитар мамлакат сифатида баҳо топиб келади.

Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволнинг ҳам ўта абгор экани айтилади.

Россия оммавий-ахборот воситаларининг хабар беришича, мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Туркманистонга икки кунлик ташрифидан асосий мақсади ҳам газ масаласи бўлган.

Эслатиб ўтиш жоиз, Россиянинг давлатга қарашли “Газпром” ширкати шу ой бошида Туркманистондан газ сотиб олишни буткул бас қилишини маълум қилганди.

Хитой туркман газига харидор чиқмагунча эса, Туркманистон Россиянинг асосий газ таъминотчиси бўлиб келган.

Аммо Ашхободдан олинган хабарлардан музокарачи томонларнинг газ масаласида айнан қандай тўхтамга келишгани маълум эмас.

Россиядан олинган айрим хабарларга кўра, тез орада икковлон газ соҳасида ҳамкорликни қайта йўлга қўйиш масаласида музокараларга киришишлари мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • ёки
  • BBCUZBEKInstagram
  • BBC UZBEKTwitter
  • BBC UZBEKOdnoklassniki
  • BBC UZBEKFacebook
  • BBC UZBEKGoogle+
  • BBC UZBEKYouTube
  • BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ