‘ИШИД Афғонистонда илк вилоятига асос солди’ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Bangla

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг даъво қилишича, қўшни Афғонистоннинг Покистон билан бевосита чегарадош шарқий минтақаларида ўзининг янги вилоятига асос солган.

Бор-йўғи бир неча йилнинг ўзида дунёдаги энг жангари ва бойвачча гуруҳга айланиб улгурган ИШИД ўз таъбиридаги Афғонистондаги янги вилоятини Яқин Шарқдаги исломий халифатининг бир қисми, деб эълон қилган.

ИШИД нинг айни мазмундаги баёноти қисқа вақтнинг ичида Афғонистон шарқида каттагина ҳудудни босиб олишга муваффақ бўлиши ортидан янграган.

Минтақадан олинган энг сўнгги хабарлардан аён бўлишича, бу ҳудудлар “Ал-Қоида” жангари тармоғи асосчиси, ҳозирда марҳум Усама бин Лодин минтақада ўзининг истеҳкомига асос солган Тора Бора ғорлар мажмуасини ҳам ўз ичига олади.

Сўз эса, асосан Афғонистоннинг Покистоннинг қавмлар яшовчи Вазиристон минтақаси билан бевосита чегарадош шарқий Нангархор вилояти ҳақида бормоқда.

Покистоннинг айнан қавмлар яшовчи Вазиристони сўнгги ўн йилликларда минтақадаги энг йирик ва асосий жангари гуруҳлар бошпана топиб келган ҳудуд сифатида танилган.

Шарқий Нангархор вилояти эса, Афғонистонда кечаётган бир неча ўн йиллик урушлар давомида барча рақиб томонлар учун асосий таянч нуқтаси вазифасини бажариб келган.

Уларнинг орасида собиқ Шўролар Иттифоқига қарши жанг олиб борган мужоҳиддин ҳаракатидан тортиб, Толибон ва “ал-Қоида” тармоғигача бор.

ИШИД гуруҳи Афғонистонда расман масъулиятини ўз зиммасига олиб чиққан илк қонли ҳужуми ҳам Нангархор вилояти маркази Жалолобод шаҳрига тўғри келади.

Ўтган йил апрел ойида юз берган ҳодиса ҳалокатли худкушлик ҳужуми бўлган ва унда ўнлаб инсонлар ҳаётдан кўз юмишганди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, ИШИДнинг сўнгги баёноти айнан Покистонда ўзининг Жанубий Осиёдаги янги тармоғига асос солишидан йил ўтиб янграмоқда.

Тармоқ ўзининг минтақадаги лидери этиб Покистон Толибон ҳаракатининг таниқли собиқ қўмондонларидан бири Ҳофиз Сайид Хонни тайин этган эди.

Лекин, шунга қарамай, минтақадан олинган энг сўнгги хабарлардан аён бўлишича, ҳозирга келиб, айнан Афғонистоннинг шарқий Нангархор вилояти ИШИД Хуросон бўлимининг асосий истеҳкомига айланиб улгурган.

Иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига асосланган Нангархор пойтахт Кобулни Покистоннинг айнан қавмлар яшовчи минтақалари билан боғловчи муҳим савдо-нақлиёт йўлида жойлашган.

Шу боис ҳам, Нангархор Афғонистоннинг тижорат яхши ривожланган иқтисодий таянч нуқталаридан бири сифатида кўриб келинади.

Покистон ва Афғонистон ўртасидаги муҳим Тўрхам чегара кесишув нуқтаси ҳам Нангархор вилоятига тўғри келади.

Бу йўл Афғонистонда кечган ва кечаётган сўнгги ўттиз йиллик урушларда барча томонлар учун ниҳоятда катта аҳамият касб этиб келган.

Нангархор яқин-яқингача Афғонистоннинг афюн энг кўп ишлаб чиқарилувчи вилоятларидан ҳам бири саналган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Афғонистондаги Толибон тузуми ағдарилган 2001 йилги халқаро ҳарбий амалиётлар ортидан, мамлакатни тарк этган 2014 йилга қадар Нангархор хавфсизлигига АҚШ ҳарбийлари масъул кўрилишган.

Нангархор Афғонистоннинг толиблардан ташқари, минтақада ўзининг жангарилиги билан ном чиқарган “Ҳаққоний” тармоғи ҳам фаол бўлган вилоятлардан бири саналади.

Худди шу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу каби вазият Афғонистоннинг айнан шарқий Нангархор вилоятида ИШИД ва Толибон жангарилари ўртасидаги давомий қақшатқич жанглар манзарасида вужудга келган.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Жанубий Осиёдаги қатор кичикларидан фарқли тарзда, ҳар икки Толибон ҳаракати ва “ал-Қоида” тармоғи дохил Афғонистон ва Покистондаги йирик ва асосий жангари ташкилотлар Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига расман байъат келтиришмаган.

ИШИД бундан бир неча йил бурун Яқин Шарқда асос солган исломий халифат ва унинг лидери Абу Бакр ал-Бағдодийни ҳам расман тан олишмаган.

Орада Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Афғонистон Толибон ҳаракатини ИШИДга расман байъат келтиришга ошкора даъват этиб чиққан.

Ҳаракат раҳбарияти эса, бунинг ортидан, гуруҳ лидери Абу Бакр ал-Бағдодийга очиқ мактуб билан чиқиб, уларни Афғонистондан узоқроқ туришга чақирган ва акс-ҳолда бунинг оқибатлари жиддий бўлиши билан огоҳлантирганди.

Афғонистоннинг айнан Покистон билан бевосита чегарадош вилоятларида эса, Толибон лидерларининг уларга қарши фаол тарғибот амалиётлари олиб боришаётганига оид хабарлар ҳам олинганди.

Толибларнинг Нангархордан ташқари, шарқий Ғазний, жанубий Зобул ва Ҳелманд вилоятларида ҳам ИШИД жангарилари билан жангга киришганликлари кузатилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Аммо, худди шу ўринда таъкидлаш жоиз, Афғонистон шарқи, жануби-шарқи ва жанубидан фарқли тарзда, аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимоли ва шимоли-шарқида ИШИД жангариларининг толиблар билан иттифоқчиликка киришгани ва улар билан аёвсиз жанглар олиб боришга муваффақ бўлаётгани ҳам бор гап.

Мавжуд вазият манзарасида аксарият ҳарбий таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, Афғонистонда айнан сўнгги икки йилнинг ичида шаклланган бу каби вазият ўзининг қоришиқ экани билан ҳам хатарлидир ва афғон ҳукуматини жуда мушкул аҳволда қолдиради.

Маҳаллий таҳлилчиларга кўра, бунга, бир томондан, Покистон Қуролли кучларининг сўнгги бир неча йил ичида Афғонистон билан бевосита чегарадош қавмлар яшовчи Вазиристон минтақасида олиб бораётган кенг кўламли давомий ҳарбий амалиётлари сабаб бўлган.

Бу амалиётлар натижасида доимий қароргоҳларидан мосуво бўлган ва бугун ИШИДнинг минтақадаги тармоғининг асосини ташкил этаётган Покистон Толибон ҳаракатининг ўзаги мамлакатнинг шарқий Афғонистон билан чегарадош ғарбий минтақаларидан бошпана топган.

Аммо шу пайтга қадар ИШИД минтақавий тармоғи аъзоларининг аниқ сонига оид расмий маълумотлар имконли эмас.

Ҳарбий доираларда уларнинг сони бир неча юздан бир неча мингтагача экани тахмин этилади.

Минтақавий ҳарбий таҳлилчилар ва жангари ўзлари қилаётган видеолавҳаларга асосланиб хулоса чиқариладиган бўлса, тармоқ аъзоларининг аксариятини собиқ толиблар ташкил этишади.

Уларнинг орасида, бундан ташқари, бундан икки йил бурун Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига тўлиғича байъат келтирган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари ҳам бор.

Агар, сўнгги жанглар мисолида олинадиган бўлса, ИШИД жангариларининг айнан Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари ҳисобига Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош шарқи, жануби-шарқи ва жанубидан аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимоли ва шимоли-шарқи қадар фаоллашишга муваффақ бўлгани кузатилади.

“Янги вилоят” даъвоси нимани англатади?
Фото муаллифлик ҳуқуқи

Айнан Афғонистоннинг шарқий Нангархор вилоятидаги вазиятдан келиб чиқиб баҳо бераркан, айрим маҳаллий ҳарбий таҳлилчиларга кўра, ИШИД Афғонистон ва Покистон дохил бутун минтақа учун реал таҳдидга айланиш потенциалига эга.

Жумладан, Покистондаги етакчи Бача Хон жамғармасининг таҳлилчиси Ходим Ҳусайннинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, бунинг учун ИШИД минтақада аниқ, назарий ва ғоявий мавқеъга эга.

Устига устак, бойлиги ва молиявий қудратининг ўзига янги аъзолар ёллашда берган устунлиги назарда тутилса, ИШИД бутун минтақа учун жиддий таҳдидга айланиш потенциалига эга.

“ИШИД Покистон ва Афғонистон давлатининг ўрнига кўз тикканини аллақачон расман баён қилган. Минтақадан ўзига янги аъзолар ёллаш учун заминга эга. Ўз фаолиятини молиялаш учун салмоқли манбага эга. Устига устак, дунёнинг бу қисмида, йилларки, жангари гуруҳлар тармоғининг мавжудлиги ҳам уларга устунлик беради. Буларнинг барчасига қўшимча, ИШИД нинг глобал жиҳод ва башарий исломий халифат қуриш ғоясига ҳам одамларни ўзига жалб этмай қолмайди”, - дейди Покистондан етакчи таҳлилчи бўлган суҳбатдошимиз.

Айни ўринда шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, ИШИДнинг Афғонистон ва Покистонда бу қадар фаоллашуви ҳар икки Толибон ҳаракати сафларида жиддий бўлинишлар юз берган ва ҳаракат асосчиси Мулла Муҳаммад Умарнинг бундан уч йил қазо қилгани расман ошкор бўлган бир вазиятда кузатилмоқда.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, устига устак, ҳаракат янги лидерлари мутлақ барчасининг Афғонистон жанубидан экани ҳам мамлакатнинг бошқа минтақаларидан бўлган Толибон жангарилари орасида норозиликнинг кучайишига хизмат қилган бошқа бир омилга айланган.

Бунда Афғонистонда жуда кучли бўлган қавмий ва мазҳабий бўлинишлар муҳим роль ўйнаган.

Уларнинг айтишларича, ўзи эга бўлган улкан молиявий ресурслар манзарасида ҳар икки Толибон ҳаракати сафларида вужудга келган бу каби вазият Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи учун ниҳоятда қўл келган, уларнинг собиқ толиблар ҳисобидан минтақада ўзларига юзлаб янги жангарилар ёллашлари учун замин яратган.

ИШИД бунинг ортидан, ўнлаб покистонлик тарафдорлари воситасида Афғонистоннинг, айниқса, Покистон билан чегарадош олис шарқий минтақаларидан юзлаб собиқ толибларни ўз сафларига тортишга муваффақ бўлган.

Уларга катта миқдорда ойлик маоши, қурол-яроғ ва ўз таъбирларида, “глобал жиҳодда иштирок этиб, шаҳид бўлиш” имкониятини таклиф қилган.

Маҳаллий таҳлилчиларга кўра, айниқса, ИШИДнинг бойлиги ҳануз дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири сифатида қолаётган Афғонистонда маҳаллий аҳолини ҳам беэътибор қолдирмаган.

ИШИД, айниқса, Афғонистоннинг шарқий Нангархор вилоятидан кўплаб маҳаллий ёшларни ҳам ўз сафларига жалб этишнинг уддасидан чиққан.

Афғонистоннинг 34 та вилоятидан биттаси бўлган Нангархор аҳолисининг сони эса, қарийб бир ярим миллион киши атрофида экани тахмин этилади.

Агар, минтақавий таҳлилчи суҳбатдошимиз Ходим Ҳусайннинг сўзларига таянилса, улар Сурия ва Ироқнинг ўзида жанг қилиш учун ёллашга улгурган одамларнинг сони ҳам озмунча эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Унинг айтишича, ИШИД шу пайтгача минтақадаги жангари гуруҳлар синдикатига бошчилик қилиб келган “ал-Қоида” тармоғининг ўрнини эгаллаш потенциалига ҳам эга.

“ИШИД ғоявий жиҳатдан аллақачон минтақада ўз ўрнини топган. Бунда гуруҳнинг Сурия ва Ироқда каттагина ҳудудни босиб олиб, ўз исломий халифатига асос солгани воқеълиги ҳам озмунча таъсирга эга бўлмаган. Бунинг ортидан, ИШИД минтақада ўзининг тармоғига, сўнгроқ, ҳатто, FM радиоасига асос солган. ИШИДнинг FM радиоси жорий пайтда Афғонистон ва Покистон ўртасидаги қавмлар яшовчи улкан ҳудудларни қамраб олади. Устига устак, гуруҳ Афғонистон ва Покистоннинг чегара минтақаларида ўзининг ҳарбий тайёргарлик жамлоқларига ҳам асос солган. Покистоннинг Фейсалободи, Панжоб, Кветта, Карачи шаҳарларидан тортиб, Афғонистоннинг шимоли қадар ўзига янги аъзолар ёллаш даражасига етган. Жанг олиб бориш услуби шафқатсиз экани ва минтақада аллақачон эга бўлган устунликлари назарда тутилса, ИШИД бутун минтақа учун реал таҳдидга айланиш имкониятига эга”, - дейди Покистондан таҳлилчи Ходим Ҳусайн.

Қоришиқ баҳолар...
Фото муаллифлик ҳуқуқи

Худди шу манзарада афғон раҳбариятининг ИШИД хавфини пасайтириб кўрсатувчи устма-уст баёнотлари янграган эса-да, Афғонистон ичкарисида гуруҳ жангариларининг маҳаллий толиблар билан иттифоқчиликда шу йил баҳорида қақшатқич ҳужумлар уюштириш, мамлакат шимоли-шарқида ҳам ўз вилоятларига асос солиши эҳтимолидан хавотирлар жиддий.

Жумладан, Афғонистон парламенти қуйи палатаси куни-кеча мамлакат барча куч тизимлари раҳбарларини ўз ҳузурига чорлаган, уларнинг бу каби эҳтимолга қанчалик тайёр эканликлари билан қизиққанди.

Би-би-си Ўзбек Хизмати суҳбатлашишга муваффақ бўлган айрим парламент вакилларига кўра, айнан халқаро коалиция томонидан Яқин Шарқда олиб борилаётган ҳарбий амалиётлар босими остида ИШИД сафларидаги юзлаб Покистон ва афғонистонлик жангариларнинг жанг қилиш учун ортга қайтишларидан ҳам ташвишдалар.

Афғонистон парламентида бўлиб ўтган худди шу мажлис тафсилотларидан аён бўлишича, жангарилар баҳорги ҳужумларига тайёргарлик мамлакат раҳбарияти даражасида олиб борилмоқда.

Худди шу манзарада расмий Пентагон Афғонистондаги ҳарбийларига ўз хавфсизликларига таҳдид солган тақдирида қолган барча жангари гуруҳлар қаторида ИШИДнинг мавқеъларига ҳам ҳужум қилиш ҳуқуқини берган, АҚШ Мудофаа вазирлигининг бу қарори минтақадаги аксарият учун кутилмаган бўлганди.

Ўз Давлат департаментининг террорчи ташкилотлар “қора рўйхати”га киритилган эса-да, АҚШ ҳарбийлари шу пайтгача Афғонистондаги ИШИД хавфининг минимал эканини таъкидлаб келишаётганди.

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг Афғонистон шарқида ўзининг “янги вилоятига асос солгани”га оид баёноти эса, худди ана шу хабарлар ортидан ўртага чиққан.

Сўнгги баёноти манзарасида таҳлилчилар яна бир муҳим нуқтага – бошқа экстремист жангари ташкилотлардан фарқли тарзда, ИШИД ўзи босиб олган ҳудудларни осонлик билан қўлдан бой бермаслиги ва уларни янада кенгайтиришга жон-жаҳди билан ҳаракат қилувчи гуруҳ эканига эътибор қаратишган.

Бошқа томондан, ИШИДнинг сўнгги даъвоси Яқин Шарқдаги исломий халифати ҳар томондан Ғарб ва Саудия Арабистони бошчилигидаги ҳарбий иттифоқнинг ҳаво ҳужумлари остида қолган бир вазиятда янграган.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, Афғонистонда ҳар томондан ўз таъсир доирасини кенгайтириш Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи учун худди шу жиҳатдан ҳам муҳим.

Аммо, уларнинг таъкидлашларича, ИШИДнинг минтақага оид режаларининг тақдирини Яқин Шарқда гуруҳ иштирокида кечаётган жангларнинг натижаси белгилайди.

Агар, расмий Пентагоннинг даъволарига таянилса, ИШИД минтақада бутун дунё бўйлаб ўз ҳужумларини уюштиришга асос берувчи янги истеҳкомига асос солишни мақсад қилган.

Афғонистон шарқидан олинган энг сўнгги хабарларга кўра эса, АҚШ ҳарбийлари 1 феврал куни ИШИДнинг шарқий Нангархор вилоятидаги қатор объектларига ҳаводан туриб зарба бериб ҳам улгуришган. Гуруҳнинг вилоятда асос солган “Халифат овози” радиосини ишдан чиқаришган.

Айрим халқаро ҳарбий таҳлилчилар эса, худди шу манзарада сўнгги йилларга келиб глобал жиҳод ғоясининг халқаролашиб улгурганига эътибор қаратишган, бунинг хавфли тенденция эканини таъкидлашга тушишган.

Британиядан бўладими, Америка, Туркия, Индонезия, Буркина Фасо ёки Афғонистоннинг олис бир ҳудудидан, барча жангариларнинг ягона бир оқлов асосида зўравонликларга қўл уришга ўтишганини урғулашган.

Уларга кўра, ҳар қандай шароит ва маънода ҳам, ИШИДнинг Афғонистонга оид режаларига панжа ортидан қараб бўлмайди ва жорий пайтда гуруҳ минтақа учун янгитдан бўй кўрсатаётган хавфга айланганини эътироф этмасликнинг иложи йўқдир.

Айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, бунга, қисман Афғонистон ва Покистон ҳукуматларининг ўзлари ҳам сабабчи бўлишган, ўтган икки ярим йил ичида минтақада ИШИДнинг ҳозирлигини тан олмай келишган.

ИШИД минтақадан фаоллик билан ўзига янги аъзолар ёллаётганига оид хабарлар ва таҳлилчиларнинг баҳоларини инобатга олмасликни маъқул кўришган.

Уларнинг айтишларича, бошқа томондан, ўтган бир неча ўн йил давомида минтақада ИШИДга ўхшаш гуруҳларнинг фаоллашиши учун замин ҳам пайдо бўлган.

Яна бир тарафдан, уруш иқтисодиёти бу минтақада ҳам аллақачон илдиз отиб улгургани ИШИДнинг фаоллашувига имкон ҳозирлаган салмоқли омиллардан бирига айланган ва таҳлилчиларга кўра, ҳозир бунинг орқасидан кун кўраётган инсонларнинг сони бир неча мингга етган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/
  • bbcuzbekInstagram
  • BBC UZBEKTwitter
  • BBC UZBEKOdnoklassniki
  • BBC UZBEKFacebook
  • BBC UZBEKGoogle+
  • BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK(https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ