Тожикистонда Ислом партияси устидан маҳкама

Image caption 2015 йил сентябр ойида партия фаолияти Тожикистонда тақиқланган.

9 феврал куни Тожикистон Олий маҳкамасида Тожикистон Ислом Уйғониш партияси иши бўйича дастлабки мажлис бошланган.

Партиянинг 13 аъзоси- Саидумар Ҳусайний, Муҳаммадали Ҳайит, Абдуқаҳҳорий Давлат, Раҳматуллои Ражаб, Зубайдуллои Розиқ, Муҳаммадали Файзмуҳаммад, Ҳикматулло Сайфуллозода, Қиёмиддин Авазов, Зарафо Раҳмоний, Маҳмадшариф Набиев, Абдусамад Ғайратов, Саттор Каримов ва Воҳидхон Косидиновлар бугунги маҳкамага келтирилган.

Image caption Ислом партиясининг аъзолари оғир жиноятларда айбланганлар.

Уларнинг ҳаммаси "терроризм", "жиноий ташкилот тузиш", "конституцион тузумни куч билан ўзгартиришга чақириқ" ва "ҳокимиятни эгаллаб олиш" каби қатор жиноятларда айбланмоқдалар.

Маҳкама "миллий хавфсизлик манфаатлари юзасидан" ёпиқ тартибда ўтади. Маҳкама залига судланувчиларнинг биттадан қариндоши иштирок этишига рухсат этилган.

2015 йил сентябрда давлат тўнтариши содир қилишга уринишда айбланиб 100 дан ортиқ киши ҳибсга олинганди.

Тожикистон ҳукумати 200 киши қатнашган ушбу ҳаракат бошида собиқ мудофаа вазири Абдуҳалим Назарзода тургани ва тарафдорлари билан тоққа қочган вазир ҳукумат кучлари томонидан ўлдирилганини маълум қилган.

Image caption Парламент сайловидан кейин мамлакатни тарк этган Муҳиддин Кабирийнинг ўзи айни пайтда халқаро қидирувга берилган.

Бош прокуратура партия раҳбари Муҳиддин Кабирийни сентябр ойида собиқ Мудофаа вазири ўринбосари Абдуҳалим Назарзода бошчилигида қуролли қўзғолонни ташкиллаштиришда айблаган.

Муҳиддин Кабирий бу айбловларни рад этиб келади.

Шунга қарамасдан, 2015 йил августида Тожикистон Олий маҳкамаси Ислом партияси фаолиятини тақиқлади. Сентябр ойида "экстремистик ва террористик ташкилот" деб атади.

Парламент сайловидан кейин мамлакатни тарк этган Муҳиддин Кабирийнинг ўзи айни пайтда халқаро қидирувга берилган.

Би-би-сига маълум бўлишича, Ислом Уйғониш партияси фаолларининг оила аъзоларига нисбатан ҳам босимлар кучайган.

Ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан уларни тергов қилиш ва таҳқирлаш одатий тус олгани айтилади.

Қамоққа ташланган фаолларнинг адвокатлари ҳам ўзларига нисбатан босимлардан шикоят қилганлар.

Исломий партия тақиқланмасидан олдин МДҲ давлатлари ичида расман рўйхатга олинган биринчи исломий партия эди.

Ислом Уйғониш партияси диний раҳбар Саид Абдулло Нурий томонидан ҳали шўролар даврида, 1973 йил тузилган. Бироқ 1991 йил кузигача Тожикистонда ноқонуний ҳисоблаб келинган.

1992-1997 йилларда Тожикистондаги фуқаролик уруши йилларида партия Бирлашган тожик мухолифати сафига кирган ва ҳукумат кучларига қарши курашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи httpwww.president.tj
Image caption Эмомали Раҳмон.

1997 йил Нурий ва Тожикистон Президенти Раҳмон "Тожикистонда тинчлик бўйича келишув"ни имзолаганлар. Партия рўйхатга олинган ва бир қанча аъзоларига ҳукумат сафларидан жой берилган. 2006 йил Нурий ўлимидан сўнг унинг ўринбосари Муҳиддин Кабирий партияни бошқариб келган.

Кўпгина кузатувчилар Ислом партиясига босимларни Эмомали Раҳмоннинг мамлакатда эътиборли бўлган мухолиф кучлардан қутулиш ҳаракатлари сифатида баҳолайдилар.

Сиёсатшунос Парвиз Муллажоновга кўра, Ислом Уйғоний партиясининг тақиқланиши ҳукумат томонидан қўйилган энг катта хатолардан биридир.

Мамлакатдаги ишсизлик ва коррупциянинг мисли кўрилмаган даражада тарқагани, мутахассисларга кўра, жамиятда экстремистик кайфиятдаги диний гуруҳларни фаоллашувига сабаб бўлмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ