Тожикистонда 'ИДга алоқадор'лар қамалди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption "Исломий давлат" байроғи.

Тожикистоннинг Ҳатлон вилояти маҳкамаси Нурек шаҳрилик 13 кишини 'Исломий давлат'га алоқадор деб топиб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум этган.

Нуреклик йигитлар шаҳарда ИД байроғини осиб кетганганликда айбланганлар.

Шунингдек, 13 судланувчи "мамлакат конституцион тузумини куч билан ўзгартириш", "экстремистик фаолият олиб бориш" ва "жиноий ташкилот тузиш" моддалари бўйича айбдор топилганлар.

Судланганларнинг энг ёши 21да, улар орасида 74 ёшли кекса киши ҳам бор.

13 фуқаро ўтган йил август ойида Тожикистон ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари ходимлари томонидан ушланган.

ИИВга кўра, судланувчилар интернетда 'Исломий давлат'нинг Юнус исмли жангариси билан танишганлар.

"Юнус бизни ИД байроғини ўрнатганимизни суратга олиш ва унга юборишимизни сўради", деб айтган улар. Айбланганлардан бири Давлиё Саидов дастлаб ҳеч нарсадан шубҳаланмаганлари, Юнус гўё уларни гипноз қилиб қўйгандек бўлганини айтган маҳкамада.

Бундан аввал Ҳатлон вилоят маҳкамаси Шаҳритуск туманилик етти кишини ИД байроғини шаҳарда осиб кетгани учун 7 йилдан 27 йилгача озодликдан маҳрум қилган эди.

Сурия ва Ироқдаги урушларда қатнашиш учун ўнлаб марказий осиёликлар Россия ва Туркия орқали уруш майдонларига кетаётганлиги бот-бот тилга олинади.

Тожикистон Ички Ишлар вазири Рамазон Раҳимзодага кўра, Сурия ва Ироқда мингга яқин тожикистонлик бор. Улардан 156 таси ушланган, 61 нафари ўз ихтиёри билан ортга қайтган. Яна 147 киши жангларда ҳалок бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Тожикистонлик собиқ зобит Гулмурод Ҳалимов ИШИД сафларига кирган.

2015 йил июнда Тожик ҳукумати ИД сафига кириш учун кетганлар мамлакат фуқаролигидан чиқарилишини эълон қилганди.

'Исломий давлат' ва 'Нусра фронти' жангари гуруҳларида кўплаб марказий осиёликлар борлиги айтилади.

Бироқ Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари "Исломий давлат"га алоқадорликда кўплаб тинч диндор фуқароларни ҳам қамоққа ташлаётгани ҳақида хавотирлар янграйди.

Ҳуқуқ ташкилотлари ва фаолларнинг айтишича, ҳукуматлар шу тариқа мухолифларидан қутулишнинг янги чорасини топган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ