Жамала Овронигоҳда қрим татарлар ҳақида куйлайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Украина бу йилги Овронигоҳ учун қрим татар халқининг совет диктатори Иосиф Сталин томонидан бадарға қилиниши тўғрисидаги қўшиқни танлаган.

Хонанда Жамала куйлаган 1944 йил қримтатарлар фожеаси унинг ўзининг оиласини ҳам четлаб ўтмаган. Сталин 240 минг қрим татарларни Ўрта Осиёга бадарға қилганда, улар орасида қўшиқчининг катта бувиси ҳам бўлган.

Минглаб инсонлар йўлда очликдан ва касалликдан вафот этадилар.

Инглиз тилидаги қўшиқда нақорат сўзлари қрим татар тилида янграб, уларнинг бошига солинган азоб-уқубатлар куйланади.

Қўшиқ шундай сўзлар билан бошланади: "Улар сизнинг уйларингизга келишади, улар ҳаммангизни ўлдиришади ва биз айбдор эмасмиз, дейишади".

Чорасизлик

2014 йилда Россия томонидан Қримни босиб олиниши яна 1944 йил воқеалари билан боғлиқ хотираларни ёдга солган. Овронигоҳ-2004 ғолиби украиналик Руслана Жамаланинг қўшиғи ҳақида шундай дейди:" Бу қўшиқ... бу айнан ўша нарса, Украинада бугун биз шунинг учун азоб чекяпмиз".

"Бу қўшиқ ҳақиқатдан менинг оилам ҳақида десам бўлади", деб айтган Жамала. Сталин татарларни немис фашистлар билан ҳамкорлик қилишда айблаб, ҳозирги Марказий Осиё мамлакатларига депортация қилганида, Жамаланинг ҳали ўттизга кирмаган катта бувиси ҳам тўрт ўғли ва қизи билан қувғинга учрайди. Болаларнинг бири йўлда ҳалок бўлади.

"Бу қўшиқ менга енгиллик беради, уни катта бувимни хотираси учун, ўша қабри ҳам йўқ қизнинг хотираси учун куйлайман", дейди у.

"Россия келиб, ерларини босиб олганида ўзини ҳимоясиз сезган одамлар қўшиғимни эшитишлари учун Овронигоҳда қатнашяпман" деб қайд этади украиналик хонанда.

Жамала асли Қирғизистонда катта бўлган. Қрим татарлар ватанларига қайтишга рухсат берилган 1990 йилларда оиласи билан Қримга қайтади. Дастлаб Симферополь мусиқа билим юртида, сўнгра Киев Миллий мусиқа академиясида опера қўшиқчилиги бўйича таҳсил олади.

Сиёсий қўшиқлар мумкин эмас

32 ёшли қўшиқчи 1944 йил воқеалари ҳақида куйлаётганида Қримда қолган оила аъзолари, миллатдошлари ҳақида кечаётган фикрлари билан ўртоқлашган.

"Қрим татарлар ҳозир қамалда қолганлар, уларга жуда оғир", деган у. "Улар катта босим остидалар. Уларнинг баъзилари бедарак йўқолганлар. Бу одамни даҳшатга солади. Мен тарих яна қайтарилишини истамайман".

Овронигоҳ шартига кўра, сиёсий мазмундаги қўшиқ билан танловда қатнашиш тақиқланади.

2009 йилда Гуржистон гуруҳига Россия Президенти Владимир Путинга қаратилган ҳазил қўшиғи билан танловда иштирокига рухсат берилмаган. Қўшиқ Россия армияси Жанубий Осетияга олиб кирилишидан бир йил ўтиб чиқарилган.

Бу йилги Овронигоҳ танлови май ойи охирида Швеция пойтахти Стокгольмда бўлиб ўтади.

2015 йил Австрия пойтахти Венада ўтган "Овронигоҳ" мусиқий танловда швециялик қўшиқчи Монс Селмерлев "Hero" қўшиғи билан ғолиб бўлганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon