Тожик зобитлари қорадори билан ушланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Тожикистонда милиция ходимларининг қорадори савдосига аралашгани тез-тез кузатилади.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигидан хабар беришларича, вазирликнинг гиёҳванд моддаларга қарши кураш бошқармасининг тўрт ходими Афғонистондан Тожикистонга наркотик ўтказишга ҳаракат қилаётган пайтида ҳибсга олинган.

Тўрт ходим Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг Гиёҳванд моддалар ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича минтақавий бошқармасида ишлаганлар.

Улар Афғон-Тожик чегарасида 56 килограмм наркотик билан қўлга олинганлар.

Милиционерлар устидан жиноят иши қўзғатилган.

Расмий рақамларга кўра, ўтган йил мамлакатда ички ишлар идораларининг 10 ходими ҳибс қилинган. Улар орасида мудофаа вазирлиги ва хавфсизлик хизмати ходимлари ҳам борлиги айтилган.

Охирги 22 йилда Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва куч ишлатар тизимлари томонидан 113 тоннадан ортиқ гиёҳванд моддалар, жумладан 34 тонна героин моддаси мусодара қилинган.

Ўтган йили Тожикистон ўз чегарасида олти тонна героин ва афюнни ҳибс қилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek.com
Image caption Тожикистонда ҳар йили ўнлаб тонна гиёҳванд моддалар мусодара қилинади.

Бу эса Афғонистонда ундириладиган 6500 тонналик ҳосил қаршисида "денгиздан томчи"дир.

Жаҳонда ишлаб чиқариладиган афюннинг 90 фоизи Афғонистон ҳиссасига тўғри келади.

БМТга кўра, 2014 йилда Афғонистонда афюн етиштириладиган ҳудудлар 7 фоизга кенгайган.

Тожикистон Гиёҳванд моддалар назорати агентлигига кўра, Афғон афюн ҳосилининг 22 фоизига қадари Оврўпога айнан Ўзбекистон ва Тожикистон орқали ташилади.

45 фоизи эса Эрон, 38 фоизи Покистон орқали Оврўпага етказилади.

Бу каби даъволарни мустақил текшириб кўришнинг имкони йўқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Афғонистонда афюн етиштириш ортиб бормоқда.

"Гиёҳванд моддалар савдоси бўйича вазиятнинг ўзгариши Афғонистонга боғлиқ, чунки биз қўлга оладиган гиёҳванд моддаларнинг бари шу давлатдан келади”, дейди Тожикистон Гиёҳванд моддалар назорати агентлиги вакили.

Маълумотлар кўрсатишича, Марказий Осиёнинг барча жангари гуруҳлари, улар орасида "Ансаруллоҳ" ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати, "Исломий давлат" гуруҳи, Толиблар ҳам гиёҳванд моддалар савдосига алоқадордир.

Бир килограм героин нархи Тожикистон ва Афғонистон чегарасида $20,000 бўлса, Париж ёки Лондонда $400,000 га чиқади.

Ғарб дипломатлари ва Тожикистон мулозимларига кўра, эндиликда Афғонистон ва марказий осиёлик гиёҳванд моддалар савдогарлари "ишлаб чиқарувчилар" билан бевосита олди-берди қилишлари "вабо савдоси" га қарши курашни янада мураккаблаштиради.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ