Қозоғистон журналистлар уюшмаси раҳбари ҳибс қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қозоғистон Журналистлар уюшмаси раиси Сейтқази Матаев ва унинг ўғли КазТаг ахборот агентлиги бош директори Асет Матаевлар ҳибсга олинган.

Ота-бола журналистларни давлат маблағини талон-тарож этишда гумон қилмоқдалар.

Сейтқази Матаев Қозоғистон Миллий матбуот-клубининг раиси лавозимини ҳам эгаллаб келган.

"Одил сўз" Халқаро сўз эркинлигини муҳофаза қилиш жамғармасига кўра, КазТАГ Қозоғистондаги давлат назорати остида бўлмаган кам сонли агентликлардан бири бўлган.

Шунингдек, Сейтқази Матаев томонидан ташкил этилган матбуот-клуби очиқ диалог майдончаси ролини ўйнаб келган.

Айни шу икки жиҳат ота-ўғил Матаевларга қарши жиноят иши қўзғатилишининг сабабларидан бири бўлиши мумкин, деб ҳисоблашади "Одил сўз" фаоллари.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги коррупцияга қарши бюросидан билдиришларича, давлат сиёсатини ёритиб бориш мақсадида 2011-2015 йиллари маблағ ажратилган.

Бироқ, расмийларга кўра, шартномада имзоланган мажбурият бажарилмаган.

Сейтқази Матаевни 300 миллиондан зиёд Қозоқ тангаси ёки тахминан 850 минг долларни ўзлаштириш, шунингдек, шу йиллар давомида қўлга киритган даромадларидан солиқ тўламаганликда гумон қилмоқдалар.

Қозоғистонлик журналистларга кўра, Сейтқази Матаев мамлакатда кўзга кўринган журналистлардан биридир.

У 1991-1993 йилларда Қозоғистон президентининг матбуот котиби бўлган.

Бир муддат Қозоғистон бош вазири матбуот котиби лавозимида фаолият юритган.

Қозоғистон президенти қошидаги оммавий ахборот воситалари бўйича жамоат кенгаши раиси ҳам бўлган.

Миллий матбуот-клуби 1997 йили журналистларнинг ижтимоий бирлашмаси сифатида ташкил этилган ҳамда Қозоғистондаги брифинг ва матбуот конференциялар ташкиллаштириладиган асосий жой бўлиб келади.

Сейтқази Матаев ва ўғли Асет Матаев ўзларига қўйилган айбловларни рад этганлар.

22 феврал куни эрталаб Олма-Ота шаҳрида ота-бола матбуот анжумани ташкил қилганлар ва журналистларни таклиф этганлар.

Бироқ матбуот конференциясини бошлашга рухсат берилмаган, ота-ўғил Матаевлар ҳибсга олинган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ