Генерал Дўстум яна шимолда

Хабарларга кўра, Афғонистон вице-президенти мамлакатнинг қўшни Туркманистонга бевосита чегарадош Жаузжон вилоятининг икки туманини Толиблардан тозаламоқчи.

Шунингдек, яқинда вилоятда Толибон жангарилар томонидан ўғирлаб кетилиб, бошлари танасидан жудо этилган тўрт афғон аскари учун қасос олмоқчи.

Генерал Абдулрашид Дўстумнинг чиқишидан аён бўлишича, у Афғонистон шимолига мамлакат президенти Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг фармойиши билан келган.

Минтақада бўлган мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг хабар беришича, таниқли ўзбек генералининг ўзи Жаузжон вилояти маркази Шибирғон шаҳрига кеча сешанба куни етиб борган.

Ўша куннинг ўзида режаланаётган янги амалиётларга ҳозирлик кўраётган юзлаб маҳаллий ҳарбийлар қаршисида чиқиш қилган.

Абдулрашид Дўстумнинг сўзларига таянилса, вилоятнинг Қўш-тепа ва Дарзоб туманларидаги янги ҳарбий амалиётларда камида 10.000 нафар ҳарбий иштирок этади.

Генерал жанобларига кўра, бу жангчилар аксариятини Афғонистоннинг шимолий вилоятларидаги ҳарбийлар ва полиция кучлари ташкил этишади.

Шунингдек, янги ҳарбий амалиётларда Толибларга қарши исён кўтарган маҳаллий аҳоли ва ҳукумат кучларига мойил собиқ мужоҳиддин қўмондонлари ҳам иштирок этишлари эҳтимоли йўқ эмас.

Қўш-Тепа ва Дарзоб шимолий Жаузжон вилоятининг, йилларки, энг беқарор иккита тумани саналиб келинади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи videodan

Агар, маҳаллий масъулларнинг сўзларига таянилса, бу икки тумандаги Толибларнинг сони бир неча юзга етади ва уларнинг орасида Афғонистоннинг Жаузжонга қўшни бошқа шимолий вилоятлари, жумладан, Сарипулдан келган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари ҳам бор.

Мухбиримизнинг хабар беришича, бу жангарилар бундан уч ой бурун Қўш-Тепа туманидаги қатор қишлоқларни ўз тасарруфлари остига олишган.

Маҳаллий аҳолидан ушур олишга ўтишган ва ўзларини кунига уч маҳал овқат билан таъминлашларини шарт қилиб қўйишган.

Туман марказидан 30 чақиримча берироққача кириб боришга муваффақ бўлишган.

Афғонистон Қуролли кучларининг минтақадаги қўмондонлиги воизи Ризо Ризоийнинг айтишича, яқинда катта сондаги Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари Қўш-Тепа ва Дарзобга келиб, бу икки тумандаги қатнов йўлларини миналаштиришган.

Воиз жанобларига кўра, Жаузжон вилоятининг бу туманларини босиб олиш учун афғон ҳукумат кучларига қарши урушаётган Толибларнинг аксарияти ҳам асли ўзбекистонлик ва жангларга ҳам айнан улар бошчилик қилишмоқда.

“У ерда жанг қилаётган исёнчилар кўпчилигини ҳозирда марҳум Тоҳир Йўлдош(Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг собиқ раҳбари – муҳ.)нинг ўғли Абдулазиз бошчилигидаги ўзбекистонликлар ташкил этишади. Ҳозир Сарипулда асли ўзбекистонлик бўлган юздан ортиқ Толиб бор ва хавфсизлик кучларига қарши жанг қилишмоқда”, - дейди у.

Ризо Ризоийга кўра, бу жангарилар Жаузжон вилоятининг Қўш-Тепа туманидаги сўнгги жангларда ҳам иштирок этишган, улардан бир неча нафари ўлдирилган ва ярадор бўлган.

Қўш-Тепа туманини вилоят маркази Шибирғон билан боғловчи қатнов йўлларидаги таҳдидлар ҳам бартараф этилган.

Аммо, унга кўра, Толиблар туманнинг Тошкўтар ва Пашшахол қишлоқларида жойлашиб олиб, афғон ҳукумат кучларига қарши ўз жангларини давом эттиришмоқда.

Ҳарбийлар воизининг сўзларидан аён бўлишича, Толибларнинг тумандаги мавқеълари орада ҳаводан ҳам ҳужумга тутилган.

Генерал Дўстум бошчилигидаги янги ҳарбий амалиётлар хабари эса, Афғонистон Қуролли Кучлари маҳаллий қўмондонларининг туманни Толиблардан буткул тозаламагунча, тинчимасликларига оид ваъдалари манзарасида ўртага чиққан.

Минтақадаги мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, генерал Абдулрашид Дўстум кеча сешанба кунидан буён Қўш-Тепа туманида ва у ерда аллақачон янги ҳарбий амалиётларни бошлаб юборган.

Бир-бирига қўшни Дарзоб ва Қўш-Тепа шимолий Жаузжон вилоятининг иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига асосланган туманлари саналишади.

Бу икки туманда азал-азалдан асосан ўзбеклар ва туркманлар истиқомат қилиб келишган.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Афғонистон вице-президенти бундан аввал ҳам мамлакатнинг Туркманистон билан бевосита чегарадош Жаузжон вилоятида Толибларга қарши ҳарбий амалиётларга шахсан ўзи бошчилик қилган.

Аммо вилоятнинг биргина икки тумани атрофида вужудга келган бугунги аҳвол бу амалиётларнинг қанчалик самарали бўлганини савол остига олмай қўймайди.

Генерал Дўстумнинг ўзи ҳам Шибирғонда қилган сўнгги чиқишида аскарларнинг сони кўп эса-да, ҳарбий амалиёт ва жангларни ташкиллаштириш ишларида заифликлар борлигини алоҳида таъкидлаб ўтган.

Аммо, кеча сешанба куни маҳаллий вақт билан тушдан кейин ўз йўлини Қўш-Тепа туманига соларкан, Афғонистон вице-президенти жангларда қўллари баланд келишига ишончи комил эканини баён қилган.

Жангчилардан эса, ҳарбий амалиётлар чоғида маҳаллий аҳолининг мол-мулкларига дахл қилмасликлари ва ўз асирларига қўпол ёндашмасликларини сўраган.

Генерал Абдулрашид Дўстум вице-президентлик мақомида ўтган йил август ойида Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош бошқа бир – шимолий Фарёб вилоятида ҳам исломий жангариларга қарши йирик ҳарбий амалиётларга бошчилик қилганди.

Жаноб Дўстум ўшанда ўзларига қарши Толиблар эмас, ИШИД сафларидаги ўзбеклар жанг қилишаётганини айтганди.

“Биз билан урушаётганларнинг кўпчилиги ИШИДчилардир. Уларнинг орасида чечен, уйғурлар, аммо кўпроқ ўзбекистонлик мухолифлар бор...”, деганди ўшанда Афғонистон вице-президенти Би-би-си билан суҳбатида.

Генерал Абдулрашид Дўстум бошчилигида кетма-кет уюштирилаётган бу каби ҳарбий амалиётлар ўтган бир йилдан ортиқроқ вақт ичида Афғонистон шимоли-шарқидаги вазият жиддий ёмонлашиб бораётган бир манзарада кузатилмоқда.

Ғарб қўшинларининг оммавий сафарбарлиги ортидан, бу ерларда Толиблар қайта фаоллашишнинг уддасидан чиқишган.

Бу орада Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳи ҳам минтақага ҳар томондан сизиб киришга муваффақ бўлган.

Бу жангариларнинг аксариятини эса, ўтган йил охирида ИШИД гуруҳига тўлиғича расман байъат келтирган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари ташкил этишади.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Толибоннинг Афғонистон ҳукумати билан тинчлик музокаралари олиб боришига қарши.

Фото муаллифлик ҳуқуқи videodan

Фарёбдаги ўтган йилги йирик ҳарбий амалиётлар арафасида эса, ҳаракат Толибларни ҳам ўзларига ўхшаб Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига расман байъат келтиришга даъват этиб чиққанди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг ушбу чақириғига нисбатан бўлгани каби, Жаузжондаги сўнгги ҳарбий амалиётларга ҳам Толибон, ҳозирча, бирор бир муносабат билдириб чиқмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ