Ўшда 16 аёл ҳизбчиликда гумонланмоқда

Қирғизистоннинг Ўш вилоятида “Ҳизб ут-Таҳрир” аъзолигида гумонланиб 16 аёл қўлга олинган.

Қирғизистон Ички Ишлар Вазирлигининг Ўш вилоят бўлими матбуот котиби Жениш Аширбаевнинг маълум қилишича, Қорасувда "Ҳизб ут- Таҳрир" диний-экремистик ташкилотининг аёллар қаноти фаолияти фош этилган.

Прокуратура рухсати асосида Қорасув шаҳри уйларининг бирида ўтказилган тинтув натижасида ўндан ортиқ аёл ҳибсга олинган. Улардан эктремистик мазмундаги материаллар топилган.

Аёллардан уч нафарига жиноий иш қўзғатилди – дейди Жениш Аширбаев.

“Аёллар уйда ислом ҳақидаги китобларни ўқиб, ўрганишлик учун йиғилганликларини айтмоқда".

"Уларнинг экстремистик гуруҳга алоқаси бор ёки йўқлиги, тергов ишлари якунланганидан кейин аниқланади. Шунингдек, диний экспертиза ҳам ўтказилади” – дея қўшимча қилди Ўш вилояти Ички ишлар бўлими матбуот котиби Жениш Аширбаев.

Жорий йилнинг 19 феврал куни Ўш вилоятига қарашли Қорасув шаҳрида туман милицияси олдида “Ҳизб ут- Таҳрир“ аъзолари тўпланганлар.

Норозилик намойиши ҳақида гуруҳ аъзоси Би-би-сига қуйидагиларни айтиб берди:“Биз норозилик акциямизда, милиция тарафидан мусулмонларга ўтказилаётган тазийқларни тўхтатилишини талаб қилиб чиқдик. Сўнгги пайтда Қорасувда аёлларни уйларда йиғилишларини тақиқлашлар бўляпти. Уларни турли хил баҳоналар билан қўлга олиб, “Ҳизб ут- Таҳрир“ аъзолигида айбламоқдалар. Шунинг учун биз эркаклар, бугун қўлларимизни боғлаган ҳолда милицияга ўзимиз бордик. Мана бизларни қаманглар деб”.

Унинг сўзларига кўра, милиция ҳодимлари аввалига тадбир қатнашувчиларига дўқ-пўписа қилганлар ва оломонни тарқатишга ҳаракат қилганлар.

Кейинчалик шаҳар ҳокими ва маҳаллий фаоллар келиб, уларни мажлислар хонасига олиб кириб, суҳбатлашганлар.

“Шаҳар ҳокими бизни бу ҳаракатимиз ноқонуний эканини, аввал расмийлардан рухсат олиш кераклигини айтди. Бизга тушунтиришга ҳаракат қилди. Лекин, агар шаҳар ҳокими ўз ҳудудида нима бўлаётганини билмаса, демак у аҳолидан йироқда эканлиги кўриниб турибди” – дейди “Ҳизб ут- Таҳрир“ аъзоси.

Бир соатлик суҳбатдан сўнг, намойиш қатнашувчилари тарқаб кетган.

“Сўнгги йилларда шаҳарда милиция ҳодимлари йигитларни ноқонуний қўлга олиб, қўл телефонларини тортиб олиш билан, уларнинг ота-оналарини шантаж қилаяпти ва минглаб доллар пул ундиряпти. Кўплаб инсонлар қамоққа тушишдан қўрқиб, сўралган пулни қарз ҳавола қилиб бўлса ҳам олиб келади ва бу ҳақда ҳеч қаерга шикоят қила олмайди. Жабрланган ота-оналар ўз фарзандларини чет элга чиқариб юборишяпти. Бу тадбир бир кунда ташкиллаштирилиб, ўтказилаётгани йўқ. Ҳаттоки “Ҳизб ут- Таҳрир“ аъзоларини қўлга олганларида ҳам чиқмаганмиз. Бу муаммо йиллардан бери ҳукм суриб келмоқда. Бу тадбир ҳуқуқ тартибот органларининг айнан шу каби ноқонуний ишларини тўхтатишликларига қаратилган.” – деб изоҳлайди у.

“Ҳизб ут- Таҳрир“ ташкилоти Қирғизистонда расман тақиқланган бўлиб, радикал-экстремистик ташкилот сифатида кўрилади.

Расман фаолияти таъқиқланган ушбу гуруҳ аъзолари, вақти-вақти билан давлат сиёсатининг ноқонуний кўринишларига қарши норозилик тадбирларини ўтказиб келадилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter -BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon