Умарали Қувватовнинг ўлимида айбланувчи умрбод қамалган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Умарали Қувватов Президент Эмомали Раҳмоннинг ашаддий танқидчиларидан бўлган.

Тожикистоннинг мухолифатдаги "24 Гуруҳ" ташкилотининг асосчиси ва раҳбари бўлган Умарали Қувватовнинг ўлимида асосий айбланувчи Сулаймон Қаюмов Истанбулда бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Прокурор ҳакамдан Қувватов ўлимини ташкиллаштирган Қаюмовга умрбод қамоқ жазоси беришни талаб қилган. Қоралов томон талаби маҳкамада қондирилган.

Истанбул Жиноий ишлар маҳкамаси Сулаймон Қаюмовни Умарали Қувватов ва унинг оила аъзоларини заҳарлашда айбдор деб топган.

Суриштирув идораларига аниқ бўлишича, 2015 бешинчи мартда Қаюмов Қувватов оиласини отасининг ўлими муносабати билан хонадонида ёзилган дастурхонга таклиф қилади. Бироқ марҳумни хотирлаб келган меҳмонлар овқатдан сўнг ўзларини ёмон сеза бошлайдилар. Умарали Қувватов заҳарланган бўлишларидан гумон қилиб, тезда хотини ва болаларини олиб кўчага чиқади. Бироқ кўчада уни қувиб етган киши тўппончадан ўқ узиб, отиб ўлдиради.

Маълумотларга кўра, асли тожикистонлик бўлган Қаюмовнинг айби икки гувоҳни сўроқ қилиш орқасида ойдинлашган.

Маҳкамада гувоҳлик берган Умарали Қувватовнинг қўриқчиси Суҳроб Тўраев Сулаймон Қаюмовни қотилликни уюштирган асосий шахслигини айтади.

Унинг Истанбулга келгани ва Қувватов билан қай тарзда танишганини сўзлаб беради.

Суҳроб Тўраевнинг эслашича, Қаюмов меҳмонлар учун тайёрланган таомни татиб ҳам кўрмаган. Ҳакам бу ҳақда Қаюмовдан сўраганида у ҳам "Йўқ, еб кўрмадим!" деб жавоб берган. Шунингдек, гувоҳларнинг сўзларига эътироз билдирмаган.

Қоралов томон Қувватов Тожикистон ҳукумати босимлари остида ватанини тарк этиб, Истанбулда бошпана олганини айтиб ўтган.

Прокурорга кўра, қотилликда гумон қилинган тўрт шахс ҳодисадан сўнг дарҳол Туркияни тарк этишган. Уларга қандай жазо тайинлангани номаълум. Олдинроқ прокурор қотиллик иштирокчиларига 1,5 йилдан 4,5 йиллик қамоқ жазолари берилишини сўраган.

Умарали Қувватов 2015 йил 5 мартда Истанбулда оиласи кўз ўнгида отиб кетилган эди.

Тожикистон мухолифат етакчиларидан Умарали Қувватов Президент Эмомали Раҳмоннинг ашаддий танқидчиларидан бўлган.

Ўлимидан олдин бир неча бор Тожик ҳукумати Туркиядан Умарали Қувватовни экстрадиция этишни сўраган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ