'Болалар рақси бачабозларни жалб этмасин!'

Ғарбий Қозоғистон вилоят прокуратураси болалар рақс студияларидаги ўқитувчилар билан учрашув ўтказиб, болаларнинг баъзи бир рақс кўринишлари бачабозларнинг эътиборини тортишидан огоҳлантирган.

Прокуратурага кўра, 2010 йилда болаларга қарши жинсий мазмундаги 12 та жиноят содир этилган бўлса, 2015 йилда 52 марта бундай жиноятлар қайд этилган.

"Баъзи ҳолларда кўп одам йиғиладиган жойдаги саҳналарда болалар рисоладагидек кўринишда юборилмайди. Уларнинг диққатни жалб қиладиган ташқи кўриниши ва рақсларда қўлланиладиган баъзи ҳаракатлари бачабозлар томонидан бошқача қабул қилиниб, болаларнинг хавфсизлига дахл қилиши мумкин", деб айтган прокуратура вакили.

Расмийларнинг фикрича, шу тариқа болалар рақслари туширилган фото ва видеолавҳалар бачабозикни тарғиб қилувчи веб сайтларга тушиб қолади.

Шу боисдан болалар рақсини саҳналаштирадиган рақс ўқитувчилари билан тушунтириш ишлари олиб бориш кун тартибига чиққан.

Бундан олдин Қозоғистонга МДҲ давлатларидан бачабоз ва жинсий зўравонликка мойил шахсларнинг кириши ман этилиши айтилганди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига кўра, ҳамкор давлатлардан жинсий мазмундаги жиноятларни содир этганларга доир маълумотлар алмашилса, уларнинг мамлакатга кириб келишини олди олинади.

2015 йил августида Қозоғистон прокуратурасига болаларга қарши жинсий зўравонликка чора сифатида бачабозларни бичиш таклифи берилган эди.

Ўтган йилда Россиянинг Оренбург вилоятида ҳам ҳуқуқни ҳимоя қилиш ходимлари болалар рақс мактаби номерида бачабозлар эътиборини тортадиган эротик элементлар борлиги ҳақидаги шикоятларни ўрганишган.

"Асалари" кийимидаги қизчалар рақсида бел ҳаракатлари кўп ишлатилгани баъзи томошабинлар ва ота-оналарнинг норозилигига сабаб бўлганди.

Кейинроқ "асаларилар" рақсидаги элементларда ҳеч бир ёмон мазмун йўқ, деган қарорга келинган.

Айни пайтда қозоғистонлик расмийлар болалар рақсида шаҳвоний ҳисларни қўзғайдиган элементлар киритилмаслиги кераклиги, кийимлари, пардозлари ва рақслари уларнинг ўзига хос беғубор бўлиши лозимлигини айтишган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ