Душанбелик тўралар тошкентлик ҳамкасбларидан ўрнак олмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gafur Shermatov

Тожикистон пойтахти Душанбенинг меъморий ёдгорликлари деб кўриладиган биноларни бузиб ташлашга қарор қилганлар.

Би-би-си Рус хизмати мухбири Анора Саркорованинг хабар қилишича, шаҳар марказидаги собиқ Тожикистон коммунистик фирқаси марказий қўмитаси, мустақилликнинг дастлабки йилларида президент маъмурияти вазифасини бажарган бино, Маяковский номидаги Рус Драма театри биносини бузиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Душанбе шаҳри ҳокимлиги, Лоҳутий номидаги академик театр ва Тожикистон пойтахтининг энг кўзга кўринган рамзий биноси “Роҳат” чойхонасини ҳам бузиш режаси кўриб чиқилаётгани хабар қилинмоқда.

Рус драма театри жамоаси бино бузилиши ва бошқа жойга кўчишлари лозимлиги ҳақида бохабар этилган.

Душанбе нисбатан ёш шаҳар ва аксар бинолар Шўролар даврида, асосан, Иккинчи Жаҳон урушидан кейин барпо этилган.

Тожикистон Меъморчилик ва қурилиш қўмитасидан Би-би-сига айтишларича, меъморий аҳамияти йўқ биноларни вайрон этишга қарор қилинган ва уларнинг ўрнида замонавий, чиройли бинолар қурилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gafur Shermatov

Расмийларга кўра, Душанбе шаҳри ҳали Шўролар замонида кўриб чиқилган ва маъқулланган шаҳарни қайта қуриш режаси асосида янгиланаяпти.

Тожик расмийларининг ўтмиш меросига содиқ эканликлари хақидаги қайта-қайта берган баёнотларига қарамасдан, охирги йилларда Шўро меъморчилиги ёдгорликлари фаол йўқ қилинаётгани кузатилмоқда.

Душанбенинг тарихий маркази вайрон этилишига қарши бўлган танқидчилар фикрича, Тожикистон ҳукумати шу йўл билан Совет ўтмиши ва Шўро замонини қўмсашга қарши курашмоқдалар.

Аҳолининг Шўро замонини кўрган қисми ҳозирги ижтимоий-иқтисодий аҳволдан норозилар ва бу нарса эски замони қўмсашга етаклайди.

Шу билан бирга, танқидчилар фикрича, шаҳарнинг нуфузли қисмида барпо этилган янги турар-жой бинолари иқтисодий инқироз ва кўчмас мулк нархлари тушиб кетганига қарамасдан, мўмайгина даромад келтиради.

Тожикистондаги қурилиш ширкатларининг кўпчилини ҳукуматдаги таъсири бор амалдорлар ва уларнинг оила аъзолари билан боғланган.

Бузилган бинолар ўрнига дабдабали иншоотлар пайдо бўлган.

Мисол учун, 40 миллион доллар сарфланган Миллий кутубхона, дунёдаги энг баланд байроқ осгич ва бутун Марказий Осиёдаги энг йирик ва энг кўп намозхонни сиғдира олиши айтилаётган масжид бинолари.

Тожикистон пойтахтининг ташқи қиёфасини ўзгартириш режаси жамиятда қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди.

Тарихий Душанбени вайрон этишни тўхтатиш талаби билан онлайн-петиция ташкил қилинди, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Душанбе шаҳри ҳокими Маҳмадсаид Убайдуллоев номига битилган петицияга минглаб кишилар имзо чекдилар.

Оддий инсонлар ва мутахассислар қадимий бинолар келажаги борасида бир қарорга келишдан олдин тарихчилар ва меъморлар билан маслаҳатлашиш лозимлигини таъкидламоқдалар, дунёнинг кўплаб қадимий шаҳарларида кўчадаги оддий бир тош ёки ғишт ҳам қадрли саналишини эслатганлар.

Марказий Осиё мамлакатларидаги вазиятни яқиндан биладиган аксар кузатувчилар фикрича, Тошкент ва Душанбеда ўтирган тўраларнинг мантиғи бир.

Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан кейин на Москвага, на халқига ҳисобот беришдан “қутулган”, на ўз мамлакати конституцияси ва қонунларини ҳурмат қиладиган давлат тепасидаги амалдорлар фақат ўз манфаатлари ва ҳокимиятда қолиш йўлларини ўйладилар.

Барча мамлакатларда ҳокимият тепасига келиб қолган бир ҳовуч амалдорлар ва уларнинг яқинлари миллионер-миллиардерларга айландилар, халқнинг яшаш шароити йилдан-йилга ёмонлашди.

Одамлар ўзларининг мустақиллик йилларидаги ва СССР замонидаги ҳаётини таққослашга ва Шўро даврини қўмсашга тушдилар.

Бу нарса ўз ҳокимиятлари учун таҳдидли эканини англаган амалдорлар Совет замонини эслатиб турадиган барча унсурлардан воз кечишга қарор қилдилар.

Ўзбекистонда СССРни эслатиши мумкин бўлган тарихий қимматга эга бинолар ташқи кўринишини ўзгартириш ёки бузиб ташлашга ҳали 1990-йилларнинг ўрталаридан киришилган эди.

Жамоатчилик норозиликларига қарамасдан, Амир Темур хиёбони таг-томири билан қўпорилди, Тошкентда ҳам эски “Сквер”даги Рус Драма театри биноси бузилди, жамоа эски "Билимлар уйи"га кўчирилди, халқлар дўстлигининг рамзи бўлган Шомаҳмудовлар оиласи ёки СССР замонида ўрнатилган Гагарин, Пушкин ҳайкаллари ҳам бошқа жойга кўчирилди.

“Бунинг арифметикаси жуда жўн, - дейди ўз исми-шарифи ошкор этилишини истамайдиган таҳлилчи. – "Бузамиз ва ўрнига чиройлисини қурамиз", деб бюджетдан юз-юз миллионлик маблағлар расмийлаштирилади. Эски қурилиш материаллари ҳам, кўчаларни соя-салқин қилиб турган дарахтлар ҳам пулланади. Бюджетдан олинган пулларнинг озгина қисми янги, дид-савиясиз, ойнаванд бинонинг қурилишига сарфланиб, қолгани чўнтакка урилади”.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon