Тожик полковнигининг хотини Сурияга кетган

Image caption Хумайро Мирова унгача Божхона хизмати матбуот маркази раиси бўлган.

Тожикистон Прокуратураси ўтган йил ИД сафига бориб қўшилган собиқ зобит Гулмурод Халимовнинг оиласи ҳам унинг орқасидан Сурияга кетганини Би-би-сига тасдиқлаган.

Гулмурод Ҳалимовнинг иккинчи хотини вояга етмаган тўрт боласини олиб Сурияга чиқиб кетишга муваффақ бўлган.

Тожикистонда 43 ёшли Ҳумайро Мирова устидан "қуролли можарода иштирок этиш ва одам ёллаш" моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

"Ҳумайро Мирова Сурияда эканлиги ҳақида маълумотларни тўпладик. Ҳозир суриштирув ишлари кетаётгани боис, ҳамма тафсилотларини ошкор этолмаймиз. Мирова Интерпол орқали халқаро қидирувга берилди", деб айтган Тожикистон Прокуратураси вакили.

Маълум бўлишича, ёш аёл ва унинг тўрт боласи шу йилнинг феврал ойида мамлакатни тарк этганлар.

Хумайро Мирова унгача Божхона хизмати матбуот маркази раиси бўлган. Унинг капитан унвони ҳам бўлгани хабар қилинади. Ўтган йил бошида ўғли туғилгани сабабли декрет таътилига чиққан.

Image caption Гулмурод Ҳалимов Тожик ҳукуматини мусулмонларни таъқиб қилишда айблаган.

Божхона хизматига ўтгунча Ҳумайро Мирова Тожикистон ИИВ матбуот хизматида ишлаган ва ўша ерда эри Гулмурод Ҳалимов билан танишган.

Сурияга қочган полковникнинг биринчи оиласи ва саккиз фарзанди унинг ота-онаси билан Варзоб туманидаги қишлоқда яшайди.

Тожикистонда кўпхотинлик тақиқланган. Бироқ Тожикистон ИИВ да юқори мулозимли зобитнинг кўп хотин олишига кўз юмилганини изоҳламаганлар.

Қандай қилиб кўп болали аёл, шу билан бирга экстремизм ва ватанга хиёнатда айбланган шахснинг Тожик махсус хизмат ходимларининг қаттиқ назоратида бўлган хотини мамлакатдан чиқиб кета олиши мумкин, деган савол прокуратура томонидан жавобсиз қолдирилган.

Ўтган йил апрел ойида ғойиб бўлган Гулмурод Ҳалимов ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаат билан чиқиб, Россия ва бошқа давлатларда тақиқланган "Исломий давлат" сафига кирганини билдирган.

У Тожик ҳукуматини мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш ва таъқибда айблаб, ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари ва меҳнат муҳожирларини ўзидан ўрнак олишга чақирган.

Тожикистон Прокуратурасининг маълумотларига кўра, "Исломий давлат" каби жангари гуруҳлар сафида мингдан ортиқ Тожикистон фуқаролари бор.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ