Тожик чегарачилари юқори тайёргарлик ҳолатида

Тожикистон чегарачилари Афғонистондан ўтишга уринган қуролли гуруҳ билан жангга киришиши ортидан мамлакат жанубида куч тизимлари юқори тайёргарлик ҳолатига келтирилган.

Тожикистон Давлат Чегара қўмитаси хабар қилишича, Тожик чегарачилари билан Афғонистондан ўтишга ҳаракат қилган қуролли гуруҳ ўртасида илк жанг Панж чегара постида 5 март куни бўлиб ўтган.

Бир неча жангари, икки Тожик чегарачиси ҳалок бўлган.

Тожик расмийлари қуролли жангариларни Афғонистондан Тожикистонга гиёҳванд модда олиб ўтиш мақсадида бўлган Толибон жангарилари деб атаган.

Тожикистон кучишлатар тизимлари хабар қилишларича, қуролли гуруҳ чегарадан ўтишга муваффақ бўлмаган.

Гуруҳ аъзоларининг сони 40 тача экани айтилган.

Бунинг ортидан қуролли гуруҳни йўқ қилишга қаратилган ҳарбий амалиётлар бошланган ва расмийлар амалиётларнинг ҳануз давом этаётганини айтмоқдалар.

"Аммо ҳарбий амалиётларнинг чегараолди ҳудудлардами ва ёки чегаранинг ўзида олиб борилаётгани ҳақида бирор бир расмий хабар йўқ", дейди Би-би-сининг Душанбедаги мухбири Искандар Фируз.

Тожик-Афғон чегарасининг Помир йўналишидан бошлаб жанубига қадар хизматда бўлган барча куч тизимлари юқори тйёргарлик ҳолатига келтирилган.

Бу эса, масъулларнинг қуйи Панждан ташқари, чегаранинг бошқа ерларидан ҳам ёриб ўтишга уриниш эҳтимолларидан хавотирда эканликларига далолат қилади.

Расмий хабарларга кўра, чегаранинг Помир йўналиши бўйича ва Афғонистонга бевосита чегарадош жанубий Хатлон вилоятида йирик ҳарбий машғулотлар ҳам ўтказилади.

Уларга Россия Қуролли кучлари ҳам жалб этилади.

Айни пайтда Тожикистон Мудофаа вазирлиги Афғон-Тожик чегарасида армия сонини кўпайтиришга қарор қилингани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Россия матбуоти Тожикистон президенти чегарадаги аскарлар сонини 6000 дан 20000 га оширишга буйруқ бергани ҳақида хабар тарқатган.

"Чегарадаги қуролли кучларнинг сони сарҳадларимизни ҳимоя қилишга қодир" деб айтган Тожикистон Мудофаа вазирлиги сўзчиси Фаридун Маҳмадалиев.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ