Чор Россиянинг Туркистонда қатлиоми Истанбулда хотирланди

"Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти" матбуот бўлими хабар беришича, Чор Россияси тарафидан 1916 йил амалга оширилган, юз минглаб туркистонлик мусулмонлар ўлимига сабаб бўлган ҳодиса Истанбулда хотирланган.

Ушбу фожеага 100 йил тўлиши муносабати билан 17 март куни Истанбулда матбуот анжумани ўтказилган.

Анжуман ташаббускори маркази Туркияда жойлашган “Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти” бўлган.

Йиғилишда ХТҲЖ бошқарув ҳайъати аъзолари, Шарқий Туркистон “Маърифат” жамияти, Туркиянинг “МазлумДер”, “ИХХ”, “Оқинчилар”, “Халқаро Муҳожирлар Жамияти” вакиллари, Турк оммавий ахборот воситаларининг намоёндалари иштирок этганлар.

Матбуот анжуманини “Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти” раиси Бурҳон Қовунчи олиб борган.

У йиғилганларга Чор Русиясининг 1916 йил Туркистоннинг ғарбий ҳудудларида амалга оширган қатлиоми, бу қатлиомнинг сабаблари, мусулмон Туркистон халқининг Чор Русиясининг мастамлакачилик ва мардикорга олиш сиёсатига қарши исёни, бу исённинг асосий қайси шаҳарларда яққол кўрингани, Рус ҳарбийликларининг исёнчиларни ваҳшийларча қатлиом қилгани ҳақида тафсилотли маълумот берган.

Шунингдек, Шарқий Туркистон “Маърифат” жамияти раиси Ҳидоят Ўғузхон, ХТҲЖ раис ўринбосари Намоз Нормўмин Туркистоннинг тарихи ва бугунги кунги муаммолари ҳақида гапирганлар.

Анжуманда қатнашган Туркиянинг таниқли жамоат арбоблари ҳам Туркистон ва дунё мусулмонларининг муаммолари ва бу муаммоларнинг ечимлари ҳақида ўз фикр муносабатларини билдирдилар, деб хабар беради "Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти".

"Жамият 2013 йилда Туркияга 20 асрда ва 21 асрнинг бошларида ҳижрат қилган Туркистонлик мусулмонларнинг намоёндалари тарафидан ташкил қилинган".

“ХЕҲЖ” Ўрта Осиёдан турли сабаблар билан бошқа ўлкаларга ҳижрат қилган муҳожирларга илмий, маърифий, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам бериш билан шуғулланади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondonbbcuzbek.com га тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.net га киринг