Ўзбекистон баҳсли ҳудудга ҳарбий техника киритган

Қирғизистон Чегара хизмати хабарига кўра, 18 март куни эрталаб ўзбек-қирғиз чегарасидаги Жалолобод вилояти Ола Буқа туманининг баҳсли Мўғул ҳудудига Ўзбекистон икки БТР ва зирҳли Камаз машинасини олиб кирган.

Қирғизистон расмийларининг билдиришича, у ерда 35-40 чоғли ўзбек ҳарбийлари ҳам бор.

Мўғул баҳсли ҳудудида соат 8.50 да икки мамлакат чегара хизматлари вакиллари музокараларни бошлаганлар.

18 март куни Ўзбекистон Қирғиз чегарасидаги "Маданият"назорат постини бир томонлама ёпган.

Қирғизистон ушбу ҳудудга Ўзбекистон ўз ҳарбийларини олиб кириши қонунга зид деб айтмоқда.

Ўзбекистон Ўш ва Андижон чегарасидаги "Дўстлик" назорат бекатида Қирғизистон фуқароларининг ўтишига чеклов киритган, транспорт ҳаракати ҳам чекланган.

Айтилишича, Ўзбекистон ҳудудидан йўловчилар Қирғизистонга ўтказилмоқда, лекин Ўзбекистонга киритилмаяпти.

Ўзбекистон фуқароларининг кириб-чиқишига чеклов қўйилмаган.

Учинчи давлат фуқаролари учун тартиб ҳам одатий режимда ишламоқда.

Айни пайтда, Қирғизистон ҳам Баймақ, Кен-Сай, Кадамжой назорат ўтказиш масканларида Ўзбекистонга машина ва йўловчиларнинг ўтишини тўхтатган.

Ҳодиса юзасидан Ўзбекистон томони ҳозирча расман изоҳ бергани йўқ.

Бундан олдин ҳам кўп маротаба икки мамлакат ўртасида чегара постлари ёпилган. Баҳсли ҳудудларда яшовчи аҳоли транспорт, ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларга дуч келишган эди.

Ўзбекистон 21 март куни Наврўз байрами арафасида мамлакат ичида ҳам хавфсизлик чораларини кучайтирган. Пойтахтда кечки пайт кўчада юрган фуқароларнинг паспортлари милиция томонидан текширила бошланган.

Қирғизистон билан чегарадаги ҳодиса шу сана муносабати билан бўлиши ҳам мумкинлиги тахмин қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondonbbcuzbek.com га тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.net га киринг

Бу мавзуда батафсилроқ