Афғон ёшлари Наврўзни нишонлашдан қўрқишадими?

Наврўз 3000 йилдан бери янги йилнинг бошланиши сифатида байрам қилиб келиниши айтилади.

Ислом динига эътиқод қиладиган Марказий Осиё мамлакатлари, айрим Яқин Шарқ давлатлари, Қовқоз ва Афғонистонда ҳам Наврўз кенг нишонланади.

Аммо сўнгги йиллар Афғонистонда ақидапараст муллолар Наврўзга қарши ташвиқот бошлашган ва ёш авлод орасида Наврўзга нисбатан беқарор муносабат шаклланишига хизмат қилишмоқда.

Би-би-си мухбири Олия Атрафий ҳикояси
Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Наврўзи олам

Афғонистон, Эрон, Марказий Осиё ва Яқин Шарқнинг айрим мамлакатларида Наврўз нишонланмоқда.

Мен Ҳелманднинг Над Али туманида вояга етганман.

Болалагимизда Наврўзни интиқиб кутардик, бу қанақадир беташвиш бир байрам сифатида хотирамда қолган.

Бизнинг Ча Анжир қишлоғимиз туман марказидан узоқда жойлашганди.

Шунда ҳам Наврўз бизни четлаб ўтмаган.

Мен болалар билан қувлашмачоқ ўйнаганларимни эслайман.

Лашгар Гоҳ туманимиз маркази эди, Ҳелманд дарёси лабига оилалар йиғилишар ва “етти мева” деб аталадиган таомни баҳам кўришарди.

Агар Герешк томон йўл олсангиз, бу ерда фақат аёлларнинг байрамига дуч келардингиз.

Шиалар ва пуштунларнинг турфа қабилалари истиқомат қиладиган бу шаҳарча ўзига хос маданиятга эга эди.

Байрам куни аёллар шиа ва суннийларнинг зиёратгоҳларига сафар қилишарди.

Саид Тождор зиёратгоҳига киришлари билан аёллар рўмоллари ва чодирларини ечиб қўйишар, байрамни бошлаб юборишарди.

Наврўз нафақат менинг вилоятим, балки қўшни Фараҳ вилоятида байрам қилинарди.

Ям-яшил адирларга 300 дан ортиқ қишлоқлардан аёллар йиғилишарди.

Пастроқда эса курашбозлик авжига чиқарди.

Зурмат туманида эса Толиб мусиқачилар сурнай чалишарди.

Афғонистоннинг қадим анъаналари ва Исломий қадриятлар уйғунлашгандай эди у дамлар...

Муллолар ташвиқоти
Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Афғонистон жанубидаги жангарилар

Аммо шу кунлар Наврўз байрами татимай қолган.

Фараҳ вилоятида байрам арафасида адирларга ўйнагани чиққан уч ёшни ўлдириб кетишди.

Кўплар Толиблардан шубҳа қилди...

Жангарилар Наврўзни нишонлашга қарши огоҳлару таҳдид билан чиқишди.

Одамлар қўрқиб қолишган...

Лашгар Гоҳда эса аёл худкуш ҳужумчилар фақат хотин-қизлар учун мўлжалланган боғдаги машваратларига кириб, кейин ўзларини портлатишади деган миш-мишлар тарқалди.

Аммо ундан ҳам хатарлиси...айрим муллалар масжидларда Наврўзга қарши ваъзхонлик қилишмоқда.

Мусулмонларнинг фақат икки Ҳайити бор, дейишмоқда.

Бу каби ташвиқот нафақат қишлоқлардаги асосан саводсиз афғонларни, балки шаҳарлардаги ёшларни ҳам нишонга олган.

Ёшларнинг бу қадим байрамни нишонлаш керакми ёки муллоларнинг айтганларига қулоқ солиш лозимми дея бошлари қотган.

Мен бу масалада кичик бир тадқиқот ўтказмоқчи бўлдим.

Яъни, Наврўзни нишонлаш ёшлар учун ҳаромми ва ё...

Image caption Наврўзни енгиш осон бўлмайди...

Менинг 16 ёшли ўғлим “агар Имом Наврўзни Исломга ёт деса, унда биз ҳам байрам қилмаслигимиз керак”, деди.

18 ёшли жияним эса анча мулоҳазокор чиқди.

“Агар китобга қарасангиз, Наврўз Исломга ёт, аммо ҳамма ўзи танлаши керак”, дейди у.

Аксарият бу каби “соф дин” ғояларини салафийлар ёйишмоқда деган фикрда.

Салафийларнинг қараши дунё бўйлаб ёйилмоқда...Саудияликлар бунинг учун нефтдан тушган фойдаларидан мўмайгина пул ажратишмоқда.

Ижтимоий тармоқларда ҳам ташвиқот авж олган.

Ҳиротда бўласизми, Лондон ва ё Ҳелмандда Наврўзнинг Исломга зидлиги ҳақида ташвиқот интернет орқали сизга етиб келади.

Бир томондан халқнинг қонига сингиб кетган Наврўз ва салафийларнинг ақидапараст қарашлари ўртасидаги муҳораба ақлни шошириб қўядиган даражада шиддат билан кечаётганини кўриш мумкин.

Бошқа тарафдан эса ...Афғон маданияти ва Ислом бугунга қадар эгиз бўлиб келган.

Наврўзни енгиш осон бўлмайди...

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг