Душанбедаги масжидларга кузатув камералари ўрнатилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Душанбедаги масжидларга кузатув камералари ўрнатилади

Тожикистон пойтахти Душанбедаги барча масжидлар зиммасига ўз ҳисобидан кузатув камераларини ўрнатиш вазифаси юкланган.

Шунингдек, масжидлар темир қидирувчи ускуналарга ҳам эга бўлишлари керак.

Шаҳар мулозимларига кўра, айни чоралардан кўзланган мақсад намозхонларнинг хавфсизлигини таъминлашдир.

Шаҳардаги масжидлар ҳар куни, айниқса жума кунлари намозхонлар билан гавжум бўлади.

Шаҳар мулозимларига кўра, бу каби хавфсизлик чоралари учун масжидларнинг ўзлари масъул бўлишади.

Давлат томонидан масжидлар учун маблағ ажратилмайди.

Ибодатхоналар асосан мусулмонлардан тушадиган хайр-садақа эвазига фаолият кўрсатади.

Тожикистон конституциясига кўра, дин давлатдан ажратилгандир.

Мактаб кўпми, масжид?

Image caption "Мингдан ортиқ тожикистонлик мужоҳидлар сафида жанг қилмоқда"

Тожикистонда Шўролар Иттифоқи қулашидан кейин кўп ўтмай фуқаролар уруши бошланиб кетди.

Россия дастаклаган Тожикистон ҳукумати бир томон, иккинчи томонда эса асосан исломий анъаналарни байроқ қилган мухолифат бор эди.

Советлар даврида ҳам нисбатан диндорроқ бўлган Тожикистонда халқ ўз диний қадриятларини тиклай бошлади.

Тўқсонинчи йиллар ўрталари ва охирлари, 2000 йил бошларида мамлакат бўйлаб минглаб янги масжидлар қурилди.

Бу масжидлар асосан тадбиркорлар, Россияда ишлаётган Тожикистон муҳожирларининг маблағи билан бунёд бўлди.

Тожикистонлик зиёлилардан бирининг айтишича, бутун мамлакат бўйлаб янги қурилаётган масжидлар сони мактаблар ҳам ортда қолдирганди.

Сўнгги йиллар Тожикистон ҳукумати мамлакатда расмий назорат остида бўлмаган кичик масжидларни ёпишга қарор қилди.

Дин ва эътиқодга доир 2009 йилда чиқарилган қонунда Жоме масжидлари қурилиши учун туман аҳолиси камида 30 – 50 минг бўлиши айтилади.

Вилоят ва туманларда эса Жоме масжидлари учун аҳоли сони 10 – 20 минггача этиб белгиланган.

Ёпилаётган масжидлар кичик тадбиркорлик учун ажратилаётгани айтилади.

Кузатувчиларга кўра, ҳукуматнинг бу каби амалларидан асосий мақсад ноанъанавий, ўзига бўйсунмайдиган ва мустақил диний оқимларни жиловлашдир.

Мулозимларга кўра, Марказий Осиё давлатлари бўйлаб энг кўп масжидлар сони Тожикистон ҳиссасига тўғри келади.

Айни пайтда пойтахт Душанбеда минтақада энг йирик бўладиган масжид қурилиши бошлаб юборилган.

Ибодат ва жиҳод

Фото муаллифлик ҳуқуқи you tube
Image caption Сурияда қурбон бўлган тожикистонликлардан бири

Тожикистонлик мулозимлар намозхонларга нисбатан тазйиқларни инкор қилишади.

Айни пайтда тожикистонликларнинг соқолларини мажбуран олдириш амали мамлакатнинг деярли барча минтақаларида рўй берганига доир маълумотлар бор.

Ҳуқуқ-тартибот мулозимларига кўра, Ироқ ва Сурияда мингдан ортиқ тожикистонликлар жанг қилишмоқда.

Тожикистонлик мужоҳидларнинг 85 фоизи аввалига Россияга меҳнат муҳожири бўлиб жўнаганлари аниқланган.

Марказий Осиёда ягона диний партия – Тожикистон Ислом Уйғониш фирқасининг “террорчи ташкилот” деб эълон қилишлари ортидан, Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари юзлаб кишиларни ҳибсга олган.

Яқинда мамлакат шимолида ўндан ортиқ имомлар ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Ҳибсга олинган имомларни мухолиф кайфиятдаги ёки мухолифатга мойиллиги бўлган имомлар деб бўлмайди, уларнинг аксари "Ислом Уйғониш партияси" сиёсатини қоралаганлар, мусулмонларнинг бирор бир сиёсий партияга аъзо бўлишларига қарши чиққанлар, деб ёзди catv24.com веб-сайти.

Март ойи бошида Роғунда ўнлаб йигитлар ҳибсга олинган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ