Қирғизистон чегарани мустаҳкамлашга киришди

Image caption Ўзбекистон баҳсли ҳудудга қўшин киритиши чегарада тангликка сабаб бўлган

Қирғизистон Бош вазири Темир Сариев Ўзбекистон билан чегарани мустаҳкамлаш ва ахборот хавфсизлигини кучайтиришга буйруқ берган.

Бу ҳақда қирғиз мулозими душанба куни ҳукуматнинг ўзбек-қирғиз чегарасидаги вазият муҳокама қилинган мажлисида гапирган.

Кабар агентлигининг бош вазир маъмуриятидан иқтибос келтиришича, қирғиз ҳукумати бошлиғи чегара баҳсларининг ечилишида барча давлат идораларининг мувофиқлаштирилган фаолиятининг муҳимлигини таъкидлаган.

У "Қирғизистон ҳудудида жойлашган, аммо бошқа давлатлар томонидан истифода қилиб келинаётган иншоотларни Қирғизистон ихтиёрига ўтказиш" юзасидан ишларни давом эттириш кераклигини айтган.

Жаноб Сариев шунингдек, мамлакатда интернет ва коммуникация сифатини юксалтириш орқали Қирғизистоннинг ахборот хавфсизлигини кучайтириш ҳақида топшириқ берган.

Унинг айтишича, айни мақсадда Жалолобод вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадаги Ақси туманида янги радиостанция ишга туширилади.

Танглик

Шанба куни Ўзбекистон Қирғизистон билан чегаранинг Чаласарт ҳудудидан қўшинлар ва ҳарбий техникани олиб чиқиб кетган.

Қирғиз томони Ўзбекистонни баҳсли Ўнқиртоғ ҳудудини ноқонуний равишда эгаллаб олишда айблаган ва ўзбек томонининг ҳаракатларидан МДҲнинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига шикоят қилган.

Ўзбекистоннинг 18 март куни минтақага ўз ҳарбийларини киритишига қирғиз томонининг баҳсли ҳудуддаги сув омбори устидан назорат ўрнатиши сабаб бўлган.

Танглик зўравонликларга сабаб бўлиши мумкинлиги борасида хавотирлар билдирилган.

Қирғиз томонида маҳаллий аҳоли ва мухолифат таарфдорларининг норозилик чиқишлари юз берган.

Ўзбек-қирғиз чегарасининг 300 километрга яқин ҳудуди ҳануз демаркация қилинмаган.

Махфий туннел

Шанба куни Қизилқия чегара нуқтасида ўтган музокаралар чоғида икки томон давлат чегарасида аниқланган ноқонуний ер ости йўлини ҳам муҳокама этганликлари хабар қилинган.

Спутник агентлигининг Ўзбекистон МХХ Давлат чегара қўмитасига иқтибосан хабар беришича, узунлиги 120, кенглиги 60-70 сантиметр ва чуқурлиги 1.2 метрни ташкил этган туннелдан контрабанда маҳсулотлар ва одамларни ўтказишда фойдаланиб келинган.

Ўзбек расмийлари ер ости йўли жангарилар томонидан қазилгани ва қурол-яроғ олиб ўтишда фойдаланилгани ҳақидаги фаразларни рад этишган.

Айтилишича, икки давлат чегарасида бу каби ер ости йўли биринчи марта аниқланмоқда.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати ноқонуний иншоотни бузиб ташлашга келишилганини айтган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг