Тожик аёлларининг “ҳар эркакка ёқадиган” 7 одати ҳақида

Image caption Тожикистонлик аёллар ўз эрларини сизлаши, “хўжайин” ёки “дадаси” деб чақириши нашрга кўра, ҳар қандай эркакларга ёқиб тушар экан

Open Asia нашри Тожикистонда “анъанавий тожик аёли” портретини чизишга ҳаракат қилиб, “Тожик аёлининг ҳар қандай эркакка ёқадиган 7 одати” номли мақола эълон қилган.

Бу мақола Тожикистонда нисбатан кенг тарқалган, аммо минтақанинг бошқа, масалан, қўшни Ўзбекистонга ҳам хос бўлган айрим одатларни санаб ўтади.

Тожикистонлик аёллар ўз эрларини сизлаши, “хўжайин” ёки “дадаси” деб чақириши нашрга кўра, ҳар қандай эркакларга ёқиб тушар экан.

Open Asiaнинг ёзишича, мамлакат шимолида аёллар ҳаммани, ҳатто ўзларининг кичик фарзандларини ҳам сизлашар экан.

Айни мана шу нуқтада мақола муаллифлари хатога йўл қўйишган.

Чунки шимолий Тожикистоннинг айрим туманлари, ҳатто Хужандда ҳам кўплаб аёлу эркак ўз оналарига “сен” деб мурожаат қилишлари маълум.

Аммо хонадонга келин бўлиб тушганлар бир кунлик чақалоқни ҳам сизлашлари рост.

Нашр Тожикистондаги аёлларнинг қўли ширин бўлишини ҳам урғулайди.

Хамир овқат дейсизми, паловми ва ё суюқ таомлар уларга етадигани йўқ, деб ёзади Open Asia.

Image caption Тўй харажатлари ҳам арзон бўлмайди...

“Оналар ўз қизларини болаликдан пазандаликка ўргатишади. Қизларини уй бекаси бўлишга тайёрлайдилар. Агар қизлари қуда томоннинг кўнглини пазандалик билан олмаса, бу “шармандалик” у тарбия топган оилага ҳам етади.

Келиннинг оиласи куёв бўлмишга кийим-кечак қилади. Уй-рўзғор буюмлари, мебел билан таъминлайди.

Бу рост, аммо куёв томони тўйнинг барча харажатларини ўзи кўтаради.

Тўй харажатлари эса арзон эмас. Айни ўринда элликка эллик дейиш тўғрироқдир...

Тожик аёли ҳеч қачон бегона эркак билан ёлғиз қолмайди, деб ёзади нашр.

Минтақадаги анъанавий оилаларда тарбия топган ҳар қандай аёл ҳеч қачон бегона эркак билан бирга қолмаслигини қистириб ўтиш жоиз.

Турфа оилавий тадбирларда, аксарият ҳолларда аёллар ва эркаклар алоҳида хоналарда ўтиришади.

Нашрнинг ёзишича, оилада фарзанд туғилганидан кейин келин қирқ кун ўз ота-онаси билан яшайди.

Бу ўринда ҳам айрим минтақаларда бўлса бордир, аммо аксарият туманларда, айниқса шаҳарларда янги чақалоқ ота уйига келади.

Тожик аёли эрининг розилигисиз ҳеч нарса қилмайди, деб ишонтиради нашр.

Яна анъаналарга қайтадиган бўлсак, минтақанинг аксарият ҳудудлари учун ҳам бу ёт ҳолат эмас.

Ҳар бир амал бамаслаҳат қилинади.

Нашрдаги мақола муаллифи Лилия Гайсинанинг назари яна бир ҳолатга тушган.

Эр кириб келган заҳоти аёл киши ўрнидан туради.

Зотан, Тожик ёки Ўзбек аёлини ўрнидан ота-онаси, ака-опаси ва умуман, ўзидан катта ҳар қандай киши турдириши мумкин…

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype – uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг