Озарбайжон ва Арманистон армияси: қўшинлар сони, қуроллар ва бюджет

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Қорабоғдаги ҳарбийлар ортида эса Арманистон армияси туради.

Тоғли Қорабоғда 1994 уруш тугаганидан бери зиддиятнинг кучайиши аксариятни келажакда икки мамлакат ҳамда Қорабоғдаги кучлар ўртасида жангларнинг бошланиб кетишидан хавотирга солмоқда.

Қорабоғдаги ҳарбийлар ортида эса Арманистон армияси туради.

Кўпчилик кузатувчиларга кўра, сўнгги зиддият икки мамлакат ўртасида урушга айланиш эҳтимоли катта эмас.

Аммо ҳар икки давлат ҳам ўз ҳарбий дастурамалларида Тоғли Қорабоғни лозим бўлса ҳар қандай йўл билан ҳимоя қилишга тайёрликларини урғулашади.

globalpower.org нашри Озарбайжон ҳарбий қудратини Арманистонникидан кўра бир ярим баробар йирикроқ эканини ёзади.

Бу кўрсаткич эса нафақат ҳарбий салоҳият, балки Озарбайжоннинг Арманистонда бўлмаган нефт заҳираларини ҳам ҳисобга олади.

Турли ташкилотларнинг Озарбайжон армиясига берган баҳосига қараладиган бўлса, Баку нефт нархлари баланд бўлган даврда ўз армияни кучайтириб олишга муваффақ бўлган.

2014 йил бўйича АҚШнинг Марказий Жосуслик Хизмати вебсаҳифасида ёзилишича, Озарбайжон ялпи ички маҳсулот даромадларидан 5,1 фоизини, Арманистон эса 4,29 фоизини ҳарбий эҳтиёжларга сарфлаган.

Ўтган йиллар давомида Баку ўз армиясини доим Еревандан кўра фаолроқ қуроллантирган.

Натижада эса, Озарбайжон армияси Арманистонникидан кўра сезиларли даражада яхши қуролланишга муваффақ бўлган.

Аммо мутахассисларга кўра, Арманистон катта бўлмаса ҳам, анчайин эпчилроқ армия тузган.

Россиядан олган аслаҳалари эвазига ҳаво мудофаа тизимини такомиллаштирган.

Арманистонда С-300 ҳарбий комплекслари ҳам бор.

Худди шундай ҳарбий аслаҳа Озарбайжонда ҳам мавжуд.

Йигирма йилдан ортиқроқ давр мобайнида Тоғли Қорабоғда мудофаа тизими яратилган, қурол-яроқ омборхоналари қурилган ва ҳарбий техника қароргоҳлари яратилган. Улар фавқулодда ҳолат юзага келса, ишга туширилиши мумкин.

Мутахассисларга кўра, Тоғли Қорабоғдаги қуролли кучларнинг ҳарбий салоҳияти ва ўзига ишончи анчайин юқори.

Қуролланиш пойгаси

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption "Қорабоғ Арманистон учун турфа сабаблар билан ошкор қилинмаган қуролларни беркитиш жойи..."

Иккала давлат ҳам сўнгги йиллар қурол сотиб олишни жадаллаштирган, ҳар иккала ҳолатда ҳам Россия аслаҳаларнинг йирик қисмини етказиб бераётганди.

Стокголмда жойлашган Тинчлик масалаларини ўрганувчи институт тадқиқотларига кўра, Озарбайжон ўтган беш йил ичида Россия қурол экспортининг 5 фоизига эгалик қилган. Ундан аввалги 10 йил ичида эса бу кўрсаткич 0,7 фоиздан ортмаган.

2015 йилда Россиянинг "Экспорт вооружений" нашри билан суҳбатда Арманистон Мудофаа вазирининг ўринбосари Алик Мирзабекян Озарбайжон асосан ҳарбий ҳужумда асқотадиган қуролларни сотиб олган.

Улар орасида реактив ҳужум тизими «Смерч», оғир ўточар ТОС-1А “Солнцепек”, Т-90 танклари бор.

Сешанба куни Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби озарилар Қорабоғда “Смерч”дан фойдаланишганини айтган.

Озарбайжон эса бу айбловларни рад этган.

Арманистон ҳам фаол қуролланган ва Озарбайжон сингари ҳарбий ҳужумларда ишлатиладиган аслаҳаларни сотиб олган.

Арманистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотига аъзо давлат ўлароқ, "Рособоронэкспорта" каби воситачиларнинг хизматисиз Россия қуролларини сотиб олиши мумкин.

Феврал ойида эса Россия Арманистонга ўзида ишланган қуролларни сотиб олиш учун икки йилга 200 миллион АҚШ долларига тенг кредит ажратгани маълум бўлди.

Ереван сотиб оладиган қуроллар қаторида “Смерч”, “Солнцепек”, зенит ракета тизими “Игла-С”, танкларга қарши ракета қурилмаси “Конкурс”, гранатамёт, бронемашиналар, радиотехника жосуслиги “Автобаза- М” қурилмаси, шунингдек, алоқа жиҳозлари, бронетехникани замонавийлаштирадиган жиҳозлар бор.

Россиядан ташқари ҳар иккала давлат ҳам бошқа мамлакатлардан қурол-яроқ сотиб олади.

БМТнинг оддий қуроллар рўйхатига кўра, Озарбайжон 2013 йилда Белоруссиядан 62 Т-72 танклари, битта Су-25 ҳарбий учоқ сотиб олган.

Исроил Озарбайжонга танкларга қарши Spike-LR ва РСЗО Lynx ракета комплексларини сотган.

Шунингдек, Исроил Озарбайжон армиясини учувчисиз қурилмалар Heron ва Searcher билан таъминлаган.

Арманистон эса учувчисиз қурилмаларини ўзи ишлаб чиқаради.

БМТга берган маълумотларида Россия шу йилнинг ўзида Ереванга 35 та танк, 110 бронемашина, 200 ракета қурилмаларини етказиб берган.

Лойқа сув

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Зиддият авжида

Давлатларнинг қанча миқдорда қурол сотиб олиши борасида БМТга тақдим қиладиган маълумотлари доим ҳам аниқ бўлмайди.

СССРнинг квоталари тақсимланган вақти Озарбайжон ва Арманистон ҳиссасига 220 та танк, шунча бронитехника, 285 артеллерия тизимлари, 100 ҳарбий учоқ ва 50 та ҳужумчи вертолётлар тўғри келган.

Аслида бу квоталар қанчалар ҳақиқий ҳаёт манзарасини акс эттириши аниқ эмас.

Баку ҳам, Ереван ҳам доим бир-бирларини бу квоталарни бузишда айблаб келишади.

Масалан, 2013 йилги Россиянинг БМТга тақдим қилган маълумотларида Москва Бокуга 10 та танк ва 10 бронетраспорт воситаси етказиб бергани айтилади.

Озарбайжон эса ўз ҳисоботида уларни кўрсатмаган.

Москва 438 та артеллерия системасини тақдим қилганини айтади, Баку эса фақат 18 та аслаҳани кўрсатади.

Россиянинг 18 та ҳарбий вертолётлари Бакунинг ҳисоботида 8 тага айланади.

Арманистоннинг ҳарбий қудратини баҳолаш яна ҳам мушкулроқ... Бу мамлакат ўзининг ҳарбий аслаҳа савдосини кўз-кўз қилишни ёқтирмайди, бундан ташқари

Тоғли Қорабоғда икки армия мавжуд. Бири Арманистон армияси, иккинчиси эса дунё тан олмаган минтақанинг армиясидир. Уларни ҳисоблаб чиқиш ўта мушкул.

"Арманистон учун Тоғли Қорабоғ ўзига хос яширин минтақа, бунда улар турфа сабаблар ошкор қилмайдиган қуролларини сақлашлари мумкин. Менинг билишимча, уларнинг каттагина ҳарбий техникалари жанговар амалиётлар кечаётган минтақа деб аталадиган жойда- омборларда сақланади. Аммо кўп эмас. Лекин исталган вақтда бу қуроллар, ҳарбий техникани ишга тушириш мумкин”, дейди "Экспорт вооружений" нашрининг бош муҳаррири Андрей Фролов.

Ҳарбий техника ( ҳақиқатга яқин ҳисобларда)

  • Танклар сони
  • Озарбайжон: 314-750
  • Арманистон: 100-166
  • Бронемашиналар
  • Озарбайжон: 1100-1500
  • Арманистон: 140-636
  • Артеллерия (100 мм ортиқроқ калибр)
  • Озарбайжон: 240-469
  • Арманистон: 150-240
  • Ҳужумчи вертолётлар
  • Озарбайжон: 18-84
  • Арманистон: 15 тага яқин

Тоғли Қорабоғда 170 дан 370 тагача танклар, 320 тагача бронемашиналар, 320 тагача артеллерия қурилмалари ва 40 бараварига (залп билан) ўт очадиган қурилмалар жойлашган бўлиши мумкин.

Ҳарбий қўшинлар

Озарбайжон армиясида хизмат 18 дан 35 ёшгача этиб белгиланган. Оддий аскарлар 18 ой, олий ўқув юртларини битирганлар бир йил хизмат қилишади.

Озарбайжон учун ҳарбий қўшинлар сони квотаси 70 минг киши бўлса, 2005-2007 йиллар оралиғида бу кўрсаткич 95 мингга қадар етган.

Аммо 2016 йилда қўшинлар сони 65 минг экани айтилади.

Заҳирадаги қўшинлар сони 300 мингга етиши мумкин.

Арманистон эса ҳарбий қўшинлар сони 60 минг бўлиши керак.

Турфа манбаларда ( Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий тузилмалардан ташқари) мамлакат армиясида 45 минг нафар ҳарбий, заҳирада эса 200 минг киши борлиги айтилади.

Тоғли Қорабоғдаги қуролланган кучлар сони эса 22 минггача бўлиши тахмин қилинади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ