Тожикистон: мухолифат устидан ҳукмлар

Тожикистонда 2015 йил сентябрда ҳокимиятни ағдаришга уринишда айбланиб қўлга олинган мухолифат аъзолари устидан илк маҳкама ниҳояланиб, ҳукм ўқилган.

Душанбе шаҳар маҳкамаси собиқ мудофаа вазири ўринбосари Абдуҳалим Назарзоданинг жиянини ҳокимиятни ағдаришга тайёрланиш тўғрисида хабар бермаганликда айбдор деб топиб, 3,5 йилга озодликдан маҳрум этган.

"Абдураҳим Назаровнинг ўғли ва Абдуҳалим Назарзоданинг жияни 28 ёшли Алишер Назаров сентябр воқеаларидан олдин Душанбе халқаро аэропортида ишлаган. Бироқ амакиси томонидан қўзғолон қилиш уринишидан сўнг дарҳол Россияга чиқиб кетган", дейилади у ҳақдаги хабарда.

Алишернинг отаси Абдураҳим Назаров 2015 йил 15 сентябрдаги отишмада ҳалок бўлгани айтилган.

Тожикистон куч ишлатар тизимларига кўра, Алишер Назаров амакисига шериклик қилишда айбланиб, қидирувга берилган. Тўрт ойдан сўнг Россияда қўлга олиниб, Душанбега қайтарилган ва жиноятни яширганлик моддаси бўйича айблов қўйилган.

Душанбе маҳкамаси бундан ташқари Мукомиловлар оиласининг уч аъзосига генерал Назарзодага тегишли қуролни яшириш бўйича ҳукм чиқарган. Садриддин, Нажмиддин ва Муборак Мукомиловларга 1,5 йилдан 6,5 йилгача қамоқ жазоларига маҳкум этилганлар.

Ҳокимиятни ағдаришга уриниш
Фото муаллифлик ҳуқуқи newsgid.net
Image caption Генерал Назарзода мамлакатдаги сиёсий ўйинлар қурбони бўлгани айтилади.

2015 йил 4 сентябрда генерал Назарзода ўзининг гуруҳи билан ҳокимиятни ағдаришга уринганлиги ҳақида хабар тарқалди.

Тожикистон оммавий ахборот воситаларига кўра, қуролланган гуруҳ Душанбе ва пойтахтдан 20 чақирим узоқликдаги милиция постларига ҳужум қилиб, Ромит дарасига яширинган.

Ҳукумат кучлари 12 кун давом этган аксилтеррор амалиётлар натижасида генерал ва унинг қуролли гуруҳи яксон қилингани, 14 ҳукумат аскари ҳам ҳалок бўлгани тўғрисида айтганлар.

Тожикистон Бош Прокуратурасига биноан, ҳокимиятни ағдаришга алоқадор 199 кишига жиноий иш очилган, 40 таси қидирувга берилган.

Бироқ генерал Назарзоданинг ўлдирилишидан сўнг, бир қанча кузатувчилар бу воқеага шубҳа билан қараганлар. Улар фикрича, бу амаллар Абдуҳалим Назарзода томонидан режаланмаган, балки у қандайдир фитналар қурбони бўлганини айтганлар. Назарзода 30 фоизли квота асосида ҳукумат таркибига киритилган мухолифат вакилларидан у ерда қолаётган энг охирги шахслардан бири бўлган. Бу мухолифат вакиллари ҳукумат доираларидаги баъзилар учун ҳануз рақиб сифатида кўриб келинади. Шунинг учун унинг мухолифатга деярли ҳеч қандай алоқаси қолмаган бўлса ҳам сиёсий ўйинларда бирон шахсдан халос бўлиш танлови унга тушгани ҳақида тахминлар илгари сурилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи non
Image caption Муҳиддин Кабирий Тожикистон ҳукумати томонидан халқаро қидирувга берилган.

Мухолифатнинг "Ислом Уйғониш партияси" эса ҳокимиятни ағдаришни амалга оширишни молиялаштиришда айбланиб, республика олий маҳкамаси томонидан террористик ташкилотга чиқарилган.

Айни пайтда "Ислом Уйғониш партияси"нинг 13 аъзоси устидан маҳкама давом этмоқда. Уларнинг ҳаммаси ҳокимиятни ағдаришга уринишда алоқадорликда айбланмоқдалар. Судланувчиларнинг оила аъзолари маҳкама жараёнига киритилмаган.

Ислом партиясининг раҳбари Муҳиддин Кабирий ўтган йил март ойида ўтган парламент сайловларидан сўнг ўзига нисбатан босимлар ортидан мамлакатни тарк этган.

Тожикистон мухолифати мамлакатдаги ҳокимият бир инсон ва унинг оила аъзолари қўлида тўплангани, Президент Раҳмоннинг ўзи мухолифатга нисбатан бутунлай тоқатсизлигини таъкидлаб келади. Мухолифат аъзоларининг аксарияти четга чиқишга мажбур бўлган, ичкарида қолганлар турли айбловлар билан ҳисбга олинган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,
  • uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ