Панама Ҳужжатлари: Шодиев Бельгиянинг иккинчи энг бой одами

Image caption Патох Шодиев Бельгиянинг иккинчи энг бой одами дейилади

Панама ҳужжатларининг сиздирилиши кетидан турли матбуот воситалари ўз ўлкаларига таалуқли ишларга назар ташлашмоқда. Бельгиянинг МО журнали "Бельгиянинг иккинчи бой одамга алоқадор офшор ҳисоблари" деб номланган мақоласида асли ўзбекистонлик бўлган Патох Шодиевнинг офшор ҳисобига назар ташлайди. Би-би-си бу мақоланинг қисқача мазмунини келтиради.

Мақолада айтилишича, ICIJ and the Süddeutsche Zeitung қўлга киритган маълумотларга кўра, унинг номи солиқ паноҳлари саналган жойларда бир неча офшор ширкатлари билан боғлиқдир.

ICIJ га сиздирилган PDF ҳужжатларда саккизта офшор ширкатнинг номи зикр қилинади. Бу ширкатларнинг барига битта шахс эгалик қилади. Унинг паспорти ҳам сиздирилган электрон мактубда аксланган. Бу одам Бельгия фуқароси ва мамлакатда Алберт Фрердан (Albert Frère) кейинги энг бой одамдир. Forbes Шодиевнинг дунё бойлари қаторида 62 ўринга қўйган. Унинг бойлиги 1.62 миллиард АҚШ долларига тенглиги айтилади. Бадавлат асли ўзбекистонлик бизнесмен Eurasian Resources Groupнинг таъсисчиларидан бири саналади. Асосан хомашё ва металлар савдосига ихтисослашган бу гуруҳнинг йирик қароргоҳи Люксембургда жойлашган. Ширкат Бразилия, Қозоғистон, Россия ва Африкада фаолият кўрсатади. Жами 70 000 одамни иш билан таъминлайди, деб ёзади МО журнали "Бельгиянинг иккинчи бой одамга алоқадор офшор ҳисоблари" деб номланган мақоласида.

Пул ювиш айбловлари

2014 йилда St Peters Trust молиявий хизмат ширкати Шодиев ва унинг офшор бойликлари ҳақидаги барча маълумотларни Mossack Fonseca ширкатига жўнатади. Мақсад Mossack Fonseca эндиликда рўйхатдан ўтган воситаси ўлароқ унинг бойликларини бошқариши эди. Mossack Fonseca ўз навбатида St Peters Trust дан Шодиев бойликлари банд бўлган саккизта ширкатдаги молиянинг келиб чиқиши ҳақида тушунтириш сўрайди. Жавоб "Бу бойликлар шахсан Патох Шодиевга тегишли" қабилида бўлади. St Peters Trust шунингдек, Шодиев Овросиё Табиий Заҳиралари Корпорацияси Eurasian Natural Resources Corporation (ENRC) таъсисчиси ва ҳиссадори эканини, 2007 йилда Лондон Биржасида рўйхатга ўтказилган Қозоғистон метал гуруҳини ва кейинроқ бу гуруҳнинг Eurasian Natural Resources Corporation (ENRC) ихтиёрига ўтганини тилга олади. "Унинг бойлиги ENRCдан дивидентлар ва ENRCни 2007 йилда Лондон Биржасида рўйхатда бўлгани учун тушган фойдалардан ташкил топган", дейилади. "Шодиев собиқ Шўролар иттифоқида хориж билан савдо алоқалари вазирлигида ишлаган ва ҳозирда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевга бизнес маслаҳатчидир". Шунга қарамай, Mossack Fonseca Шодиевнинг бойлигидан шубҳаларини ўртага отади. "Жаноб Шодиев бир неча ишлар бўйича, улар қаторида келиб чиқиши сохтакорликка асосланган (пул ювиш ҳисобига орттирилган маблағ) пуллар билан уй сотиб олишда айбланган", дейилади ширкатнинг ичида айланган электрон мактубларнинг бирида. Ҳужжатларда шунингдек, Бельгия матбуотида Шодиев ҳақида чиққан мақолаларга илова ҳам берилган. Улардан бирида "Энг бой одамлардан бири пул ювиш ва жиноий тил бириктириш айблари билан Бельгия маҳкамасида ҳозир бўлади" қабилида сарлавҳа бор. St Peters Trust Mossack Fonseca томонидан бу раддиядан норози бўлади. 2014 йилнинг 8 май куни ширкат Mossack Fonsecaнинг асосчиси ва раҳбари Jürgen Mossack ўзига электрон мактуб йўллайди.

Ўз ширкатлари орасидаги ишончли муносабатларга ишора қилар экан, мактубда "Мен Сиз ва Сизнинг ширкатингиз бу масалани қайта кўриб чиқишини истайман", дейилади. Mossack Fonseca эса Шодиевнинг ширкатлари устидан маъмурий иш юритиш вазифасини рад қилганини маълум қилади. St Peters Trust "Сизга йўлланган барча ҳужжатларни қайтаринг, сизнинг ширкатингиз билан барча алоқаларимизни тўхтади деб билинг", дея талаб қилади. 2016 йил бўйича оддий бир текширув натижасида бу саккизта ширкат ҳамон фаоллигини кўрсатиши, аммо бошқа бир ширкат томонидан маъмурий бошқарилиши аён бўлади, деб ёзади МО журнали "Бельгиянинг иккинчи бой одамга алоқадор офшор ҳисоблари" деб номланган мақоласида.

Патох Шодиев ким?

Мақолада айтилишича, Шодиев Шўролар Иттифоқида вояга етган. Москвада халқаро қонунчилик ва тил ўрганган. Советларнинг Хориж мамлакатлари билан савдо вазирлигида ишлаган. Унинг номи доим Александр Машкевич ва Алижон Ибрагимовлар бирга зикр қилинади. Улар Шодиевнинг "ҳамроҳлари" ва бизнес ҳамкорлари ўлароқ танилган. Учовлон ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларда Қозоғистонда оғир саноатни хусусийлаштириш даврида бойлик тўплашган.Шодиев ва унинг икки бизнес ҳамкори бепоён мамлакатнинг табиий заҳиралари устидан назорат ўрнатишади, бу йўлда уларнинг Қозоғистон сиёсий элитаси билан яқин алоқалари ёрдам беради. Шодиев 1991 йилдан бери президент бўлган Нурсултон Назарбоевнинг яқин маслаҳатчисидир. Тўқсонинчи йилларнинг бошида Шодиев Бельгия келиб ўрнашади. Бу ерда бир неча ширкатларга асос солади. 1996 йилнинг ёзида Бельгиянинг пул ювишга қарши идораси Брюссел маҳкамасини бир иш бўйича огоҳлантиради. Йирик уй савдосида Шодиевнинг номи келиб чиқади. Бельгия мулозимларига кўра, айни савдо-сотиқ пул ювиш амалига алоқадор бўлиши мумкин. Айни давр мобайнида Шодиев Бельгиянинг хизмат кўрсатиш ширкати Tractebel ишида ҳам муҳим рол ўйнагани айтилади. Бу ширкат Қозоғистонда энергетика соҳасида иш бошлайди, 1997 йилда 8000 чақиримлик газ қувурини ётқизиш лойиҳасини қўлга киритади. Шодиев, Машкевич ва Ибрагимов Бельгия ширкати ва Қозоғистон ўртасида воситачилик қилишади. Бир неча матбуот нашрлари ўшанда бу учовлон турфа, ўта мураккаб офшор ширкатлар орқали ўн миллионлаб долларни ўз "комиссия" тўловлари ўлароқ ўзлаштиргани ҳақида ёзади. Ана шу маблағларнинг беш миллион доллари Бельгия қайтиб киради. Қозоғистоннинг Tractebel ширкати билан лойиҳаси молиявий фалокатга айланиб, барбод бўлади.

2001 йилда Шодиев, Машкевич ва Ибрагимов Брюссел адлия мулозимлари томонидан пул ювиш амалларида шубҳа қилинади, расман четлаштирилади. Орадан 10 йил ўтиб, 2011 йилда Брюссел прокуратураси бу ишни ёпади. Шодиев ишни маҳкамага қадар олиб бормайди, 23 миллион евро тўлайди, деб ёзади МО журнали ўз мақоласида.

Мақолага кўра, Mossack Fonseca сиздирмаларидан Шодиев яна камида ўнта офшор ширкатга алоқаси борлиги англашилади. Бу алоқалар бевосита ва ё билвосита алоқалардир. Аммо Mossack Fonseca бу ширкатлар билан ўз алоқаларини узганми, йўқми, аниқ эмас.

Патох Шодиевнинг муносабати

"Мен Швейцарияда муқим яшайман ва глобал солиқлар бўйича ўз улушимни тўлаб бораман", деган эди Шодиев Бельгия журналистлари йигирмадан ортиқ офшор ширкатлар ҳақида сўрашганида. "Ҳар бир бельгиялик каби менинг молиявий маълумотларим шахсийдир, шунинг учун ҳам сиз айтаётган бизнес маълумотларнинг тўғри ва ёки нотўғрилига доир ҳеч нарса демайман. Шунга қарамай, мен бошқа кўплаб инсонлар каби, бизнес ва шахсий бойликларимни бир неча давлатларда сақлайман, баъзан хорижий ихтисослашган корпорацияларнинг хизматларидан ўзимнинг маълум сармояларим учун фойдаланаман. Бунда ноқонуний ҳеч нарса йўқ. Мен ўзимнинг Швейцария, Бельгия ва ёки бошқа жойлардаги солиқ масъулиятларимдан бўйин товламайман", дейди Шодиев.

St Peters Trust бу борада изоҳ бергани йўқ, деб якунлайди МО журнали "Бельгиянинг иккинчи бой одамга алоқадор офшор ҳисоблари" деб номланган мақоласини.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.