Тожикистонда Имомали Раҳмон куни эълон қилинади

Фото муаллифлик ҳуқуқи prezident.tj

Тожикистон парламенти қуйи палатаси кенгаши депутатлари мамлакат парламентига "байрам кунлари тўғрисидаги қонун"га ўзгартиришлар киритиш бўйича лойиҳани тақдим этганлар.

Тожикистон парламенти депутатларнинг янги байрам ташкил қилиш тўғрисидаги таклифини маъқуллаган.

Унга кўра, Тожикистонда янги давлат байрами- Президент куни ёки Миллат пешвоси куни деб аталиши керак.

Парламентнинг навбатдаги мажлиси 13 апрелда бўлиб ўтиши керак.

Депутатлар 16 ноябрни президент куни деб эълон қилиш таклифини кўриб чиқишлари кутилади.

1992 йил 16 ноябрда Хўжандда республика олий кенгаши 16 сессияси бўлиб ўтган. Сессиянинг 19 ноябрдаги мажлисида мамлакат раҳбари Имомали Раҳмон Олий Кенгаш раиси ҳам этиб сайланган.

Хабарларга кўра, байрам куни 19 ноябр бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Боиси, ушбу кун Имолмали Раҳмоннинг мамлакат раҳбари сифатидаги тарихида алоҳида ўрин тутади, дейишмоқда тожик депутатлар.

Бундан ташқари Президент кунини анча илгарироқ, 6 ноябрда нишонланса ҳам хато бўлмайди. Депутатларга биноан, худди шу сана- 6 ноябрда Имомали Раҳмон тўрт марта, яъни 1994, 1999, 2006, 2013 йилларда Тожикистон Республикаси Президенти этиб сайланган.

Бироқ, 6 ноябр Тожикистон Конституцияси куни ҳисоблангани боис, президент куни 5 октябр деб эълон қилиниш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Хуллас, депутатлар янги қонун лойиҳаси устида бош қотирмоқдалар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи httpwww.president.tj
Image caption Имомали Раҳмон ва ўғли Рустам Раҳмон.

Кузатувчиларга кўра, президент кунини эълон қилиб, уни дабдабалар билан нишонлаш лаганбардорликнинг яна бир кўриниши саналади. Шунингдек, халқнинг пулини бекорга сарфлашдир.

Охирги пайтларда тожикистонлик хонандалар Имомали Раҳмон улуғлаб қўшиқлар ижро эта бошлаганлар.

Тожикистон раҳбари бундан олдин бир неча бор мулозимларини ўзига лаганбардорлик қилмасликка чақирганди.

Жумладан ўз шарафига уюштираётган тўкин-сочин зиёфатлардан хижолатда эканини айтиб, бу каби лаганбардорликни бас қилишга буйруқ берганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

"Амалиётда эса, буларнинг ҳаммаси қуруқ гаплигича қолиб кетади. Фақат дастлабки бир-икки ой ичида кўчалардан президент Раҳмоннинг портретлари олиб ташланади. Кейин ҳаммаси яна эски туришига қайтади. Ёки ундан ҳам баттарлашади", дейди тожикистонлик журналист.

Унга кўра, Тожикистонда президентнинг барча фармойишлари сўзсиз бажарилади, бироқ, негадир, айнан унинг шарафига уюштирилаётган дабдабалар масаласида берилаётган ёки бериб келинган қарорлар эътибордан четда қолиб кетади.

Таҳлилчилар, худди шу сабабдан ҳам, Тожикистон раҳбарининг бу каби чиқишлари кўпроқ халқбоз характерга эга экани ва оддий одамларга мўлжалланганини таъкидлашади.

"Президентнинг бу каби танқидларини телевизиор орқали кўрган оддий халқ раҳбаримиз қанчалар доно, ҳаммасига унинг атрофидагилар айбдор", деган хулосага келишади.

Тожикистон 15 собиқ Шўро республикалари ичида энг қашшоқларидан биридир.

Имомали Раҳмон мамлакатни 20 йилдан ортиқ вақтдан бери бошқариб келади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ