Толибон ҳужумларини "Умарий" деб номлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Баҳор келиб кунлар исиши муносабати билан янги ҳужумларини бошлаши ҳақида эълон қилган Афғонистон Толибони бу қон тўкилишига олиб келадиган амалиётларини "Умарий амалиётлари" деб атагани ҳақида баёнот тарқатган.

Амалиёт номи вафот этгани ҳақида ўтган йили эълон қилинган Толибон асосчиси Мулло Умар номига қўйилган.

Жангарилар ўзларининг янги баёнотида қуролли амалиётлар бутун мамлакат ҳудуди бўйлаб кенг миқёсда бўлади, дея огоҳлантирган.

2001 йили Афғонистонда ҳокимиятдан ағдарилган Толибон қиш ойларида ҳужумларини камайтиради ва кунлар исиши билан ўзининг "баҳорги ҳужумлари" қайта бошланганини эълон этиб келади.

Толибоннинг бу йилги баёноти ҳаракатнинг янги раҳбари Мулло Ахтар Мансур бошчилигида тарқатилган.

Айни пайтда Толибон ичида ҳам бўлинишлар юзага келган.

Афғонистон ҳукуматига бўйсунишни истамайдиган, қўлига қурол олган бир неча гуруҳлар ўзаро бир-бирларига қарши ва ҳукумат қуролли кучларига қарши жангларга киришган.

Толибон ва Ироқ ва Суриядаги "Исломий Давлат"га содиқликка қасамёд қилган жангарилар ўртасида ҳам тўқнашувлар давом этмоқда.

Афғонистон ҳукумати қуролли исёнчиларни тинчлик музокаралари даврасига ўтирғизишга ҳаракат қилиб келмоқда.

Шу йил январидан бошлаб Афғонистон ҳукумати, АҚШ, Хитой ва Покистон Толибонни тинчлик музокараларига кўндиришга ҳаракат қилиб келмоқдалар, аммо шу пайтгача бу ҳаракатлар самара бергани йўқ.

Афғонистонлик Толибон масалалари бўйича таҳлилчи Фозил Аҳмад Бургутнинг Би-би-сига айтишича, Афғонистон ҳукумати ичидаги якдиллик йўқлиги расмий Кобулни кучсизлантириб қўйган.

"Биз ҳозир Мудофаа вазири ҳам, Ички ишлар вазири ҳам бўлмаган мамлакатмиз", дейди таҳлилчи.

Чиндан ҳам Афғонистондаги президентлик сайловидан кейин Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, хавфсизлик идораси муқим раҳбарсиз қолди.

"Бундай пайтда сиз кучли эмассиз ва сиз билан Толибон ҳисоблашмайди. Толибон ана шу ожизликдан фойдаланаяпти", дейди Фозил Аҳмад Бургут.

Ўтган ҳафтада АҚШ Давлат котиби Жон Керри Кобулда бўлди, Афғонистон ҳукуматини дастаксиз ташлаб қўймасликларини айтди.

Ҳозирги пайтда Афғонистонда 13000 НАТО ҳарбийси қолган.

Уларнинг асосий вазифаси 2014 йил охирида жанговор амалиётлар тугатилганидан кейин ҳарбий тайёргарлик ва маслаҳатчиликда кўмак бериш бўлиб қолган.

Афғонистонда хавфсизлик вазияти жиддий ёмонлашаркан, ўтган йили АҚШ Президенти Барак Обама Америка кучларининг жанговор амалиётларда иштирок этишларига рухсат берган.

Афғонистон расмийлари Толибон ўзи эълон қилган мақсадларига эришолмайди, дея жангарилар таҳдидини рад этганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEKTwitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ