Қирғизистон: Соронбай Жонбеков номзоди маъқулланди

Image caption Соронбай Жонбеков.

Қирғизистон парламенти матбуот хизматига кўра, 13 апрелда мамлакат Жўғўрқу Кенгаши фракциялари депутатлари Соронбай Жонбеков номзоди бош вазирликка қўйилишини бир овоздан маъқуллаганлар.

115 депутат Соронбай Жонбеков номзодини ёқлаган, бирорта ҳам қарши овоз берилмаган. Шунингдек, бошқа муқобил номзод ҳам кўрсатилмаган.

Шу пайтгача мамлакат президенти маъмурияти раҳбар ўринбосари бўлиб ишлаган Жонбеков номзоди парламентда кўпчилик коалиция томонидан илгари сурилган. Унинг таркибига олти фракциянинг тўрттаси киради.

Шу билан бирга, депутатлар Жонбеков томонидан таклиф қилинган парламент тизими ва таркиби тўғрисидаги лойиҳани кўриб чиққанлар.

Жонбековнинг ўзига кўра, ҳукумат тизими ўша тартибда қолади, фақат унинг таркибида баъзи ўзгаришлар бўлади.

Бош вазир ўринбосари лавозимига Муҳаммадқолий Абдулғозиев, ҳукумат маъмурияти раҳбари учун Ақилбек Осмоналиев номзоди илгари сурилган.

Транспорт ва алоқа вазири этиб айни пайтда Транспорт вазирлигининг Йўл хўжалиги бошқармаси раҳбари Замирбек Айдаровни тайинлаш таклиф қилинган.

Жонбеков ўз чиқишида мамлакатдаги қатор ижтимоий-иқтисодий муаммоларга, жумладан энергетика, транспорт, туризм соҳаларида ҳал қилиниши лозим бўлган жиҳатларга тўхталган. Аҳолининг турмуш даражасини ошириш, маориф, тиббиёт хизматини яхшилаш, уй-жой билан таъминлаш ва мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш ҳақида гапирган.

Image caption "Мен ифлос сиёсий ўйинларга аралашмаганман ва ҳозир ҳам аралашмоқчи эмасман", деб айтган Сариев.

11 апрелда бош вазирликдан истеъфо берган Темир Сариев Транспорт ва Алоқа вазири Арғинбек Малабаев ўртасида келишмовчилик юз бергани айтилган эди.

Қирғизистон қонунчилигига кўра, бош вазирга вазирларни ўзи мустақил равишда ишдан олиш ҳуқуқи берилмаган. Бош вазирнинг истеъфо бериши эса бутун ҳукуматнинг янги таркиби шаклланишини англатади.

Темир Сариев ўзининг истеъфосини ҳукумати атрофида давом этаётган интригаларга боғлаган. Унинг сўзларига қараганда, айрим сиёсатчилар ўзларининг моддий ва сиёсий амбицияларини қониқтириш мақсадида вазиятни таранглаштириб, нормал ишлашга халақит берганлар.

"Сиз биласиз, мен энг қийин вазиятларда ҳам ўз нуқтаи назаримда қатъий турганман. Чекиниш менга ёт нарса. Мен ўз ихтиёрим билан, ҳеч бир амбицияларсиз истеъфо бераман. Мен ифлос сиёсий ўйинларга аралашмаганман ва ҳозир ҳам аралашмоқчи эмасман", деб айтган Сариев.

Бошқа истеъфо

Айни вақтда Қирғизистон парламенти спикери Асилбек Жонбеков истеъфо берган. У ўзининг бу қарорини акаси Соронбай Жонбековнинг номзоди Бош вазирликка илгари сурилгани билан изоҳлаган.

Кузатувчиларга кўра, Қирғизистон спикерининг акаси туфайли истеъфо беришини гўё парламентда демократиянинг бир кўриниши сифатида тақдим этиш ҳаракати деб тушуниш ҳам мумкин. Қирғизистон Конституцияси яқин қариндошлар бир вақтнинг ўзида юқори лавозимларни эгаллашларига йўл қўймайди.

Яқин кунларда Қирғизистон қонун чиқариш идораси раҳбари ҳам сайланиши кутилади.

Янги бош вазир, вазирлик ва идора раҳбарлари парламент қарори Президент Алмазбек Атамбаев томонидан тақдиқланганидан кейин иш бошлай оладилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ