Туркманистонлик фахрийлар 57 доллар мукофот олади

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Ғалабанинг 71 йиллиги муносабати билан уруш фахрийларини 200 манат (57 доллар) пул мукофоти билан тақдирлаш ҳақида фармон имзолаган.

"Қонунга мувофиқ вилоят ҳокимликлари, шаҳар ва туманлар, Туркманистон оқсоқоллар кенгаши маъмурияти зиммасига 1941-1975 йиллардаги Урушда Ғалаба қозонилганининг 71 йиллиги шарафига уруш фахрийлари ва урушда ҳалок бўлганларнинг беваларига мамлакат президенти номидан 200 манат (57 доллардан ошиқ) миқдорида пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғаларни топширадилар", лейилади Туркманистон Президенти матбуот хизмати хабарида.

Туркманистон Президенти туркман халқи Ғалабанинг 71 йиллигини ҳар галгидек кенг нишонлашларини таъкидлаган.

Жаноб Бердимуҳаммедов ёши улуғларни эъзозлаб, ҳурмат кўрсатиш, уруш фахрийларининг фронтда ва фронт ортида кўрсатган хизматларини халқ онгида доим авайлаб сақлаш, уларнинг тажрибаси ёш авлод учун мактаб вазифасини ўташини урғулаган.

Бундан олдин Марказий Осиёнинг бошқа мамлакат раҳбарлари ҳам уруш фахрийларини байрам муносабати билан бир марталик моддий рағбатлантиришга кўрсатма берганлар.

Фахрийларга 800 минг сўм

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 18 апрелда чиқарган фармонига кўра, Иккинчи Жаҳон уруши фахрийларига давлат бюджетидан 800 минг сўм ("қора бозор"да 124 АҚШ доллари, расмий курсда 276 доллар)дан бир марталик пул мукофоти ажратилади.

Кўрсатилган маблағни тантанали ва байрамона вазиятда эгаларига топшириш Молия вазирлиги ва Марказий Банк билан ҳамкорликда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, ИИВ, МХХга юклатилган.

Бундан ташқари фахрийлар шарафига байрам тадбирлари, маърифий-бадиий учрашувлар ўтказиш кўрсатмаси берилган.

"Нуроний" жамғармаси маълумотларига кўра, айни пайтда мамлакатда уч мингдан ошиқроқ Уруш фахрийлари ва 70 мингга яқин меҳнат фронти қатнашчилари қолганлар.

Урушда Ўзбекистондан жами 1,4 млн киши қатнашган, ундан 400 минги ҳалок бўлган, 130 минги бедарак йўқолган.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг 9 май Ғалаба куни эмас Хотира ва қадрлаш куни сифатида байрам қилинади.

Мустақилликдан сўнг собиқ Иттифоққа тегишли кўпгина сўзлар, жумладан Иккинчи Жаҳон урушига нисбатан ишлатиладиган Улуғ Ватан уруши ва Ғалаба байрами иборалари қўлланилмасликка қарор қилинган.

Қўшни Тожикистондачи?

Қўшни Тожикистонда фахрийлар кўпроқ қадрланадими? Аввалроқ Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам Иккинчи Жаҳон уруши иштирокчилари, жабҳа орти меҳнаткашлари ва урушда қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига Ғалаба куни муносабати билан 2000 сомонийдан мукофот пули берилсин деб буюрган эди.

2000 сомоний 250 АҚШ долларидан кўпроқ ва қора бозор нархлари билан солиштирганда президент Каримовнинг туҳфасидан икки карра ортиқроқдир.

Тожикистонда Ғалаба куни муносабати билан бериладиган мукофот пули 3000 кишига тақдим қилинади.

Бугунги кунда Тожикистонда 633 нафар Иккинчи Жаҳон уруши фахрийси истиқомат қилади.

Ўтган йил эса уларнинг сони 810 нафар бўлган.

Фахрийларга Ўзбекистонда 120 доллар ёки 800 минг сўмдан пул мукофотлари ажратилиши ҳақида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўз мулоҳазаларнини билдиришган.

Кўпгина фаолларга кўра, йилдан-йилга камайиб бораётган уруш фахрийларга давлат томонидан кўпроқ моддий ёрдам бериб, соғликларини тиклаш учун эътибор кўрсатилса яхшироқ бўларди. Ғалабанинг баҳоси баланд туради, дейди улар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ