БМТ: Қирғизистон бир неча халқаро ҳужжатни поймол этган

Қирғизистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва журналист Азимжон Асқаров шикоятини кўриб чиққан БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ана шундай хулосага келган.

Инсон ҳақлари бўйича экспертлар ҳайъати Азимжон Асқаровнинг қатор ҳуқуқлари поймол этилганини қайд этган, Қирғизистон ҳукуматидан уни зудлик билан озод этишга ҳамда Азимжон Асқаровга нисбатан Қирғиз маҳкамаси чиқарган ҳукмни бекор қилишга чақирган.

БМТнинг 18 экспертидан иборат қўмита шундай хулосага келган: Азимжон Асқаров қонунга зид ҳибсга олинган, ноинсоний шароитда тутқунликда сақланган, шафқатсиз қийноқларга солинган ҳамда ўзини маҳкамада ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум этилган.

Бу билан Қирғизистон ўзи аъзоси бўлган бир неча фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар пактларини поймол этган, дейилади БМТ экспертлари хулосасида.

Азимжон Асқаров 2010 йил 16 июнда Қирғизистон жанубидаги фожеавий июн воқеаларидан кейин қамоққа олинган.

Уни июн воқеалари жараёнида оммавий тартибсизликлар ташкил қилишда ва маҳаллий милиция зобитини ўлдиришда шерикликда айблашган.

2010 йил 15 сентябрида Қирғиз маҳкамаси Асқаровни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Азимжон Асқаров ўзига қўйилган айбловларни ҳамиша инкор этиб келган.

АҚШ ҳамда Оврўпо Иттифоқи Азимжон Асқаровга чиқарилган маҳкама ҳукмидан ўз норозиликларини билдириб келганлар, Азимжон Асқаровнинг дастлабки ҳибс пайти шафқатсиз қийноқларга тутилгани маҳкама томонидан инкор этилгани қайта-қайта таъкидланган.

АҚШ Давлат департаменти 2015 йил июлида Азимжон Асқаровни "Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси" мукофоти билан мукофотлагани Қирғизистон расмийларини ғазаблантирди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги таниқли ўзбек инсон ҳақлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг АҚШ Давлат департаменти мукофоти билан тақдирланганини қоралаб баёнот эълон қилди.

"А.Асқаровнинг бундай юксак мукофот билан мукофотланиши Қирғиз Республикаси томонидан бизнинг мамлакатимизда миллатлараро тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга қарши қаратилган атайин амал деб баҳоланади. Қирғиз томони буни мамлакатда халқлар бирдамлигини мустаҳкамлашга қаратилган жараённи қўпоришга қаратилган омил сифатида кўради", дейилади Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда.

Азимжон Асқаров мукофотланганига жавобан Қирғизистон АҚШ билан 1993 йилда имзоланган ҳамкорлик битимини бекор қилган эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ