Душанбедаги рус театри актёрлари бўшаш аризаларини ёзганлар

Тожикистон пойтахти марказини янада чиройли қилиш мақсади билан тушунтирилган ўзгаришлар атрофида баҳс-мунозара қизимоқда.

Энг сўнгги янгиланишда Душанбедаги Маяковский номидаги Рус драма театри актёрлари томошабинлардан ёрдам сўраганлар.

"Пери муҳаббати" спектакли ниҳоясига етганидан кейин актёрлар томошабинларга мурожаат қилганлар, театрнинг ҳозирги биносидан кўчмоқчи эмасликларини айтганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Teatr Mayakovsky

Душанбе шаҳри четидаги "Тожикистон" кинотеатрига кўчирилаётганларини, бироқ кинотеатр спектакл саҳналаштиришга мўлжалланмаганини, бу борадаги масъулларга мурожаатларига қониқарли жавоб ололмаётганларини айтганлар.

Актриса ва актёрлар ўз мурожаатларини Интернет социал тармоқларида эълон қилганларини маълум қилиб, бу мурожаатларини дастаклашни томошабинлардан илтимос қилганлар.

Театр жамоаси бўшаш ҳақида ариза ёзганларини айтганлар.

Тожикистон Маданият вазирлиги эса Маяковский номидаги Рус театри биноси бир қаватли экани, атиги 300 томошабинга мўлжалланганини айтган, "Тожикистон" кинотеатрида эса 500 томошабинга жой борлигини таъкидлаган.

Image caption Душанбе марказида ўнлаб биноларни бузишга қарор қилганлар.

Маданият вазирлиги пойтахт марказида замонавий бинолар барпо этилаётганини, шунинг учун эски бинолар янги меъморчиликка тўғри келмаслигини важ қилиб кўрсатган.

Душанбе марказида ўнлаб биноларни бузиб янгиларини қуриш қарори кўплаб тожикистонликларнинг ҳам норозилигига сабаб бўлмоқда.

Тожикистон пойтахтидаги машҳур "Ғалаба парки"нинг меъмори, ҳозир Россияда яшайдиган Валерий Захаров ҳам Душанбе меъморчилигида бўлаётган ўзгаришлардан ҳафсаласи пир бўлганини айтган.

У худди Санкт-Петербург шаҳри бир қисмиини асраб қолиш мақсадида БМТнинг маданият жамғармасига мурожаат қилинганидек ЮНЕСКОга шикоят қилиш маслаҳатини берган.

Душанбе шаҳрида охирги йилларда худди Ўзбекистонда бўлаётганидек, меъморчилик талаб-қоидалари, қадимги обидалар бор-йўқлиги каби муҳим омиллар инобатга олинмай бинолар қуришга киришилган.

Душанбелик тўралар тошкентлик ҳамкасбларидан ўрнак олмоқда

Бунда мамлакат мустақиллигининг нақадар ҳашаматлию-дабдабали бинолар барпо этишга имконият яратганини урғулаш истаги кўзга ташланади, келажакда мўмай даромад келтириш эҳтимоли бор ерлар корчалонлар ихтиёрига қонунга зид равишда берилишини истисно этмайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ