Ўш: Абдуллоҳ ok.ru даги суратни ёқтиргани учун судланмоқда

Image caption Судланувчи Абдуллоҳ Нурматов ўзининг қандайдир бир диний ташкилот аъзоси эканлигини инкор этади.

Эктремизмда айбланиб 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган қорасувлик имом Рашод Камоловнинг ижтимоий тармоқдаги сурати яна бир инсоннинг маҳкамага тортилишига сабаб бўлмоқда.

Бўлиб ўтган суд жараёнида, ҳимоячилар Абдуллоҳ Нурматовнинг ноқонуний қўлга олиниши ва унга нисбатан қўзғатилган жиноий ишдаги қатор қонунбузарликларга урғу берганлар.

“Абдуллоҳни экстремистик маълумотларни сақлаганликда айблаяптилар. Бироқ, унга етарли далил ва исботлар йўқ. Милиция ҳодимлари ҳимоямиздаги инсоннинг “Одноклассники.ру” ижтимоий тармоғидаги маълумотларни ҳеч бир суд қарорисиз, ноқонуний олганлар. Қирғиз Республикаси конститутциясининг 29 моддаси: “Ҳар бир инсон, махфий электрон ва бошқа турдаги ёзишмалар ҳуқуқига эга. У фақат суд қарори асосидагина чекланиши мумкин”, дея қайд этилган”, дейди ҳимоячи Ҳусанбой Салиев.

Унинг сўзларига кўра, ҳимоячилар юқоридаги қонунбузарликлар юзасидан судга ариза билан мурожаат қилганлар. Бироқ, ҳакам ушбу ҳолатни инобатга олмай, жараённи бошлаган.

“Афтидан суд жараёни қатнашувчиларининг барчасига ҳам 29 моддадаги - махфий (шахсий) ёзишмаларни кафолотловчи ҳуқуқни чеклаш моҳияти тушунарли бўлмаса керак” – дея рўкач қилган ҳимоячи.

Шунингдек, судланувчи Абдуллоҳ Нурматовнинг “ok.ru” ижтимоий тармоғидан олинган маълумотлар, “Қирғизистон Дин ишлари бўйича қўмита” экспертизасидан ўтказилган.

“Бундай ҳолатлар тушунмовчиликларни келтириб чиқаради. Ўтган суд жараёнларида ҳимоячилар ҳакамга “Суд экспертиза ва давлат кадр хизматининг” расмий хатини берганлар. Унда “Дин ишлари бўйича давлат қўмитаси” экспертиза ўтказиш ҳуқуқига эга эмас. Уларда диний билимга эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжат асосида ишловчи мутахаcсис лавозими йўқ эканлиги ёзилган. Бу ерда ҳам қонунбузарлик юз берган”, дейди ҳимоячилар.

Суд ҳаками ҳимоячилар сўзларига жавобан, “Дин ишлари бўйича давлат қўмита” мутахассиси маълумотларни ”Ҳизб–ут–Тахрир”га оид эканлигини қайд этган бўлса, демак маълумотлар экстремистик ҳисобланади дея раддия берган.

Судланувчи Абдуллоҳ Нурматов ўзининг қандайдир бир диний ташкилот аъзоси эканлигини инкор этади.

“Мен ok.ru суратига “класс” босган инсон Дилёр Жумабоев қўшним, Рашод Камолов эса, бизнинг масжид имоми эди. Уларнинг суратларини интернетдаги турли хил маълумот сайтларидан эркин топиш мумкин”, дейди судланувчи.

Қорасув шаҳар яшовчиси Абдуллоҳ Нурматов ўтган йилнинг 20 августида ok.ru ижтимоий тармоғида, ҳозирда экстремизмда айбланиб 10 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган имом Рашод Камоловнинг суратларига “класс” белгисини қўйгани учун милиция ходимлари тарафидан қўлга олиниб, кейинчалик суд қарори асосида уй қамоғига чиқарилган эди.

  • Bi-bi-si O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02.
  • TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring

Бу мавзуда батафсилроқ