Қозоғистонда ер сотилишига қарши норозилик чиқишлари

Қозоғистоннинг Ақтўбе ва Семей шаҳарларида ўнлаб кишилар ер сотилиши ва ижарага берилишига қарши норозилик амалиётлари ташкиллаштирганлар.

Ақтўбе шаҳрида намойиш "Биринчи Президент парки" деб номланган боғда бўлиб ўтган.

Семей шаҳрида ҳам ўнлаб кишилар тўпланган.

Расмийлар норозилик амалиётини ташкил қилиш оқибатларидан огоҳлантирганлар.

Қозоғистонда ҳам санкциялаштирилмаган намойишлар қонунга зид ҳисобланади.

Бундай намойишлардан дастлабкиси 24 апрел куни Атирау шаҳрида бўлиб ўтган.

Атираудаги норозилик чиқишида юзлаб одамлар тўпланганлар.

Улар Қозоғистон ерларининг чет элликларга сотилишига қарши эканликларини билдиришган.

Қозоғистонда "Ер Кодекси"га ўзгартиришлар киритилган.

Бу ўзгаришларга кўра, 1 июлдан бошлаб деҳқончилик мақсадида фойдаланиладиган ерлар кимошди савдосида сотилади.

Мамлакат ерларини хорижликлар сотиб олишлари мумкин, деган овозалар тарқалгани норозилик намойишларига сабаб бўлган.

Расмийлар эса "Ер Кодекси" фақат Қозоғистон фуқароларига ерни сотиб олиш ҳуқуқини бериши ҳақида айтдилар.

Чет элликларга эса ерни 25 йилга ижарага олишларига рухсат берилади.

Атираудаги норозилик чиқишидан кейин Президент Нурсултон Назарбоев Қозоғистон ерлари хорижий фуқароларга сотилмайди деб айтди.

Қозоғистон Халқлари Ассамблеясининг навбатдаги сессиясида гапирган Президент Назарбоев, "бу мавзудаги гап-сўзлар асоссиз", деб айтган.

"Ер Кодекси"га ўзгартиришлар ҳақида вазиятни таранглаштираётган одамларни "фош қилиш ва қонун бўйича жазога тортиш"га чақирган Қозоғистон раҳбари.

"Бу ерда масала фермерларимизнинг ерга эгалик қилишларига имконият яратиш ҳақида. Биз айтдикки, аввал ижара вақти 10 йил эди, лекин бу вақт ичида ҳеч ким ўз пулини қайтариб ололмайди, айниқса, чет эллик сармоядорлар. Шунинг учун биз 25 йилга узайтирдик. Россияда 49 йил, Амирликларда 99 йил... Шовқин кўтараётганлар тракторидан тушиб келган одам ёки чўпонлар эмас. Балки қишлоқ хўжалиги ҳақида умуман тушунчаси йўқ, ер ўзи қаерда эканини умуман билмайдиганлар", деб айтган Президент Назарбоев.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг