Генерал Дўстум: ‘Толибонни йўқ этардим, аммо...’

'...афғон ҳукумати ва Афғонистон Миллий Хавфсизлик Кенгаши бунга давомий равишда тўсқинлик қилмоқда'.

Ҳозир ҳам Жаузжонда экани айтилаётган генерал Абдулрашид Дўстум бу ҳақда куни-кеча Шибирғонда ўтказган хавфсизлик йиғини чоғида баён қилган.

Афғонистон биринчи вице-президенти ўтган ҳафта кенг кўламли янги ҳарбий амалиётларга бошчилик қилиш учун мамлакат шимолига сафар қилган.

Туркманистон билан бевосита чегарадош Жаузжон вилоятидан бошлаган кенг кўламли ҳарбий амалиётлари арафасида бу гал Афғонистон шимолидаги толибларни буткул йўқ этиш истагида эканини баён қилганди.

Бу – генерал Абдулрашид Дўстумнинг ўтган бир ярим йил ичида аксарияти Марказий давлатларига шундоққина қўшни бу минтақада амалга ошираётган учинчи йирик ҳарбий амалиётлари бўлганди.

Минтақа

Фото муаллифлик ҳуқуқи MoD

Шимол ва шимол-шарқ катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ортидан Афғонистоннинг ноодатий бир равишда хавфсизлиги жиддий издан чиқиб бораётган минтақаси саналади.

Сўнгги йилларда бу ерда толиблардан ташқари, маҳаллий масъуллар ИШИД гуруҳи аъзоларига нисбат бераётган ва аксариятининг марказий осиёлик эканликлари айтилувчи хорижий жангарилар қадар фаоллашишга муваффақ бўлишган.

Афғонистон учун Толибон тузуми қулатилган 2001 йилдан буён энг қонлиси бўлгани айтилган ўтган бир йил ичида толиблар ва улар хорижий иттифоқчилари уюштиришга муваффақ бўлган кенг кўламли ва қонли ҳужумлар ҳам айнан мамлакатнинг Қундуз, Бадахшон ва Фарёб каби шимолий-шарқий ва шимолий вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Жангарилар ўтган 15 йил бадалида Афғонистонда қайта қозонишга муваффақ бўлган энг йирик муваффақиятлари ҳам айнан мамлакатнинг шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида кузатилган, улар муваққат эса-да, Қундуз вилояти маркази, Бадахшон, Тахор ва Жаузжоннинг Тожикистон ва Туркманистонга бевосита чегарадош қатор туманларини ҳам босиб олишга муваффақ бўлишганди.

Афғонистон Толибон ҳаракати яқинда ўзининг бу йилги баҳорги амалиётларини ҳам яна айнан мамлакатнинг шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларидан бошлаган, Қундуз, Фарёб, Сарипул, Жаузжон, Бағлон, Бадахшоннинг айрим шаҳар ва туманларида ҳужумга ўтганди.

Минтақадан олинган энг сўнгги хабарларда бу вилоятларнинг аксариятида жангарилар ва афғон ҳукумати кучлари ўртасидаги жангларнинг ҳануз давом этаётгани айтилади.

Янги ҳарбий амалиётлар

Афғонистон биринчи вице-президенти, генерал Абдулрашид Дўстум бошчилигидаги сўнгги ҳарбий амалиётлар худди шу манзарада йўлга қўйилган, улар бор-йўғи бир неча куннинг ўзида Жаузжон вилоятининг аксарият аҳолиси ўзбеклар ва туркманлар бўлган қатор стратегик жиҳатдан муҳим туманларини толиблардан тозалашга муваффақ бўлишган.

Жаузжондаги ҳарбий амалиётлар манзарасида генерал Абдулрашид Дўстумнинг кейинги нишони айнан Афғонистоннинг иккита энг беқарор шимолий-шарқий вилоятидан биттаси бўлган Қундуз бўлиши ҳам айтилганди.

Аммо, минтақадан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, Афғонистон биринчи вице-президенти бошчилигидаги амалиётлар ҳозирга келиб тўхтаб қолган.

Ҳозир ҳам Жаузжон вилоятида экани айтилаётган генерал Абдулрашид Дўстум бунинг сабабини куни-кеча Шибирғон шаҳрида маҳаллий хавфсизлик масъуллари билан ўтказган учрашуви чоғида очиқлаган, мавжуд вазиятга афғон ҳукумати ва айниқса, Афғонистон Миллий Хавфсизлик Кенгаши асосий сабабчи эканини айтганди.

“Толибон ўтган йил Қундузни босиб олмасидан аввал Афғонистон Миллий Хавфсизлик Кенгашига 10 маротаба таклиф билан чиқдим. Қундуз назоратдан чиқади, менинг у ерга боришимга рухсат беринг, дедим. Туркияда эканим пайтида эса, толиблар Қундуз шаҳрини босиб олишди. Кейин Фарёбга келиб амалиёт ўтказдим. Афғонистон Мудофаа ва Ички ишлар вазирлари билан Қундузда амалиёт ўтказишни режалаштирдим. Ҳар вақт таклиф қилганман, аммо рад этилган”, - деб айтган Афғонистон биринчи вице-президенти.

Генерал Абдулрашид Дўстумнинг ўзи мавжуд ҳолатни уларнинг, “Гўёки ўзи бориб, бир ҳизбни йўқотиб, ўрнига “Жунбуши Миллий Исломий”ни кучайтиради, деган хавотирлари” билан изоҳлаган. “Менинг садоқатимни эса, билишмайди”, - дея баён қилган Афғонистон биринчи вице-президенти.

Сабаб ва муносабат

Қудратли ўзбек генерали худди шу ўринда амалдаги миллий бирдамлик ҳукуматини кескин танқид остига олган, ҳукуматни ўзига ишончсизлик кўрсатаётганликда айблаган.

Абдулрашид Дўстум жанобларининг айтишича, “жаҳон ҳамжамиятининг шунча кўмаги билан ҳам, афғон ҳукумати оз сондаги қуролли мухолифларни йўқ қилишга қодир бўла олмаган”.

Афғонистон биринчи вице-президентининг айтишича, мамлакатда интизом ва хавфсизлик вазиятининг ёмонлашаётганига хавфсизлик идоралари мулозимларини тайинлаш ишларига ҳукумат ҳар бир расмийсининг аралашаётгани ҳам сабаб бўлмоқда.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, янги миллий бирдамлик ҳукумати қудратга келганидан қарийб бир ярим йил ўтиб ҳам, Афғонистон ўзининг муқим Мудофаа вазири ва Жосуслик Хизмати раҳбарига эга эмас.

Аксарият таҳлилчи ва кузатувчилар эса, Афғонистонда сўнгги пайтларда кучайиб бораётган зўравонликларда мазкур омил ҳам озмунча роль ўйнамаётганлигини алоҳида таъкидлашади.

Худди шу манзарада Би-Би-сининг генерал Дўстумнинг Шибирғонда қилган бу баёнотлари юзасидан Афғонистон Миллий Хавфсизлик Кенгашидан расмий изоҳ олиш уринишлари, ҳозирча, самара бергани йўқ.

Афғонистон биринчи вице-президенти бошчилигидаги мамлакат шимоли-шарқидаги сўнгги ҳарбий амалиётлари президент Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг мамлакат парламентида ўзининг афғон можаросига оид янги стратегиясини очиқлаши, бир қисм толибларни инобатга олмаганда, ИШИД, “ал-Қоида” ва “Ҳаққоний” каби ўз ҳудудларида фаол барча қудратли жангари гуруҳларга бундай буёғига ҳарбий амалиётлар сиёсатини қўллашларини баён қилиши арафасига тўғри келган.

Тасодифми?

Генерал Абдулрашид Дўстумнинг Шибирғондаги танқидлари янграган бир кунда эса, Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний миллий хавфсизлик идорасига бутун мамлакат бўйлаб террорчи ва исёнчиларни йўқ этишга расман буйруқ берганди.

Афғонистон парламентидаги сўнгги чиқиши ва янги буйруғи эса, ўзи қудратга келган ўтган бир ярим йил ичида Афғонистондаги жангари гуруҳларга нисбатан бирламчи сиёсати сулҳу мадора бўлишини таъкидлаб келаётган афғон раҳбари мавқеидаги кескин ва муҳим ўзгариш сифатида талқин этилганди.

Президент Ғанийнинг кутилмаган қадами толибларнинг Афғонистоннинг қатор шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларидаги ҳужумлари баробарида пойтахт Кобулда уюштирган ва ўнлаб оддий инсонларнинг ўлимларига сабаб бўлган қонли ҳужумлари ортидан кузатилганди.

Қурбонлар аксариятининг тинч аҳоли вакиллари экани эса, мамлакат ичкарисида кескин акс-садо берган, ҳатто, парламент кун тартибига чиққан, махсус норозилик амалиётларига қўл урилган, барча бирдек афғон ҳукуматини исёнчиларга қарши қатъий ва амалий чора кўришга ундаганди.

Айрим таҳлилчилар афғон можаросига оид янги стратегиясини президент Ғанийнинг бу йилги баҳорги амалиётларига оид баёнотида ҳам тинчлик масаласида бир сўз демаган Афғонистон Толибон ҳаракати билан дипломатик йўлда иш олиб боришдан ҳафсаласи пир бўлганлигига йўйишган.

Аммо орада бунинг аслида бирор бир амалий мақсадларни кўзламагани, мамлакат ичкарисидаги норози кайфиятни бостириш учун номига қилинаётган иш эканини айтган кузатувчилар ҳам озмунча бўлмаганди.

Худди шу ўринда таъкидлаш жоиз, президент Муҳаммад Ашраф Ғаний биринчи муовинининг ўзининг жангариларни йўқ этишга оид буйруғи билан бир кунда янграган танқидларига, ҳозирча, бирор бир тарзда муносабат билдирмаган.

Умидлар

Афғонистон биринчи вице-президенти, генерал Абдулрашид Дўстум матбуот котиби Шаҳбоз Ирожнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, шимолдаги сўнгги ҳарбий амалиётларини тез орада қайта бошлаш ва шимолий Сарипулдан тортиб, шимолий-шарқий Қундузники қадар хавфсизлик билан боғлиқ вазиятини яхшилаш умидидалар.

“Афғонистон Миллий Хавфсизлик Кенгашининг генерал Абдулрашид Дўстумдан ташқари бошқа аъзолари, Афғонистон Мудофаа вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, президент Муҳаммад Ашраф Ғаний ҳам бор. Булар ҳаммаси бир жойга ўтириб, умумий бир режаси устида якуний қарорга келишлари билан бу амалиётлар бошланади. Жаноб Дўстум Миллий Хавфсизлик Кенгашига бу хусусда яхши-яхши таклифлар билан чиққан. Аммо ҳизбий масалалар боис, баъзи хавотирлар билдирилган. Лекин, шунда ҳам, кенгашдагилар айнан нимага асосланиб, орада кечган вақт давомида бу таклифларни эътиборсиз қолдиришгани сабаби бизга маълум эмас”, - дейди матбуот котиби.

Унинг айтишича, бундан буёғига Афғонистон Миллий Амният Кенгаши садоқатини англаб етиб, Дўстумнинг режаларига монеълик ва эътиборсизлик қилмайди, деб умид қилишмоқда.

Куни-кеча “Нью-Йорк Таймс” нашрида чоп этилган ва Америка генерал Дўстумга виза бермагани иддао этилган мақолага муносабат билдираркан, Афғонистон биринчи вице-президенти матбуот котиби режадаги сафарнинг бекор қилинишига ҳам айнан мамлакат шимолидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият сабаб бўлганини айтганди.

Афғонистоннинг шимол ва шимол-шарқдаги стратегик жиҳатдан муҳим бўлган Қундуз ва Сарипули сўнгги йилларда толиблар билан бир қаторда хорижий жангарилар ҳам энг кўп фаоллашган вилоятлардан саналишади.

Маҳаллий масъуллар толиблар билан бир сафда жанг, айрим ҳолларда эса, уларга, ҳатто, бошчилик қилаётган бу жангариларни яқинда Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига тўлиғича байъат келтирган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларига нисбат беришади.

Аммо, Сарипул вилоят кенгаши раиси Муҳаммаднур Раҳмонийнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, ўз ҳудудларида фаол бўлган уч мингга яқин толиблар орасида ҳам ўзбекистонликлари дохил хорижий жангарилар оз эмас.

Вазият

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Сўнгги йилларда устма-уст ҳужумлари ортидан, жангарилар вилоят марказига қадар кириб боришга муваффақ бўлган Қундуз ва Сарипулдаги кўплаб туманларнинг назорати қўлдан кетишига оид хавотирларнинг ошкора тус олганига анча бўлган.

Шу кунларда Афғонистоннинг Туркманистон ва Тожикистонга бевосита чегарадош Фарёб, Бадахшон ва Тахор вилоятларида ўзаро жангларнинг ҳануз давом этаётгани, бу вилоятларнинг айрим туманларида афғон ҳукумат кучлари жангарилар қаршисида танг аҳволда қолишгани ҳам айтилади.

Худди шу манзарада Ўзбекистон ва Тожикистондан келувчи муҳим электр таъминоти тизими ўтувчи ҳамда сўнгги йилларда хавфсизлик билан боғлиқ вазияти жиддий ёмонлашган шимолий-шарқий Бағлон вилоятида ҳам жанглар қайта бошланганига оид хабарлар олинмоқда.

Шу йил бошида эса, Ўзбекистондан келувчисининг учта симёғочи портлатиб юборилган, бунинг натижасида Афғонистоннинг пойтахт Кобул дохил яна бир қанча вилоятлари ҳафталаб электр токисиз қолишганди.

Бағлонлик масъуллар бу ишни толибларга нисбат беришган, аммо Афғонистон Толибон ҳаракати кескин раддия билан чиққанди.

Абдулрашид Дўстум ва шимол

Генерал Дўстум Афғонистоннинг асосий ўзбеклар яшовчи ва Ўзбекистон билан ҳам бевосита чегарадош шимолидаги энг қудратли сиёсатчилардан бири саналади.

Собиқ коммунист ва афғон ўзбеклари етакчиси ҳам саналган Абдулрашид Дўстум узоқ йиллар Толибонга қарши урушиб келган.

Генерал Дўстумнинг кучлари АҚШ бошчилигидаги халқаро иттифоқ қўшинларининг дастаги билан 2001 йилда Афғонистонда Толибон тузумини қулатишда муҳим ўрин тутган.

Бунинг ортидан, янги афғон ҳукуматидаги расмий амали у қадар баланд бўлмаса-да, аммо амалда таъсири жуда кучли бўлгани эътироф этиб келинган.

Ҳали 2012 йилда "Миллий Исломий Уйғониш" партияси раҳбарининг Толибон билан музокараларга рози бўлгани ҳақида хабарлар ўртага чиққанди.

Буни ўшанда Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида унинг муовини ҳам тасдиқлаганди.

Аммо...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Орадан бир муддат ўтиб, генерал Дўстум Толибон билан қудрат бўлишиш Афғонистонда яна фуқаролар урушини келтириб чиқариши мумкинлиги билан ҳам огоҳлантирганди.

Ўзи Афғонистон президентлигига асосий номзодлардан бири сифатида кўрилган Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг 1-муовини сифатида иштирок этган ўтган йилги сайловлар арафасида эса, ғолиб чиққан тақдирларида мамлакатга тинчлик келтиришларига кўзлари етишини баён қилганди.

Бу масалада иш фақат дипломатия билан битмаслиги, қатъият ҳам лозим бўлишини урғулаганди.

“Бир томондан террорчилик, бошқа тарафдан Толибон, буёғи қуроллилар, яна коррупция...Худди шундай вазиятда Афғонистонда хавфсизликни таъминлашга қодир кишилар керак. Мен, ҳеч бўлмаганда, Афғонистоннинг бир қисмида ё гап ва ё аксиламал билан тинчлик ўрната олишимга кўзим етади. Президентнинг муовини бўлиш билан бирга, ўз полиция, қуролли кучларимиз ва бошқа генераллар билан ҳамкорликда, улар билан ўз тажрибаларимни ўртоқлашган ҳолда бунга муваффақ бўламиз, деган умиддаман”, - деганди генерал Абдулрашид Дўстум.

Толибон ва ...

Толибон ҳаракати эса, сўнгги президентлик сайловларидан тортиб, янги миллий бирдамлик ҳукуматини ҳам тан олмаслигини баён қилган.

Уларга қарши ўз ҳужумларини давом этдиришга ваъда берган.

Ҳаракатнинг ўзи эса, ярим йиллик сайлов бўҳрони сабаб, янада кучайишга муваффақ бўлган.

Устига устак, жаноб Ғани иқтидорга келиши ортиданоқ, расмий Вашингтон билан собиқ ҳамкасби Ҳомид Карзай қарийб бир йилча ортга суриб келган муҳим хавфсизлик битимини ҳам имзолаган.

Янги хавфсизлик битими 2014 йилги оммавий сафарбарлик ортидан ҳам, ўн мингдан ортиқ хориж аскари ва улар қатор ҳарбий базаларининг Афғонистон тупроғида қолишига қонунан изн берганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бошқа томондан, Афғонистон қайта зўравонликлар гирдобига ботаркан, орада президент Барак Обама Афғонистондаги АҚШ ҳарбийларининг ваколатини ҳам кенгайтирган.

Уларнинг толибларга қарши жанг олиб боришларига изн берган, исёнчиларга қарши курашларида афғон хавфсизлик кучларини ҳаводан туриб дастаклашга ҳам ваъда қилган.

Афғонистон Толибон ҳаракати эса, ўтган йиллар давомида афғон тупроғида бирор бир чет эл аскари бўлишига кескин қарши эканини ошкора баён этиб келади.

Таҳлилчиларга кўра, сўнгги икки воқеълик ҳам толибларнинг жиғига тегмай қолмаган.

Айнан хорижий қўшинлар боис, ўтган 15 йил давомида ҳаракат билан турли даражада тинчлик музокаралари олиб бориш уринишлари деярли самара бермаган.

Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг сўнгги тажрибаси эса, афғон можаросига ҳарбий йўл билан ҳам ечим топиб бўлмаслигининг яна бир исботига айланган.

Аксарият таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича эса, бу муаммонинг якуний ва ижобий ечими Ғарб бўладими, Россия, Хитой ва ёки минтақадаги бошқа йирик ўйинчи давлатлар, алал-оқибат, афғон можаросидан манфаатдор барча томонларнинг сиёсий истак-хоҳиш ва иродаларига боғлиқ бўлиб қолаверади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ