Экстремизмда айбланганларнинг хотинлари қандай яшайди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Тожикистонда биргина охирги йилда терроризм ва экстремизмда гумонланиб ҳибсга олинганлар ва маҳкамага тортилганлар сони ўнлаб марта ошган.

Ҳибсга олишларнинг янги оқими Тожикистон Олий маҳкамаси ўтган йил сентябр ойида Марказий Осиёда ягона Ислом партиясини террористик деб топиб, унинг фаолиятини тақиқлаши орқасидан бошланди.

Ҳукумат мамлакатда радикал кайфиятдаги фуқароларнинг фаоллашаётганидан жиддий хавотирда эканини билдиради.

Айни пайтда ҳуқуқ фаоллари терроризм ва экстремизмга қарши кураш тожик ҳукуматига ўзининг сиёсий мухолифлари, мамлакатдаги ўзгача фикрловчилар ва фаоллардан ўч олишнинг қулай имкони бўлганини айтадилар.

Таҳлилчилар фикрича, ҳукумат томонидан қатағон кутилган натижаларни бергани йўқ, балки аксинча, радикал кайфиятдаги фуқаролар сони кўпайтиради, хусусан, терроризм ва экстремизмда айбланиб қамалганларнинг қариндош-уруғлари орасида ҳам албатта.

Расмий Душанбе конституцион тузумни ағдаришга уринишда гумон қилганлар устидан маҳкама жараёнлари қонунчиликка зид равишда ёпиқ тарзда ўтқазади.

Ҳибсга олишлар ва маҳкамалар ортида гумондорларнинг яқинлари тақдири деярли эътиборсиз қолаверади.

Ҳуқуқ фаолларининг айтишича, бу инсонлар яқинларининг аҳволи ҳавас қилгулик эмас. Улар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, хавфсизлик хизмати ходимларининг доимий кузатув ва босимлари остидалар.

Би-би-си мухбири Анора Саркорова терроризмда гумонланаётганларнинг бир нечтасининг хотинлари билан учрашиб, гаплашишга муваффақ бўлган. Улар турмуш ўртоқлари ва қариндошлари қамалганидан сўнг ҳаётлари қанчалик ўзгариб кетгани ҳақида гапириб берганлар.

Валамат Иброҳимзода

Илгарилари биз ҳеч қачон эшикларимизни қулфламас эдик. Ҳозир қўрқамиз, бирор-бир провакация уюштирилишидан қўрқиб, доим қулфлаб ўтирамиз. Агар эшик қулфланмагандек туюлса, югуриб бориб қулфлаб келаман. Мен уйга портловчи модда ташлашларидан ёки кимдир отиб кетишидан қўрқаман. Чунки ҳукуматнинг ишонишича, биз террористнинг оиласимиз.

Эрим Раҳматулло Ражабов билан 34 йил бирга яшаб, беш болани тарбиялаб келдик. Ҳаётда ҳар хил-яхши ҳам, ёмон ҳам кунлар бўлган. Бироқ мамлакатда тақиқланган Ислом партиясининг аъзоси бўлган эримни қамаганларидан сўнг менинг ҳаётим бутунлай ўзгариб кетди. Қўрқув ва тушкунлик бизнинг бугунги ҳолатимизни акс эттирадиган сўзлар бўлиб қолди, дейди у. Қизимни эри ташлаб кетди. У террористнинг қизи билан яшамаслигини айтди. Биздан қариндошлар юз ўгирди. Биз билан муносабат ўзларига таъсир қилишидан қўрқишади. Уларга бизнинг уйда камера ўрнатилгани, кми биз билан гаплашса, камерага тушиб қолишини айтиб қўрқитишган орган ходимлари.

Мен эримнинг айбдорлигига ишонмайман. У бундай одам эмас, тинчликни хоҳлаган ҳамиша. Совет даврида экономист бўлиб ишлаган. СССР тугагач, Тожикистонда иш топиш қийин бўлиб қолди. Эрим қаерда иш бўлса, ўша ерда ишлай бошлади. Мен эса болалар тарбияси билан шуғулландим. Собиқ вазир ўринбосари Абдуҳалим Назарзода айбланган ҳарбий тўнтаришга уриниш куни биз эрим билан тўйда эдик.

Эрим оиланинг асосий боқувчиси эди. У қамалгач, биз пулсиз қолдик. Ҳозир дуч келган ишни қилиб пул топишга мажбурмиз. Фақат оилани боқиш эмас, эримга ҳам овқат олиб бориш керак.

Дилбар Гургова

Менинг эрим Мудофаа вазирлигида оддий ҳайдовчи бўлиб ишлар эди. У генерал Назарзоданинг ҳарбий тўнтаришида қатнашганликда айбланиб қамалди, лекин у билан бирга ишламаган ҳам.

Эрим озодликда пайти, биз бирга ишлаб, беш болани боқардик. Душанбе шаҳрининг чеккасидаги ётоқхонада бир хонани ижарага олгандик. Каттароғига пулимиз етмасди. Мен бозорда кўкат сотар эдим. Биз бой бўлмасак ҳам, ҳаётдан мамнун, бахтли эдик.

Эримнинг қамалишидан сўнг, ҳаммаси ўзгарди. Мен иложсизликдан Президент Раҳмонга очиқ хат ёзиб, болаларимни интернатга жойлаштиришни сўрадим. Мен бир ўзим уларни боқа олмай қолдим. Бошқа иложим йўқ эди. Лекин менга рад жавобини беришди.

Кўкат сотиб юрган бозордан ҳам мени ҳайдашди. Ҳозир мен фаррош бўлиб ишлайман. Баъзан мен ўзимни ўлдирмоқчи ҳам бўлдим. Эрталаб болаларим овқат сўраганида, мен уларга ҳеч нарса бера олмайман. Мен онаман. Болаларга тушунтириш қийин, нималар содир бўлаётганини. Боланинг азобланишини кўриб туриш бундан ортиқ даҳшат бўлмаса керак. Доимий овқат емасликдан улар касалланишди, лекин касалхонага ҳам олиб бора олмайман, пулим йўқ.

Нисо Жўрабекова

Эрим дастлаб қамалган пайтлари мен қандай яшашни билмай қолдим. Худди тушдагидек, 1937 йил филмлари кадрларидек. Эрим билан уч фарзандни тартиялаб келдик. У оила боқарди, мен болаларимга қарардим. Эрим Маҳсмадали Ҳайит саккиз ой бўлди қамоқда. Пул йўқлиги мени ташвишлантирмайди. Руҳий ҳолат жуда оғир. Мен ўғилларимнинг тақдиридан хавотирдаман

Улар мактабга борганларида, мен қўрқиб ўтираман. Тўсатдан қамоққа ёки гаровга олсаларчи ёки ўлдириб кетсаларчи деб. Эрим билан содир бўлган воқеадан кейин мен адолат ва қонунга ишонмай қўйдим.

Экстремизмга қарши кураш оддий халқ учун қўрқинчли бир нарсага айланиб қолди. Бу ҳукуматни қониқтирмайдиган барча одамларни йўқотишнинг қулай усули.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга кирингglobal citizenshipglobal citizenship